index page

Hamdam Zakirov's Literature Archive (in russian)


FerLibr

главная   |   на сайте   


главная
на сайте

АБДУЛҲАМИД ИСМОИЛ:
Муртад
Тўртинчи мақом

Мушкилоти Дугоҳ

Таснифи Мушкилоти Дугоҳ

Яна бозгўйдан бошладик. Буни сезган сезади, сезмаган жўнроқ матн ўқигандек, кўзини югуртиришда давом этаверади. Бирозмунча ўзимни оқлаб олдимда, воқеа шу ерда тугади деб ўйлаган шошқалоқ ўқувчига: асло, аксинча, энди бошланди деб айтишим керак. Биз тин оляпмиз, нағмани ҳазм қиляпмиз. Орада бирозгина сир очиш чоғи ҳам етди.
Устоз кўрганлар айтишар: чолғу мушкилотининг луғавий маъноси қийинчиликни англатаркан, бунда ўнғай йўл кутмакнинг ўзи ё нодонлик, ё калтафаҳмлик. Йўқса Матмуса дуторида нуқул бир пардани чалиб, сенлар қидирган маънони мен мана топдим! – деганидан бўларди.
Мушкилотни озгина тасниф этганга аёнки, чолғуда хона дегани бор, бозгўй деган мавжуд, усул дегани намоён. Буларнинг-да ҳар бўлимга яраша сони бор, саноғи бор. Айтмоқчи бўлганим – воқеа воқеъ бўлар, бироқ уни айтиш йўлу-услуби – бошқа. Буни куни кеча иннглизчада бир шеър ёзиб келган ўспирин ўғлим ҳам англаб етибди:

The wind whistles a familiar tune
To its own pleasing.
Even if the tune is warm,
But the wind is still freezing.

Эркин таржимада:

Шамолнинг хуштаклаган таниш нағмаси
ўз-ўзига ёвуқ.
Бу нағма илиққина эса-да
Шамолнинг ўзи барибир совуқ...


Таржеъи Дугоҳ

Бу кез яна сир бор. Усул илғайдиган одам дарров ушбу бошланғич жумладан таржеънинг: тан-тан-тана-тан-тан зарбини чиқариб олади. Аммо ҳар ким ҳам усулларни англавермайди-да, андин ўйинимни ўзим ошкор этиб, ўзим айтяпман. Аждодларимиз сийрату суврат, зоҳиру ботинлар ҳақида чарчамай ёзишган. Ўқиган одамга ишора этиб Мавлоно Румийнинг:

Кир дид, каду надид

масалини эслатиш кифоя. Бу шамани илғамаганга эса соддароқ ҳодисани оғизлаб бера қолай.
Лондонда Ravenscourt деган бир азим боғ бор. Инглиз боғларини биларсиз – ҳадсиз, дарахтлари оғинчсиз, ҳовузлари мусаффо. Ончоқ бу боғни кезарканмиз, боғ четидаги панжара кетида муҳташам иморатга кўзимиз тушади. Кун ботишида бир талай инсонлар ташқарида овунчу, севинчу, қувонч ила чой ичиб ўтиришибди. Ҳавас қиласан киши.
Бир куни аллақандай тантанавор зиёфат берадиган бўлдигу, бу зиёфат тантанасига яраша жой қидиришга тушдик. Бехосдан бояги боғ чекасидаги бино эсимга тушдию, анчадан бери кўнглимга тугулган тилак мутмайин бўладиган кўринди. Машинага ўтириб ўша боғни чамаладигу, сал етмасдан қуюқ дарахтлар орасига ҳайдадик. Дарахтзор йўлнинг икки чекасида қалинлашибу ёввойилашиб борар, бундан биз ҳам: “Зап жойни омочлабмизми!” – дея орзиқиб олға интилардик. Ниҳоят қоронғу беша бирданига очилиб, бояги муҳташам иморат бор кўркини кўзимизга чоғлади. Машиндан тушиб, бино ичига қадам ташладик.
Баҳаво қабулхонада маъмур мудраб ўтирар, инглиз тилимдаги энг нозик латофату зарофатларимни сайлаб, мен унга хитоб этдим: “Бегим, – дедим, – фақирингиз рўшнои зиёфат бериш тараддудида ҳузурингизга қадам ранжида айлабмизки, оё бул заминаи муборакни сиздин биз ижора этуб, хотири малулимизни шод айлаб билсак бўлур?” Кўзини ланг очган маъмур аввалига ўқчигандек, кейин дудуқлангандек бўлди, сўғин телефон гўшагини олиғсагандек; бироқ бирдан ўнгидаги қип-қизил тугмани босди. Дам ўтар-ўтмас учта барзангидек эркак рўпарамизда эртаксимон девдек муҳайё бўлиб, маъмурга таъзим қилишди.
Кейин билсак, бу кўркам бино шаҳарнинг энг салобатли жиннихонаси экан.

Гул уза анбар ёзилди зоҳир эткач ёр хат...


Гардуни Дугоҳ

Яна бир поғонага чиқ дўст. Энди огоҳимдан сўнг Гардуннинг усулини билган ҳам, билмаган ҳам чиқара билса керак: Тана-тан-тан-тана-тан-тан-тан. Балли! Офарин! Бундан буёғига айтмасам ҳам, недан Гардун Мушкилотнинг энг мураккаб қисми эканлигини ўзингиз фаҳмлаб олаверарсиз. Мен зоҳирини сўйласам, сиз ботинини англайверасиз.
Менинг ўрис бир жўрам бор. Ўрис дейману, унинг отаси уруш йилларидан сўнг қулоқ қилиб Бухородан Русиянинг жанубига пахта экиш учун сургун қилинган. Ўша жанубий Русиянинг қишлоқларидан бирида у ўрис хотинга уйланиб, ундан ўғил кўради. Жўрам деганим худди шу ўғлон бўлади.. Жўрам уч ёшга тўлганида бухоролик отасини яна бир бор бадарға қилишади-да, ундан ҳам нари – Украинага жўнатишади. Шу бўйича ота дом-дараксиз йўқолиб кетади. Жўрамнинг онаси ой кутади, йил кутади, хабар бўлмагач, урушдан қайтган маймоқ ўрислардан бирига турмушга чиқади. Ундан жўрам ҳозирги исму-насабини орттиради.
Жўрам эл қатори ўқиб, униб, катта одамга айланади. Мамлакат уни танийди. Бошқалар битта-иккита туғишганда, у тўртта баракали қизнинг отаси бўлади. Иззат бор, шуҳрат бор, бадавлатчилик, бироқ бир ўй эговлайди жўрам ичини: ота қайғуси. Юраги оқсумлайди, ичи талотумга тўлади, бир неча бор ғалаёнга чидаёлмасдан, отасини қидиришга тушади, аммо билгани – фақат отию, қарийб ёши – иш бермайди.
Яқинда жўрам олтмишга тўлди. Олтмиш бир ёшида эса унинг отаси топилди. Отаси топилди деганим – у ҳақдаги хабар топилди, чунки отанинг ўзи бундан йигирма йилча муқаддам оламдан кўз юмган экан. Яқинда жўрам Бухородаги қишлоқлардан бирига отасининг оиласинию, ундан қолган болаларни – ўзининг бир отадан туғилган укаю-сингилларини кўргани бориб келди.
Янги топилган сингилларидан бири – тил бошқа бўлса-да, дил бир эмасми, – сандиқ очиб, отасининг ўз ўрис ўғли ҳақидаги газеталардан қийилган мақолачаларни жўрамга тутқазибди... Оти бошқа эса-да, билган экан отаси ўз қонини, бироқ бизнинг Муртазомиз отасидек у ҳам бузмабди ўз ўғли ҳаётини, бу ҳаётга суқулиб кириб бормабди... Ана гардун ишлари, дод-дод...

Муллалар илмига мағрур, омилар исёнга ғарқ,
Кас не билгай рўзи маҳшар кимнинг тоши кам келур...


Пешрави Дугоҳ

Айтганларим бир боқишда сочма-сочар кўринса-да, бари ҳикоямни сезимсиз олға суришмоқда. Дейлик, бурунроқ Отагелди деганимнинг қишлоғидаги бир йигит ўз қариндошу-уруғидан ўпкалаб, китоблардан ўқиб олган баҳоийлик динига ўтган экан. Бағрикенглик қилибми, ё боқи-беғамликдану, парвои фалакликданми – биров унинг мушугини пишт демабди, билган бўқингни е дегандек, сўз қотмабди. Баҳоий йигит ҳам ўзини ўзгур йигит деб билиб, ўз-ўзича нурга тўлиб юрибди. Орадан учми, беш йил ўтибди. Йигитга ҳеч ким қизини бермабди. Урмабди, сўкмабди, сенга берадиган баҳоий қизимиз йўқ дейишибди холос. Йигит ҳам биронтаси билан айиқлашмабди, бироқ бўлажак ёлғизликнинг қўрқинчу-айманчиданми аллақандай касалликка чалинибдию, йил эмас, ой эмас, ҳафта ичида сўлибдию-ўлибди.
Ана энди унинг жанозасини ўқимаслик ҳам майлию, аммо мозордан жой ҳам беришмабди ҳамқишлоқлари. Бутун улусга ёлғиз баҳоиймасми, кўмадиган диндошлари ҳам топилмабди унинг. Ярим кечада масжиднинг дарвешнамо сўфиси Мулла Напас майитни чўлга судраб, амал-тақал қилиб кўмиб келибди.
Ҳикоядан хулоса: бошида сочма-сочар туюлган бир қадамнинг охирида очилар маъно касб этиши... Мулла Напаснинг ўзи айтмиш:

Сандирар қўлларим, қаламим тутмас,
Шунча кўп ўйлансам, фикирларим етмас,
Тишларим босмайди, еганим ўтмас,
Ул боқий тарафга юргандир кўнглим...


Дугоҳ Самои

Қумдаги муллабачани унутаёздик. Пешагуфтор бу йигит – унинг Кабир деб аталишини ҳам айтиб қўяйлик – илм талаби ёнида урфон йўлидан ҳам муътафид бўлуб, замонининг муқтадоси Шайх Офоғи Табризий хонақосию қалин муридлари аро хулафолик иштиғолида эрди. Файзу камолот бобида шарҳу қиёсдин ташқари ул шайх бир китобда ёзилганидек: “Ҳар қачон самоъга кирса эрди, бовужуди улким усул қоидаси била ҳаракоти мувофиқ эрмас эрди, аммо ҳалойиққа андак асар қилурким, кўп эл йиғлар эрдилар”.
Ул сафар ҳам эврушғону ўқулғон мурид эли қатори солик Кабир самоъ пайтида синграб ўтирар экан, нам кўзи хонақоҳ зайлида юшунган увоғ-ушоқ бир ўғлонга тушди-да, ўтрудаги қавволнинг зикрбарор сўзларию, шайхнинг турфа аҳволи хотиридан кўтарилди. Қанча зўр бериб атрофдаги аҳли самоъга ўтканмасин йигит, қўл-аёғи ёдайиб, кўзлари ўркудайиб, хаёли ўшал барно бача томон ўшуқаверди. Ўзуни ёзғурди Кабир, койиди, бари ўкта, ёва, зоеъ кетди. Ёлиқди йигит, юраги тамшанди, жони эмганди, ўзлугини енголмади, эгнини эгса-да, эсини эзолмади.Ушмундоқ усрукланди Кабир ўшанда.

Чун мани базми азалда айлади ул ёр маст,
Шул жиҳаттин кўринур бул жисмима дайёр маст...


Мухаммаси Дугоҳ

Илло буларнинг барини ўйин деб билманг! Тун оқшом кўрган тушимни айтиб берай, балки шунинг ўзи ҳолатимни шарҳ этар. Ўртаер денгизи каби бир манзара эмиш, мен эса уни негадир Африқо деб билибман. Улкан, бепоён денгиз, устида сарҳадсиз осмон, мен турган соҳил эса – азим, улуғвор тоғлар. Бири биридан буюк, бири биридан муҳташам! Денгизга қарасанг юрагинг увушиб кетади – бу қадар баҳайбат, бу қадар даҳшатли, осмонга боқсанг – кўзларинг тинади – булутлари ҳумрайган қошдек – қалин–қалин, қадам қўйган қирғоқингда эса – қимирласанг, зилзила кўтарилгуси... Ана шу қўрқинчда, яланғоч, беҳимоя ёлғизликда юрагим дукурлаб: мен лаҳза ўтмасдан Унинг юзини кўраман деган ваҳшат ичимда уйғонди. Дир–дир титрадим, изтиробга келдим: мен уфқдан уфққа қадар кўрган манзарам шу қадар ўлкан эса–да Унинг улуғлиги олдида заррача ҳам эмаслигини англаганим йўқ, балки ваҳм этдим! Бошимни саждага урдим: Раҳмон дедим, Раҳим дедим, ёлвордим, юкундим, ёрлиқагин, аягин, ачингин деб илтижо этдим... Қўрқинч ила умид ораси...
Шеърда осон айтилар экан:

Кўрдим ажабо бир маҳлиқони,
                                             ҳайрон бўла қолдим,

Хуснида анинг кўнглим уйи топди зиёни,
                                             раҳшон бўла қолдим

Кайфият чиннидан ҳам юпқароқ нарса. Деразадаги муз нақшларидек балки. Бир дам узоқроқ боқдингми, ҳовурингдан чир–чирс синиб, кўзёши каби сув бўлиб эриб кетади. Эрталаб қишки бир хотира оғушида уйғонибман. Бир туни муҳтарам дўстимнинг чорбоғида, Дўрмонда тунаб қолган эдим. Ухлаёлмадим. Ётоқ қибласини йўқотган эканми, миям ғовлаб кетган эканми, анчадан бери қор кўрмаганимданми, қанча уринмасам – ухлаёлмадим. Китоб ўқидим, бўлар–бўлмас хаёлларга берилдим, олдиндаги кунларни режаладим, ёнимдан–ёнимга ағдарилдим, қани энди уйқу келса. Бир амаллаб бомдодларгача чидадим–да, аста ўрнимдан туриб, ўрин–кўрпамни йиғиб, хайр йўқ – маъзур йўқ, кетимдан темир дарвозани ёпдим–да, далага чиқдим. Қоронғу осмондан паға–паға қор ёғар, агарда Дўрмон даласини билсангиз, тасаввур этарсиз, чексиз оппоқ теккислик, йўл билан дала орасидаги қатор тутлар ҳам оққа бурканиб, бу манзара билан ҳамранг, ҳамоҳанг. Қор оёғинг остида шикоятсиз ғичирлайди. Босган изларинг оппоқ йўл устида қолган илк излар, бир зумда қор уларни ҳам теккислаб кетади. Узоқда сўнгги чироқлар милтирайди. Қорнинг шиддатидан осмон ҳам тим–қора рангдан бироз кўкариб, сўнг оқара бошлаяпти. Осмоннинг қора ранги энди кетсиз жўякларнинг сояларига аста ўтгандек. Ўпкаларинг муздек ҳавога тўлиб–тўлиб тошган. Йўл эса узоқ...

Буларнинг бари – ўзгача мактаб. Бировга тушунтиролмасанг–да, дейлик, “Калвак Маҳзум”ни ҳодисоту–воқеоти учун эмас, шунчаки сўзлар силсиласи сифатида ҳузурланиб, лаззатланиб, роҳатланиб ўқийсан. Сўлакларинг оқиб кетади. Устига кулаверганингдан ёшларинг сирқирайди, юзинг намиқади, кўнглинг бўшайдию, тўлади. Наҳотки адабиётни сўз дея ўқиш мумкин бўлса?! – деб сўрашади мавзую фитналарга кўниккан суҳбатдошларинг. Ҳа–да, дейсан, бунда сўзнинг ўзи, жумлаларнинг қурилишию уланиши – ўзга бир хаёт, буларга на бачкана воқеоту, на тутуриқсиз ҳодисотнинг кераги бор. Афандинамо Калвак Маҳзумнинг ўзи эса – ўзбек борлиғининг инъикоси эмасми? Унинг хаёти бояги каломи муллоларда кечади, бу калимоти муборакка етишиш учун у таҳсили мадрасалар қилғон, падари бузруквори ўнгида гиря оғозлар айлаб фотиҳаи шарифлар олғон, хунасаи кофур болшавойларнинг охир замониға етушуб, кунлари ушмундоқ гуфтугуларни жустужу қилишға қолиб кетғон. Суҳбати номуродлар эса-чи умр гузаронликнинг ўзини аваз этишғон. Буларнинг бари – ўзбекиликнинг ўзгинаси эмасми?!

Онжо ки рангу бўй буд гуфтугўй буд...

Содоғоси кетай машойихларнинг. Нимаики айтибдирлар, ҳаммаси ҳам пурҳикмат-да!


Чоргоҳ мухаммаси

Янгамизнинг отини айтишга ҳам фурсат етди. Унинг отаси ким, онаси ким – ўзидан ташқарию, қайндан истисно ҳеч кимса билмасди, шундан бўлса керак, унинг оти дунё шаршаларидан энг улуғворига бағишланиб Ниагара деб аталишининг сабаби бизга қоронғу. Муртазо эса ўзини гўлликка солиб биринчи кунданоқ янгасини ўзича Нигор деб атай бошлаганди.

Зулфи каби оёғин қўймас ўпишга нигорим,
Йўқдур анинг ёнинда бир қилча эътиборим...

Ҳозирга қадар яннга ё келинойи деб келдик. Бунда ҳам қувлик зиёда. Аслида қайн илк бор номига: “Мана, келинойинг...” – дея ҳазиломуз таништирганини демаса, Ниагара унинг илаштирган жазмани, эрчитган ўйнаши эди.
Қинғир-қийшиқ одамларни чизиш осон. Чиройга келганда – тил лол, қалам ожиз. Шеър қидира бошлайсан, киши, тимирскиланасан, бунисини айтсамми, ё бошқасиними? Биронтаси мос келмайди, жувоннинг бошига қизалоқнинг рўмолчасини ёпгандек – етишмайди. Ўйлаб-ўйлаб, ахир ғариб Шекспирнинг ғариб шеърида тўхтайсан:

My mistress eyes are nothing like the sun,
Coral is far more red then her lips’ red

Сўнгида эса:

And yet by heaven I think my love as rare,
As any she belied with false compare.

Бу шеърнинг эркину-эринчоқ таржимаси:

Севгилим кўзлари заррача қуёшга ўхшамас,
Лаъл эса қип-қизил лабидан анча қизилроқ.
Қор оқдур десалар, севгилим қорнию кўкси оқ эмас,
Сочни сим дейишса, қора сим ичига кўмилмиш тароқ.

Атиргул деганда кўрганман ол, қизил, оқини,
Кўрмадим атиргул севгимнинг ол яноғида.
Зиёдроқ қитиқлар бурнимни атирнинг оқими,
Кўп камрак севгимнинг нафаси – ухлаган чоғида.

Овози ёқса-да, барибир биламан баҳарҳол
Мусиқа оҳанги бу овоз унидан ширинроқ.
Парилар хиромон айлашин кўрмадим мен лол,
Лек қадам босганда нигорим, ерни ҳам босади титроқ.

Бўйласа-да, севгилим – ноёб ифтихор,
Ёлғон қиёсларга ўзни чоғламас зинҳор!


Ҳожихўжа мухаммаси

Дарвоқеъ, Муртазонинг қайнини ҳозирга қадар қайн деб атаб келдик-да, унинг исми Ҳожихўжа ўғли Мирзаҳаким эди. У олчироқ, аййёрроқ одам бўлганлиги туфайли на тўлиқ исмини, на туғилган йилини бировга айтарди. Исм ўрнида ўзига Миша деган лақаб қўйволган ва бу лақабни тўрт бармоғига тамға қилиб босган, бошқа қўлининг тўрт бармоғига эса ўз туғилган йилини муҳрлаган эди. Рост, тўртта рақамнинг сўнгги иккитаси вақти-бевақт ўзгариб турар, жумладан сўнгги 0 бир пайт 6-га айланиб қолар, кейин беш-олти йилда 3 рақамининг ўрнида 5 пайдо бўларди. Рақамлар жодусиданми, бироқ Мирзаҳакимнинг Миша афти-ангори йилларга дош бериб, деярли ўзгармасди, ўша-ўша қийшиқ кесилган қийғоч кўзлар, қинғир буруну эгишик оғиз. Унинг патак бўлиб кетган жингалак сочлари ҳам на тўкилар, на таралар – қотиб қолган уламадек, яғир дўпписининг тагидан мўралаб турарди. На бўйи-баст бор эди унда, на кўрку-қомат, аммо у эргаштириб-эрчитиб юрган аёлларнинг сони минг эди. Йўқ, минг бўлмасин, биттагина янга деганимиз бўлсин, лекин бу ягона жувон ана ўша мингта қизнинг ўрнини босарди...

Орзу этиб ой жамолин кўрмали,
Юзда гулоб, кўзи-қоши сурмали,
Бир паридир, сочи саккиз ўрмали,
Жон оғалар, мени шул ёр ўлдурди...


Чор сархона мухаммаси

Қазоқ чўлларига сургун этилган Муртазо билмаса-да, Нигор-шаршаранинг нечук Миша-Мирзаҳакимга эргашиб келганини биз эшитганмиз. Агарчи ғариб Муртазодан сир тутсак-да, ўша сирни ҳамоно сизга очайлик. Ўрусиянинг яшил ўрмонлари ястанган бир ёзлиқми, қишлоқда чол билан кампир яшар экан. Буларнинг икки ўғли бўлиб, бирини Худодан ўзлари тилаб олган эса, бошқасини боқиб олишган экан. Забун етимни ўгай билмасдан, чолу-кампир ўз фарзандидан-да арзандароқ кўрар, бунинг кетида ўз ўғиллари ўзини суюксиз билиб худрою бетакаллуф ўсибди. Орада чол ҳам бу дунёдаги кунларини поёнига етказиб, оламдан кўз юмибди. Кампир ёлғизликда икки ўғлини вояга етказибди, ўзи сув ичса, буларга сут берибди, ўзи зоғора нон кавшаса, ўғилларига товушқон этини қовурибди. Иккиси барваста йигит бўлиб етишганида, кампир ўз ўғлини чақириб, унга маслаҳат соламан дея, ўз дилини ёрибди: “Ўғлим, – дебди, – мана иккингиз улғайдингиз, менинг эса бу дунёда беш куним қолдими-йўқми, Яратганга маълум. Уканг бизга ўгай, биз уни отанг билан боқиб олган эдик. Етимнинг кўнгли ярим бўлади дея, унга ортиқроқ қараган эсак, кечир бизни. Бироқ отанг васияти бўйича мен уни аввал уйлантириб қарзимни узай, сен эса – ўзимизникисан, шунчага чидаган, яна сўнгги бор бир чидаб берарсан...”
Ўғли ўшанда индамабди, аммо тўй куни қўшни қишлоқлик тошқин Ниагара буларга келин бўлиб тушаётганида, ичиб олган ҳолда бор гапни укаси куёв болага айтибди. Ана кўтарилибди жанжал! Жазаваси қўзиб, ақли зойил бўлган куёв йигит онасини тўйдан ҳайдабди: “Энди кўрмайин сени, қари ғар!” – деб сўкибди.
Кампирнинг кўнгли эзилибди, оғрибди, ахир икки ўғлидан безибди: бири унга хиёнат этган бўлса, иккинчиси – қувибди. Аҳ, бегона сўзлар:

Эй, сафобахши баҳорим, бўстоним қайдасан?
Нури дийдам, мушфиқим, оромижоним қайдасан?
Эй тириклик боиси, сарви равоним қайдасан?
Ёлғузим, уйда рафиқи ғамгусорим қайдасан?
Волидам, Маккам, Мадинам, меҳрибоним қайдасан?


Ашқулло сақили

Аксинча, йигитлар, икки ака-ука энди топишгандек бўлишибди. Бирга ичишибди, бирга гурунг қилишибди, бирга сотилгану ҳайдалган онасидан қолган уйда ору-армонсиз яшашибди. Тўйнинг ҳам қирқи ўтиб (чилласи чиқиб демоқчи эдим, аммо ўрислар чиллани билишармикан?), хуллас, қирқи ўтиб маишат қирқилгач, куёв болаю унинг хумор акаси ишга чиқишибди, жўшқин Ниагара эса уйда қолиб, деразага боққанича қариқиб-зерикиб ўтирибди.
Ука ўрмонда қарағай қулатар, ака эса дўконда арақ сотар экан. Бир куни қор ёғиб қарағай саржинлаш имконсиз бўлгач, ука уйига бурунроқ келади, қараса – қор ёққан йўлагу бўсаға оппоқ, эшик эса ичидан тамбаланган. Бу паға сукутни бузгиси келмай у молхона тарафидаги орқа эшикдан уйига кириб боради. Уйида эса қип-яланғоч тиши яп-яланғоч урағутни уриб ётибди...
Молхонадан қўлига тўғри келган паншахани олиб, ҳайқира устиларига бостириб киргунича бу икки зинокор шаталак отиб бояги оппоқ бўсағаю, оппоқ йўлакка яланғоч қочишибди. Ана энди бир оилада бари барига душман бўлибди.

Нафс эли бўлди бари осима сер,
Қочғали ҳам турғали йўқ эрди ер...


Насри Дугоҳ

Сарахбори Дугоҳ

Мушкилотимиз битса-да, ҳикоямиз давом этади. Муртазо қазоқ чўлларининг қоқ ўртасидаги жазо жамлоғига тушгач, илк туйғуси – ўзини йўқотиш эди. Фузулий айтмиш:

Ман кимам? Бир бекасу, бечорау, бехонумон,
Толеъим ошуфта, иқболим нигун, бахтим ёмон...

Сени қуршаган атрофингдагилар каби бир бенишон кийимга кийинтирилгач, булар қатори бир бемаза овқатни есанг, бирга ётсанг, бирга турсанг, ҳатто сассиқ хожатхонага-да бир топда борсанг, маҳбуслардан бири айтмиш: “ичганингу чичганинг бир бўлса” – ўзлигингдан нима қолади бу дунёда?!
Муртазонинг ҳолатида эса бояги милтиқ тутган бир-икки майда қозоқ аскарини демаса, бирон-бир кимса на унинг атоқли ҳофизлигини билар, на ит уриштиришидан хабардор, ва на ҳаттоки унинг беайблигига ачиниш у ёқда турсин, қизиқиб ҳам боқмасди. Шундан маҳбус издиҳом нима қилса Муртазо ҳам шуни қилди: калтак еса – калтак еди, ғоз юрса – ғоз юрди, ишла деса – ишлади, куйла деса – куйлади. Бошлари қўғалаб, қўллари қавариб, оёқлари ришталаб биринчи йилини битираётганида, кутилмаганда Муртазо номини унутаёзган Муртазони йирикроқ қозоқлардан бири идорасига чақириб қолди.
Қиш куни эди. Қазоқ чўлларида қиш нечоғ аёз бўлишини билсангиз керак. Ускурукли изғирину бурганак, қўлу юз дўмбиққан, тўнгламай деб бетингни тескари бурсанг-да, қор учқунларидан ўзингни беркитолмайсан. Суякларни сирқиратган совуқ. Юраклари така-пука, етиб борса, қайси кўз билан кўриб, қайси қалб билан ишонсинки, хонада янгаси Нигор кутиб ўтирибди.

Нигори гулбаданимни тушумда кўрсам эдим,
Лаби шакар шиканимни тушумда кўрсам эдим...

Хаяжонидан тили танглайига ёпишиб қолган Муртазо миқ этолмасдан, фақат кўзидан сокин ёшларини оқизармиш... Нигор ҳам унинг ҳолатини тушунгандек, оҳиста ўнгига келиб, пешонасидан ўпибди, сўнг қўлидан олиб, ерга михланган курсилардан бирига бошлабди. Бир маҳал нам босган кўзларини муштумлари ила артиб қараса Муртазо, хонада оппоқ Нигордан ташқари тўппонча тутган йўғон қозоғу, унинг ёнида поктийнатроқ, аҳли толибваш муллобача ўтирарди. Маҳаллий хатиб деб ўйласа, янгаси ўз тилида: “Мана, чўл босиб бирга келдик!” – деб таништирса бўладими! Ана ёнди шунда Муртазо: қайни Мирзаҳаким ҳам чекада қолиб, зариф ва раъно бу йигитга қизғанса бўладими Нигорини! Мирзаҳаким ҳам чекада қолиб, – деган эдим, ўйлаб боқса, Мирзаҳаким номидан ҳам ушбу латифу абдолваш муллачага рашк қилаётган экан тардомон янгасини.

Ишим чу хонақа шайхи била тузалмади, кош
Ки эмди майкада пириға илтижо қилсам...

Муртазонинг кўнглидан бу сатрлар кечдию, у бехосдан кулиб юборди, чунки унинг занглаб бўлган мияси “майкада” деганида майхонани эмас, балки майкачан пириға илтижо қилишни тасаввур этганди. Кулгу кенглигида у келиб хуштабъу дарвешваш бу йигит билан қучоқлашди.


Биринчи таронаси

Бояги ялпоғ юзли улкан қозоқ ҳам Итбаснинг узоқ туғанларидан эканми, ё елтўқсон ойида буларни тун бўйлаб жўнатишга кўзи қиймадими, ё-да ким билсин, Муртазо билан Ниагарини эру-хотин хисобладими, ҳар қалай уччовига икки ётоқлик қўш хонани ажратди-да, ўзи узоқ ялдо тунини илиқ оиласи бағрида кутгани шошилди. Ялдо кечаси демадимми, анча пайтга довур булар чой ўрнига қайноқ сув ичиш баҳонасида суҳбат қуриб ўтиришди. Бир маҳал темир панжарали ойнада учма булутларни ҳайдаб ўз ҳоласига ўралган ой кўриндию, Нигор Муртазою муллабачага: “Энди ётамиз!” – дея, ўзи қўшни хонага чиқиб кетди.
Айтмадимми, қўш хонада уч кишига атиги икки ётоқ ажратилган эди, илож қанча, Муртазо муллабача билан ёстиқ бўлишди. Муллабача Муртазонинг битидан қўрқдими, ё қасмоғлаб кетган бошиданми: юпқа кўрпанинг ўз қисмини бошига буркадию, тескари қараб: “Ётдим ёним билан, турғизгин имоним билан!” – дея, ҳамоно уйқуга кетди. Муртазо қани ухласа-чи! Умрида илк бор у Нигор билан бир том, бир шип остида, ҳатто орасида эшиги бўлмаган қўшни хонада ётган эди-да! Аёлнинг тиниқ нафаси Муртазо ёнидаги муллабачанинг уйқу аралаш алжирашларидан-да устун келиб, Муртазонинг динг қулоқларини ширин васвасаларга тўлдирар, бундан ўксулган жисмида аллақандай йигитлик ўқчиб-ўқчиб урар, бироқ шаршара кўтарган мавж қирғоққа урилгани каби, орада дўмпайган муллабачанинг пўк тани айилмаган иштиёққа арғадол тўғон бўлиб ётарди.

Лолагун қабо жайбин тугмасин очиб гоҳи,
Гул ёқосини чок эт, ғунча бағрини қон қил...


Иккинчи таронаси

Ялдо кечаси йилнинг энг узун кечаси эмасми, энди кунлар узая бошлайди деган майин умидда кўзи илинган Муртазо поёнсиз кечанинг бир маҳали иштони ҳўллигидан уйғониб кетди. У довдиради, алдаради, бир амаллаб муллабачанинг ҳурпайган довонидан ошиб, ошхона томон ошиқди. Бадрафхона ташқарида, музлаш ҳам майлию, эшик очса – барини уйғотиб юборғуси саросимага солди уни. Иштонини ҳовучлаганича, эндигина жумракни аста очган ҳам эди, ётган муллабача: “Бомдод вақти бўлдими?” – дея, ётган еридан шивирласа бўладими?! Куфри ошиб, тоза сўкди ичида уни Муртазо, ўнгида эса: “Йўқ, чанқабман чоғи, майли, бекамизни уйғотмайлик!” – деганича, уни гум қилди. Жон ҳолатда шарманда доғларини ишқаб-ишқаб ювган Муртазо, шоша-пиша иштонини сиқди-да, тескарисига олиб – ҳўл томонини кўтига кийиб – яна ўрнига қайтди.
Нигор ўз ётоғида кулча бўлиб аҳён-аҳён уҳ тортибми, лабларини чўлпиллатибми, хайриятки уйқу домида эди. Ҳўл кўтини муз деворга босганича, Муртазомиз яна бебаҳра ўйларга чўмди.

Ҳажрингда бу тун кўнгулда қайғу эрди,
Васлингга етишмадим, жиҳат бу эрди,
Оҳим тутуни бирла кўзумнинг ёшидин
Йўл балчиқ эди, кеча қоронғу эрди...


Учинчи таронаси

Шунча вақтдан бери асари қолмаган йигитлик ҳароратидан Муртазонинг нам иштони ҳам қуриди. Муллабача эса саҳарга яқинроқ чоғ ушуб қолдими, бу ҳароратнинг ўчоғига орқасини ўгириб суянди. Магар уни ҳам оҳлар тутуни элитдими, бомдодига уйғонмади, токи бутун жазо жамлоғига навбатчи бонг урмади. Сапчиб ўрнидан қўпган Муртазо эгнига устки кийимларини ташлади, алланечук утанишда на ширингина керишган муллабачага, на қўшни хонадан ички либосида чиқиб келган паҳмоққина Ниагарага боқди. Тун можаросини унутмаган жумрак остида апил-тапил ювунди-да, хайр-маъзурни насъя қилиб, эрталабки қаҳратон совуқдаги рўйхатлаш маросимига чопди.

Харобот аро кирдим ошуфтаҳол,
Май истарга илгимда синган сафол...


Тўртинчи таронаси

Қазоқнинг зимистонли куни бўрон остида Муртазонинг эси-хуши ҳозир семиз қозоқ билан нонушта қилиб, йўл олдидан бири – икки ракаат қазо намозини ўқиган, бошқаси эса – пардоз-андозу, упа-атирини қилиб, мана энди изғирин, қуюн қорнинг думига илашгандек озғин отлар томон қадамчаларини сепган биринию, тақвога хос салмоқ ила ерни депсаган бошқасини сонияма-сония кузатиб турди. Қисқа куннинг оппоқ энини кесиб улар шу он қамоқдан юз чақирим қуйидаги шаҳарчага ҳам кириб боришгандирлар, у ерда эса, туса – байтул лутф, туса – байтул интизому сужуд. Ташландиқ жисм аёвсиз қаҳратонда юмруқ бўлиб тугулса-да, жиловсиз хаёл чексиз қазоқ чўлининг бир ёқасидан бошқа этагига довулсифат учарди.

Ёнига борай, ғамдин қутулай,
Чунки бу дилим фарёди талай...


Бешинчи таронаси

Аё, дўстлар, биродарлар, аё, дўстлар, мусулмонлар – қамалдим, ўз эркимсиз, ихтиёримсиз бу фожеъ ҳикояга қамалдим! Тушларим бузуқ, кунларим – тўзуқ, этим увушади, суякларим зирқирайди, бирор чора тополсам-чи! Осмонга қарасам – осмон узоқ, ерга боқсам – ер қаттиқ... Қани, дейман, менинг хур эркинлигим: дунёнинг ўнгимда туганмас очилиши?! Қани хаприққан кунлар, бири-биридан ўзиб, истиқболга интилган эҳтирослар, буларнинг кетидан ошиққан юрак?!
Қиш, зимистон қиш... Найлайин дўстлар, найлайин?

Уйи вайронларга қаттиғдур, вале бил муғтанам,
Бўлса кулбанг май била асбобдин маъмур қиш...


Олтинчи тарона

Мен ҳам Муртазо янглиғ сўнгги байтдаги “май”ни май ойи тарзида ўқисаммикан? Бир ажойиб жуҳуд шоири айтмиш:

Бирозгина лолагун шароб,
Бирозгина ҳароратли май,
Ва гул каби кулчага тегмай
Оқ қўлларни эзган изтироб...


Чоргоҳ талқини

Ёзувда чобук айтилса-да, ҳаётда узоқ чўзилади қамоқ. Бошлиқ қазоқнинг хонасидаги итбалиқларга шиша сандиғи англатганидек, бутун дунё – жамлоқнинг энию, бутун одамизот атрофингдаги қўриқчилару қароқчилар эканлигига кўникасан киши. Бурунги ҳаётинг узоқ, хотиранг чўзилса-да, етмайди, келажак ҳаётинг – бўлажагингга насиб этган эса – ундан-да олис, орзуларинг қанча чирмашмасин, тикан тўсиқлардан нарига ўтолмайди. Шунинг учун борлиғинг – яшаган кунинг. Кун битдими – унга на ачинасан, на армон этасан. Эртани ҳам кутмайсан, чунки эртанг бугунингдан ҳам бадтар бўлиши мумкин. Ҳозир, шу топда тириклигинг давом этдими – шунисига шукур. Битмас-туганмас ҳозирги давомий замон қамали...
Қийноқлар, хўрлаш, яланг куч ифтихори – тишни тишга қўйиб, буларнинг барига чидаш мумкин, чунки буларнинг жилла қурса тунга келиб охири бор, аммо бояги ўтмишу-келажаксиз қамалдан чиқиш муттасиллигига қарши қандай чора топасан?!
Болаликда “Мақомлардан парчалар” деганида, мана шундай битмас-туганмас узвийликни, кўримсиз беш-олти овознинг қоқ ёзнинг ўртасида эринмасдан, соатлаб ҳанграшини, бу ҳанграшнинг ўлмас қора қўёш билан бир навъ уйғунлигини тушунмасмидик? Қамоқ ҳам мақомлардан парчаларнинг бир тури.

Ёндириб жоним жаҳонсиз этма барқи оҳими,
Осмон хуршиди рахшонинг керакмазму санга?

Туталикким, ашк селобина йўқтур эътибор,
Эй Фузулий, чашми гирёнинг керакмазму санга?


Таронаси

Қамоқни қайта-қайта ўзини тилла деб ҳисоблаган итбалиқчалар яшайдиган шиша қутига менгзатдик. Шаффоф шишақутининг зилол суви ичида бирон-бир нарсани беркитиш ўлимдан қийин. Қамоқни на шаффоф шиша, на тиниқ сувга ўхшатиш мушкул эса-да, бироқ унда ҳам бирон-бир нарсани яшириш ўта оғир экан. Бунда қўриқчлиларни қўяверинг, айғоқчиларнинг кўзи зийрак, қулоқлари динг.
Бир йилдан ортиқ вақт на ғазал ўқиган, на хиргойи қилан эди Муртазо, аммо баҳорга етиб ҳаттоки дунёдан тикан симлар ила ихоталанган жамлоқда ҳам аллақайси ўткинчи қушлар хайридан қип-қизил лолалар униб чиққанида, йигит туйқусдан:

Гул ўлмиш асру мағруру, санобарлар басе саркаш,
Юзунгни гул-гул очиб, жилва бирла сайри гулзор эт...

дея хиргойи қила бошлаганини билади холос. Ўша куниёқ кечқурун ювинди овқатдан кейин уни итбақали хонага чақиришади ва бўрдоқи қазоқ ўрнига хонани эгаллаган майдагина нўғай: “Боя иш пайти ничук матур ашуля ойтгян идинг?” – деб сўроққа тута бошлайди. Яна қийноқларни кутган Муртазо нўғай тушунмасин дея, Фузулийдан олади:

Эй Фузулий, доғи ҳижрон бирла ёнган кўнглуми
Лолазор очсайди, сайри лолазор этмазмудим...

Энди майдадан қандай азоблар буюрган экан? – деб тўхтаганида 36-271 рақамли маҳбус, нўғай урмайди, сўкмайди, аксинча: “Сесинг бик яхши икян, Шаляпин! Бас қизим Апипя!-ни билясинми?” – деб сўрайди. Шу тундан эътиборан Муртазо жамлоқнинг бадиий ҳаваскорлик тўгарагига бош ашулачи этиб тайинланади.


Чоргоҳ насри

Тўгаракда табиийки Дугоҳ эмас, Чоргоҳ эмас, ҳатто Гиряу Муножот ҳам эмас, ўрис халқ ашулаларини ижро эта бошлади Муртазо. “Питер йўли бўйлаб”, “Қамиш шовулларди”, “Орол ортидан” ва ҳоказо. Таржимада нўноқ янграру, ўрисча бу ашулаларни Муртазо эмаса-да, кўчадаги бир маст-аласт пиёнистадан эшитсангиз ҳам, буларда ўрис руҳи нақадар жўш уришинию, сархуш бўлмасангиз ҳам элитиб қўйишини сезасиз.

Воҳ, адирдан тушди кимдир,
Ёрим келар чамаси,
Эгнида харбий кийимдир,
Мени жинни қилғуси...

Аёл хонандаларга мўлжаллаган бу каби ашулаларни бояги ушоқ нўғайнинг раҳбарлик таёқчаси остида ижро этган 36-271 рақамли маҳбус атиги бир нарсадан қўрқарди. Бу қўрқув, зотан, биринчи кунданоқ унинг асабларинию мушакларини таранглаштирар эди, аммо энди анави ашулалардан кейин мафҳум қўрқувга тайинроқ шамаю ишоралар қўшила бошлагандек бўлди. Маҳбуслар орасида буни ўрисчасига “опетушить” дейишарди, таржимасида “хўрозлаб қўйиш” эса-да, бу таржима бирон нарсани англатмаса керак. Аниқроғи – “попугини босиб қўйиш” бўлса керак, ҳолбуки, бу иборанинг ҳам ўзбекчадаги маъноси бироз ўзгача. Шунинг учун жўнгина “босиб қўйиш” билан чеклана қолайлик. Ана шу нарсадан ўлардек қўрқарди Муртазо.
Кўпинча буни қасддан мутаҳҳамларнинг ўзига яраша қонун-қоидасини бузганларга зўраки қўлланишини билса-да, лекин қамоқда аёл зотининг йўғлигидан замона зўрники эди. Ғазалда айтилмиш:

Йигитлар ишқини гар ихтиёр этмам десам қўймас,
Йигитлик бирла ошиқ шевалиқ ўз ихтиёримға...


Таронаси

Айтсамми, ё айтмасам? Бир пайтлар шундай ҳам ашула бўлгич эди. Аммо иккиланаётганим ашула ҳақида эмас – Миша-Мирзаҳакиму янга-Ниагаралар ҳақида... Қамоқдаги Муртазога буларнинг хаёти номаълум. Улар билан хат ёзишмаса, орада умумий қариндош-уруғ бўлмаса, шунинг кетида иккисининг ҳозирги хаётини сўйлайдиган бўлсам, маҳбус Муртазога нисбатан инсофдан бўлмаса керак. Демакки, гапирмаганим маъқул. Муртазога қўшилайин-да, у соатдан соатга кўчиш билан овора экан, бу баҳор бўлмаса баҳорларнинг бирида оқсоч Нигор яна бир кўриниш берар деган умидни у кўнглига тугмаса-да, биз тугиб қўяйлик.

Юзунг фироқи аро доғлиқ кўнгуллардин
Нишонадур бу чаман саҳни узра ҳар лола...


Орази Дугоҳ

Йил ўтиб тонг саҳарда эмас, оқшомқурунда умидимиз рўёбга чиқди: ғайридин Нигор бу кез тақводор муллабачаси билан абрешиму-пашминага ўралиб эмас, балки ёлғиз ўзи очилиб-сочилиб от устида кириб келди. Тақдир тақозосини қаранг-ки, ўша кеча бунда асорати йўқ хотин-қизлар кунига бағишлаган томоша эндигина тугаган, чуйда нўғай ўтказган тадбиридан ўзида йўқ хурсанд, бу хурсандчиликда Нигорнинг эшик қоқиб туришидан хабар топгач, у нафақат Муртазони висол уйига чоптирди, балки ўзи қўшилиб, аввалига буларнинг иккисига-да ўзининг тиллабалиқчалик хонасида зиёфат берди. Аччиғ арақнинг ҳар қултумию оқсумидан сўғин: “Айи, бул матур қиз тотарға бик мингзяркан” – дея Нигорни тинимсиз шарафлади, олқади. Майда жуссасига қарамасдан, юраги кенг экан бу далер нўғайнинг! Ўрнида бошқаси бўлса, ичириб жувонни ўзи билан олиб кетарди, нўғай эса: “Бик айбат, мин кетяйин, сиз қолиғиздар!” – деб иккисини учрашувлар уйидаги қўшалоқ хонада қолдирди-да, қўриқчи қозоқларга алламбало буйруқларни бериб, бадмастона қадамчалар сепиб, қоронғуда ғойиб бўлди.
Ўрис халқининг бевафолиги қатори вафодорлиги ажаб. Йўқса кими бўлибди Нигорга Муртазо? Ўйнашининг қариндошими, ернинг чекасига буни деб келса! Кўнгиллари эзилиб, тўкилиб турганида Муртазонинг, Нигор ўтган сафаргидек қўшни хонага чиқиб кетгани йўқ-да, йигитнинг ёнига келиб, сукут сақлаганича ўтирди.
Йиғлади Муртазо унинг елкасида. Болаликдан бери йиғилган етимлик ғам-ғуссасинию, хору-зорликларини барини тўкиб йиғлади. Қиз эса барини тушунгандек, йигит сочини аста сийпалар, бармоқларини бармоқлари ила уқаларди.
Ичлари бўшагач Муртазонинг йигитлиги уйғонди. Маҳбуснинг ичидаги қамоқда қамалган йигитлик уйғонгач, унча-мунча девору-тўсиқларни остин-устун қилиб ташлаши муқаррар, бироқ у сел каби келиб, ўз-ўзини ҳам ювиб кетдими, ё унсиз Нигорнинг унинг остидаги маъсумлиги таъсир этдими, ҳирсу-иштиёқ чўл елидек учди-кетди. Ғафлатда қолди Муртазо, кўзларини олиб қочди, яна Нигор уни сийпади-сийлади: “Шошма, – деб шивирлади, – бари яхши бўлади”, – деди.
Улар анчагача бир кўрпа остида гаплашиб ётишди. Бу гаплару, ундан кейиги оғушлар бизга қоронғу. Дунёда ягона сир туйган икки инсон бўлса, бу сир иккисининг орасидадир. Ё жарангдорроқ: оразидадир.

Ҳубоби ашки хунин жисмими элдин ниҳон этмиш,
Ғами ишқинг мани расвойи беному нишон этмиш...


Биринчи таронаси

Кўз хонасини қилди барандохта бу ашк,
Кўз борди, вале хона барандози қолибдур...

Яна Ҳазрат айтмиш: “кўпи ўтиб ози қолибдур”.


Иккинчи таронаси

Нигор кетгач, узоқ вақт Муртазо бушиб-биқиб, ич-ичидан булғончиқланиб юрди. “Нечун мен беайб бу ерларда саргардон?” – деган буллиқу-уллиқ саволларга борди, баски бир тун тушига атқиёю-ашқиё одамлар орасида икки устознинг нурафшон сиймолари кўриндию, “Беайб Парвардигор!” – деган жўнгина жумлани айтиб, яна бузғун бинолар орасида йўқ бўлиб кетишди. Тун ўртасида темир ётоғида уйғонган Муртазо: “Буниси ҳам синов эса, бунисида ҳам мен илғамаган ҳикмат бор эканми?” – дея байри-синашта ўспириндек хотираларига кўмилди, устозларнинг сабоқларини бирма-бир бичаклади. Вале панжара қадалган ойнада Зуҳроми, Баҳром юлдуз кўрингач, унинг кўзини яна уйқу элитди.

Сийнама оташ
Солди қаро кўз,
Тун бағридами
Чақнаган юлдуз...


Учинчи таронаси

Юзунг қуёшини очиб келки, интизорингда
Оқарди субҳ каби чашми кавкаб афшоним...


Дугоҳи Ҳусайний

Қийноғу азобу-уқубатлар бир тараф, бояги васл кечаси бир тараф, яна атиги бир ҳодиса воқеъ ўлдики, уни эсласин қамоқ ҳаётидан Муртазо. Сўқим қазоқнинг ўқиши битиб, у митти нўғайнинг ўрнига дўнди. Нўғай сир сақламай Муртазонинг ноёб овозини сотди қазоққа. Қазоқ қамоқда бўлар-бўлмас томошалар уюштирмасдан, бир куни кутилмаганда Муртазони итбалиқли хонасига чақиртириб, жир-пир айтиш-айтмаслигини ҳам суруштирмасдан, эгнига қозоқ пўстинию, бурқасини ташлаб, ўзи билан узоқ овулга тўйга олиб кетадиган бўлди.
Муртазо устозлари соясида овулларга чиқиб юрган эмасми, унча-мунча ирлардану-куйлардан бохабар эди, лекин буларни кўз-кўз қилиб бойғизиламади. Тарғин отлик бу бошлиқ Муртазони олис овулига қамоқ машинасида олиб кетди. Йўлсиз бўртоқ даланинг силкинишларидан бошқа бирон нарса на туйди, на кўрди Муртазо. Бухсаб, жигари бўғизига қадалганида машина тақ тўхтадию, шарақ-шуруқ қулфлар очилиб, Тарғиннинг ўзи дағал овозда: “Қани, туш!” – деб буюрди. Буларни – қўлига баҳла кийган бир қушбеги ўтовнинг боғишида кутиб олди-да, қирғийини ўтов тепасига ирғитиб, келганларни ичкари чорлади.
Босуруғ кигиз устига олача кўрпалару болишлар ташланган, Тарғин тўрга босиб ўтди, ёнига қушбеги инди, Муртазога чапдан ер кўрсатилди. Пас ўтмасдан бурунчак ўраган қизу-бекачлар бохсуму-бўза тортишди. Тарғин бисмилла дея, буларни кекириб-кекириб урди, бошқаларни ҳам ундади. Қўйлар бурнороқ сўйилиб турган экан, кети узилмасдан норину-бешбармоқлар, қазию-қарталар кириб келаверди. тур-тур томоқлардан кейин Тарғин: “Апкелши!” – деган эди, югурдаклардан бири Муртазони кўзлаб, дўмбираю қобузларни кўтариб елди. Ақл, кўнгил, қўл роса талашишди бу чолғулар устида: бири яққол кўрганига иккинчиси ҳаллослаб ошиқар, учинчиси эса энтикиб-энтикиб, ярим йўлда қолиб кетгусидек эди. Чолғуни созлаш баҳонасида ўзини узундан-узоқ созлади Муртазо, чунки бояги учта муғанний унинг наздида уч томон тарвақайлаб кетган экан...
Лекин созлаб бўлгач онқадар завқ била ирлади-ки, ўтов устига қўндирилган қирғий-да тоқатсизланиб ўтов томига қанотларини қоқа бошлади:

Қалқатай, “карие глаза” – екки кўзинг,
“Никогда не забуду” – айтқан сўзинг,
“Третий, второй”-дар толып жатыр,
Ўйласам, “как родилась” сенинг ўзинг?!

Ким келиб ўмыр гули сынбасына,
Саяда турсе-дағы шынг басында,
Армансыз жас шағынды откезип қал,
Мен кепил ўмыр отпей турмасына…


Дугоҳи Ҳусайний иккинчи

Кечаси кўклам чўлида гулхан тегарагида ўланлар айтилди. Эркин довушларни эшитиб буғро туялар элиб-элиб бўзлади. Алламаҳалгача ўйин-кулгу битмади. Гулханнинг сўнгги учқуни баҳмал осмонга юлдуз бўлиб қадалгач, бари ўтов-ўтовга тарқади. Муртазо ҳам гулханданми, унутилган ўйин-кулгуданми, чўл кўкламининг хурлигиданми – яноқлари чирс-чарс қизарганича қушбегининг чодирига кирди. Ўрин-кўрпа солингани йўқ, бояги тўшаклару ёстиқларга думалаб, қушбеги бурчакдан ташлаган қабою пўстинларга бурканилди.
Тунда Муртазони қамоқ хуштаги уйғотди. Сесканиб хушига қайтса – тўрда ётган Тарғиннинг қалин ҳурраги. Кўзини қайта юмса – хуррак шиддатидан кошки ухлаёлса! Ундай деса, қамоқ баракларида бу хурракнинг додасинию онасини ҳам парво қилмайди-ку! Эркин чўлнинг ғулғуласими бу ё? Тулуп тагидан аста бўшаниб, Муртазо ўтов бўсағаси томон ўрмалади ва йўл-йўлакай ўксалаб ётган қушбегига ҳам тегиб кетди. У бир ижирғанди-да, бошқа ёнига ағдарилиб яна пишшилади. Ташқари ҳали қоронғу, лекин хода устида зийрак қирғий бир сесканиб қўйди. Муртазо қўрқа-писа ўрмалашда давом этиб, ўз ўтовидан кейинги ўтов кетига ўтгачгина, “энди қирғий ҳамла қилмас” деган хаёлда тикка турди-да, овлоқроқ жойда ёзилиб олди. Оёқ остидаги ўтдан бўзанинг қўланса ҳиди турди.
Муртазонинг чўл хавосидан боши айланиб, қайси ўтовдан чиққанини унутди-қўйди. “Осмон жичча ёришса қирғийдан таниб оларман” – деб ўйлади-да, вақтни нечук ўлдирсам экан деган фикрда ёндан ёнга юра бошлади. Тағин бировнинг хотини уйғониб, балосига қолиб юрмай! – деб ҳадиксиради у бирдан ва ўтовлардан бироз узоқлашишга шошилди. Аллақаерда ит хурди. Муртазо писиб, яна чўккалади ва қамоқда ўргатилган ғоз юришида ўтовлардан яна узоқлашди.
Чўл осмони эндигина кўкара бошлаган, оёқ остида мол алиқи, қумалоғу тезаклар битиб, жумбузу анғиз турди. Оёқ буларни сезса-да, кўз осмондан узулмасди. Яшил юлдузларми гулга кириб гул очишди, осмон бир чекадан оч яшил рангга бўялди. Узоқдан аччиқ эмоннинг исини дайди эсинти олиб келди. Наҳотки бу ернинг на тиканли сими, на чегараси бўлмаса, қани яна жичча кўрай-чи, яна тўрт қадам ташлай-чи… Бу телба интилишда йигит кўзидан овулнию, ундаги ўтовлару, қоп-қора қамоқ машинасини ҳам йўқотганини сезмай қолди. Адиру-бойирлага етганида, кун энди тура бошлаган, унинг қип-қизил нурлари бояги ям-яшил осмонни пичоқлаб кесган, адир бағрига боқса – томчи-томчи лолалар очилиб – йўқ, томиб-тўкилиб ётибди. Ана шунда аввалига қирғий қийқириқини эшитди бирдан Муртазо, сўнг эса бир гала ит босди уни қир бағрида…

Ити бағримни ер чоғда аёғи қонға булғонди,
Кўзум боғида гул онинг тобонидин нишон эрмиш…


Чоргоҳ уфори

Урди, тепди, итларига талатди, қирғийига чўқитди қочоқ Муртазони Тарғин, хайрки, қочганини бировга билдирмади, қўшимча йилларга кесмади… Бўлак ҳеч нарса юз бермади қамоқда, жон танга қамалди, тан ғамга кўмилди. Кун кетидан кун ўтди, ой кетидан ой, йил кетидан йил.

Саккокийдин, эй жон, ғаминг элчиси тилар жон,
Жон бирла равон қилдим агар бўлса тан ичра…


Чоргоҳ савти

Келди очилур чоғинг, ўзлигинг намоён қил! – деганидек, Муртазонинг ҳам хурлик куни келди. Эрталабдан, у билан пўм чиққан Тарғиннинг олдига чақирилгач, қўлига йўл паттаси, эгнига бус-бутун терлик берилди-да, мана сенга кўча, мана сенга очиқ олам, деб, хайр-маъзурсиз эркка йўл кўрсатилди. Эсанкираб қолди ўша ерда Муртазо. Шундай деяпману, ўзим ҳам бир тур эсанкираганман. Мен ҳам афтидан энди хурман: истасам – шимолга юбораман уни, истамасам – жанубга. Бироқ буниси – оми қарашда. Теранроқ ўйланса, мен бу юзаки озодликда қанчалик боғлиқ эсам, ҳудди шу ҳолатни туйди туйқусдан 36-271 дан қайта Муртазога айланган йигит. Интилган эмаса-да, ахир кўнглининг учида тугулган эди-ку эрк ҳақидаги ушбу орзу! Хўш, энди ўша эрк қўлига осмондан тушиб турса, нега мунча ўзини қийнамоқда қамоқ эшигидан ташқи дунёга чиқиб келаётган Муртазо? Қайси юк мунча букчайтиряпти унинг елкаларини? Қўлидаги тугунчани демаса, уни ерга тортадиган нимарса йўқ-ку!
Буларнинг бари мени тугул, мамлакатларни, элу-юртларни ўйлантирадиган саволлар эмасми?

Мени ғам мунча ҳам таклифи саҳройи жунун этма,
Ҳазин кўнглуми вайрон айлама, ҳолим забун этма...

Қамоқда ҳаёт осон эканми, – деб ўйларди Муртазо: ётиш вақтинг тайин, туриш вақтинг аниқ, овқатинг – белгили, уни бурнингдан чиқариш – маълум, ҳар бир ҳаракатнинг ҳаддию, вақти чизилган. Йўлдан адашмас ҳаёт. Тўртта бўйигаю иккита энига катак бу ҳаётнинг тимсоли. Энди эса-чи, бу йўриқсизликда кўрсаткичларни қандай топасан?! Тўрт томонга очиқ чўлда йўл қидиргандек...
Қизиқ, Муртазо қозоқ ирларини шунча ўрганди, биронтасида нишонсиз чўлда йўл йўқотиш ҳақида айтилмайди. Магарки йўл йўқотиш бу сиз билан биз каби ўтроқ сартларнинг юмуши?!

Адашган кимсадек Фурқат қаён боргум билолмасман...


Талқинчаси

Итбаснинг номи улуғ экан чамаси, бу от соясида Муртазо биялар миниб, темир йўлгача етиб олди. У ёғига эса паттаси қўл келиб, ундан ҳайиққан йўловчилар орасида ватан томон жўнади. Қозоқ чўлларидан ўтар поездларда юрган бўлсангиз биларсиз: ташқарида кўзни овутадиган бирон нарса йўқлиги туфайли вагонлардаги одамлар ички маишатга берилишади. Бу ердаги “ички” сўзи иккала маъносида келишини ҳам англагандирсиз. Бир томонда қарта ё шоҳмот ўйнаганларга кўзингиз тушса, бошқа ёқда беш-олтиталаб бир шиша атрофида ҳалқа қурганларни кўрасиз. Ўртада эса бу иккала юмушни бирлаштирганлар ҳам чиқиб қолади. Ким кавшаётган, ким вагонма-вагон юриб, сувсизликдан эти қотиб кетган балиқнию, туя жунидан тўқилган пайпоқларни сотиш илинжида, яна кими бошқаларнинг кўзидан овлоқроқ тамбурда ёшгина қизчага шилқимлик қилиб турибди...
Муртазонинг эса на ейишга нони, на ичишга суви бор. Вагон-ресторанга бориб картошка-партошка арчишга ёлланаманми деса, бошлиқ бунинг қамоқ усти-бошига боқдию, ёрдамчисига: “Кейинги бекатда тушириб юбор бу маразни”, – деб шивирлаганини илғади собиқ 36-271.
Мана поезднинг энг кетидаги “умумий” вагонларга келиб олган, у-бу ерда жой бўшаса, бирон бекатгача ўтириб олади, кейин яна йўловчилар поездга чиққач, тағин жойини бўшатишга мажбур.
Қорни шу қадар очкан-ки, нарироқда бири кекириб, кетидан “Шумел камыш”ни хиргойи қилганида, Муртазо бирданига баралла унга қўшилиб, оч овози борича:

Шовуллар қамиш, дарахт эгилар...

деб жўр бўлса бўладими! Вагон дастлаб бир сесканиб кетди, кейин эса бу овознинг сархуш чиройига маҳлиё бўлиб, кими қўлида энди сурмоқчи бўлган байдоқни унутган, кими пиёласини кўтарганича оғзини ҳўплам учун очиқ қолдирган, кими эса балиғини пайпоқ ичига тиқиб, таққа тўхтаган. Барча ром...

Ишқ бир оҳ айлагач кетти футур дин уйидин,
Бодани беғам кўрубон ичмагайди кошки...


Қашқарчаи Савти Чоргоҳ

Бутов бўлди рўзгори Муртазонинг: кими пул улашди, кими бода, кими бир бурда нон билан бир кесим қази. Бояги номурод қозоқ хотин ҳам ўзининг товон каби қотиб кетган балиғини бир жуфт пайпоқ ила қолдириб кетди: “Ўзинг киймасанғ сатиб жуберарсен!” – дея. Ичи илигач тўполон орзуларга берилди йигит. Кечаси тақир-туқур поезднинг паттачиси хонасидан ажратилган тахтада чалқанча ётар экан, Нигорни илк бор Нигорим деб роса ўйлади.

Ўйнатиб келгай самандин эй улус манъ айла кўз,
Интизорида калом шўхи замона кўз тутай...

деб хиргойи қилиб ётди. Бунга ҳам овунмагач, яна яқинроқ қарайбошлади Нигорга – баски қайнини йўққа чиқарди, дунёда Нигор билан иккиси қолишди. Шунда болалигида бир телба бахшидан эшитган сатрларини эслади у.

Севар ёрим тарифини этоли,
Кетма, оқ маралим, кел манга қарши.
Олтин-кумуш, зумуратдин шайлоли,
Оқ қўлинг бўйнима сол манга қарши.
Ман арзимми севар ёра етирсам,
Тутсам оқ маммадан, ўйнаб ўтирсам,
Кўнглимда бор мақсад – ишим битирсам,
Эмсам лабларингдан бол манга қарши.
Менинг орзум севар ёрнинг қўйнунда,
Оғзим яноғинда, элим бўйнунда,
Аста-секин босиб, ўйнаб ўйнунда,
Ҳар жойи, ҳар жойи кел манга қарши...


Соқийномаси

Орзиқди юрак, поезд ғилдиракларидан илгарироқ чопди: така-така-так-так, така-така-так-так... Бака-бака-бак-бак, бака-бака-бак-бак... Симларда ўтирган чўл қалдирғочлари нағмаларга нишона бўлди, дунё эса куйга айланди.
Муртазонинг қўйнида Нигордан келган ягона хат бор, бу хатни йилларча тумор ўрнида сақлаб юрди Муртазо, мана энди унинг дуои саломлари терлар билан қоришиб ўчган эса-да, орқа томонида Нигорнинг манзилини таниса бўлади. Қўли бу туморни олай деса, ақли “Тўхта!” – дея огоҳ этади, қоғоз зиёд титкиланиб кетган, энди ғилдираклар ўз манзилига етгач, у ерда қайта-қайта кўриб олар ёшлар ювган бу ҳарфларни...

Бор эса ҳажрдин қутулмоқлик
Ўлмак ила, манга ўлум қани?


Уфори Савти Чоргоҳ

Ўлимни найлайсан, йигит? Ҳали бир умр ҳаёт олдингда сени кутиб турган эса! Ёвлиғини силкиб ёнингга ёғдулар тўка, елак кийган ёринг чиқса, сенинг дилхун юрагинг наҳотки ёзилмаса? Руҳинг гириҳлари очилиб-сочилиб, қўйнингдаги гарднома-туморинг наҳотки иш бермаса? Ҳайҳот! Ҳайҳот! Ахир биз ҳам ғайбона сен билан ёнма-ён, дўш-бардўш, ўша ерга талпиняпмиз-ку! Бас, нега нафас тобора қисқармоқда, юрак эса ғилдираклар тагида чопа-чопа, ёришса-да, нечун гоҳи-бегоҳ ёқормоқда? Волаву шайдо юрак...

Рост қаддингдек жаҳон боғида сарв озод кам,
Ҳам бу қотил кўзларингдек қон тўкар жаллод кам...


Муғулчаи Дугоҳ

Муртазо-йигитимиз шаҳри азимга қайтиб, на устозларининг қабри зиёратига, на Итбаснинг атрофдаги овулига дастовиз эмаса-да, икки оғиз ширин сўз айтқоли борди, зинҳор, у ўз бекачу-душизасини бояги тумор қоғозда ёзилган манзилидан ахтаргали талпинди. Майлига, Муртазо-йигитимиз Нигорини Бешоғоч каби туйнуксиз маҳаллалардан ахтараверсин, биз эса унутаёзган инсонларимизни ёрқуга чақирайлик.
Бунда инсоннинг майда-улуғи йўқ, кўзга ташландими, у-да инсон, унинг ҳам сўйлайдиган ҳикояси бор. Эсингиздами, Қум шаҳрида Офоғи Табризий такясида йигит кўзимиз бир ўсмир болага тушган эди? Қийғоч кўзли бу ўспириннинг оти негадир форсларга нохос тарзда Балиқ эди, рост, атрофдагилар буни форсчасига олиб “Болиғ” деб аташарди. Балиқ-Болиғ тақводор йигит бўлиб ўсди, ҳарчанд унга волаю ишрат кўзи билан боққанларнинг, кези келганда тегажоқлик қилганларнинг сони-бесаноқидан унинг тақвоси яна-да шужоъ, дирояти эса кескин бўлиб етишди. Дарҳақиқат, допур кетидан допур хушторлар атрофингизда гирдбод бўлиб, бири дастбўс қилиб, бири кокилингдан тортса, сен ҳам дўмсаясан, сен-да гунгранасан.
Болиғ кўнглида ҳоким иштиёқ – негадир ғози бўлиш, шаҳид ўлиш, буларнинг чурук дунёсини лов-лов ёлқинлаш дағдағаси барқ урди. Ироқ араблари билан урушга ёши етмагач, у Мужоҳиддини Халққа аъзо бўлиб ёзилди. Булар уни чет элга ўқишга юборишди: қурол-аслаҳани тузукроқ ўрганарсан, хизматингга муҳтож бўлгач, сени ўзимиз чақирамиз, – дейишди. Чет элда ўқиб юриб, у арнавут мусулмонларининг урушига қўшилмоқчи бўлди, бироқ Болқонга етиб борганида, чегарада қўлга тушиб гўшмол еди, калтак еди, ва яна ўзининг чет элига ҳайдалди.
Бундан иштиёқ сўнмади, аксинча кучайди. Кўнгли кенг дунёни қамрар экан, энди у афғонларнинг урушида ғози бўлишни танлади. Уч-тўртта дўсти билан Пешоварга ҳам етиб борди, адашлари урушга кетаётганида Болиғ сариқ касалга йўлиқиб, икки ой ирқит хастахонада бит ейиш билан овора бўлди. Касал ҳолатида уни тутқунлаб, яна ўз чет элига қувишди.
Орада Болиғ ҳижобли бир қизга уйланди, энди иккиси бояги шаҳид туйғусида яшашди. Ахир Болиғ яна бир бўйдоши билан Фаластинни танлашди. Қўддусу Шарифни мўлжал қилиб олишди. Уни жуҳуду насородан имкон қадар тозалашга бел боғлашди. Бел боғлашди деганимда ҳам гап бор. Қуддусга келиб, яширин ётоқда шаҳидлар камарини белига боғлашди, суратларини тасмага туширишди. Болиғ ўз суюклисига видоъ мактубини ёзиб қолдирди:

Он шаби қадри ки гўянд аҳли ҳилват имшаб аст,
Ё Раб, ин таъсири давлат аз кадомин кавкаб аст?


Талқинчаси

Кеч соат еттилар эдими? Ё бундан эртароқмиди? Қиш кунлари пешиндан кейин нишонсиз вақт борки, унинг на соатини, на қачон битишини айта оласан киши. Бу соат дил оғрийди. Сабабсиз оғрийди. Бутун умрнинг, умрларнинг оғирлиги йиғилган гўё бу аломатсиз вақтга. Кундуз бўлиб кундуз эмас, кеча кириб, кеч тугул. Ё бу Қуддус абадиятимикан? Ёмғир ёғаётган эдими? Булар иккаласи келишгандек, бирин-кетин юзларини ёрғоқлари ёқасига буркаб кўчага чиқишди. Кўчада одам сийрак. Адашлар топишадиган ер гавжум майхона бўлиб, унга иккаласи дамодам икки айри йўлни олишди. Умрини эслагани йўқ Болиғ бу йўлида: негадир сўлакли дўдоқларни, тер босган кафтларни, серрайган соқолларни кўриб кетди кўз олдида. Буларнинг барига чек қўйиш керак!
Суиқасд режаси бўйича жўраси ўзини майхонада портлатгач, войлою-валвала кўтарилганида, даврага Болиғ кириб, иккинчи портлаш ила янада кўпрак кофирларни жиҳод айлайди. Ана ўшанда сўнгги назар ила у ҳар тарафга учган ҳўл лаблару, арақ босган бармоқлар, ҳамда гезарган соқоллардан алҳол қутулажак...
Узоқдан туриб у жўрасининг майхонага яқинлашганини кўрди. Лекин дарбон уни негадир ичкарига қўймади... қайтага итариб-итариб, алланарсаларни ҳайқиряпити... Шу пайт портлаш янгради. Икки жисм бўлаклари тўрт атрофга сочилди. Қий-чув бошланди, майхонадагилар ёпирилиб ташқарига отилишди... Вақтинг урди, Болиғ, олға!
Болиғ издиҳом томон ўзини отди. Даҳшатда тўзиган одамларга етар-етмас, ўзига ўхшаган қийғоч кўзли раъно болага кўзи тушди-да, шаҳид камари тугмасини босди... Бироқ портлаш доримади Яна босди у тугмани. Йўқ... Кимдир унинг ножўя ҳаракатларини кўриб, у томон ташланди. Ё ёрдам сўрамоқчимиди... Бироқ Болиғ қочди, ўзини эндигина келган тор кўчаларга урди. Бояги киши кўмак илинжида ташланган эса-да, энди уни қувлашга тушган эди. Унга бошқалар қўшилишди. Кўча кетидан кўча, уй кетидан уй қочаверди Болиғ. Кўчаларнинг бирида қизи билан машинаси ичидан гаплашиб турган ҳайдовчини кўриб, жон ҳолатда: “Портлатаман!” – дея уни ва шаҳид камарини ташқарига итқитди-да, машинани ғуввилатиб учирганича боши оққан томонга урди. “Денгизга чиқсам Ғазога сузиб ўтаман...” – деб нажот йўлини қидирарди у. Ўнгидан келаётган машиналар сигналларини босганича ҳар томонга ён беришга улгурса улгурар, йўқса йўл чекига қуларди. Чиқмаган жон ширин экан, йигирма дақиқами, уч соатми, Қуддус абадиятиними кесиб ўтди бу қочоқ машинада Болиғ, токи денгиз соҳили кўринди. Машинани соҳилда ташлаб у ўзини денгизга ташлади...
Эртасига Болиғ-Балиқнинг пўкак жисмини Ўлик денгиз суви қирғоққа чиқариб қўйди...

Оби ҳайвонаш зи минкори балоғат мечакад,
Зоғи килки ман ба ном эзид чи олимашраб аст...


Қашқарчаси

Нималар дейишмади Болиғни билганлар: Қумдан то арнавут элигача, Пешовардан то Фаластинга қадар. Кими айтди: шаҳидлик буюрмаса – ўтга ургин, чўққа ургин ўзингни – ҳеч бало чиқмайди. Кими деди: Болиғ исми тортибди уни сувга. Кими Ўлик денгизни тилга олди, кими: фожеани эшитиб, этим жимирлашиб кетяпти, топибди йигит шаҳид ўлимини, сувга чўккан ҳам шаҳиддир, Оллоҳ раҳматига олсин, – дея дуо қилди. Фақат ҳижоб кийган хотини чет элда ҳомиласи билан тул бўлиб қолди. Тўлғоқ келганда туғолмасдан, ҳомилани қайсар кесими ила туққан она, айтишларича, боланинг камнамо қон касаллиги кетидан қилган иши – бедаво гўдакни кетин-кетин амалиётлардан ўтқазиш ила парваришлаш эмиш...

Ғам куни ҳамдардларим ғарқ ўлдилар кўз ёшина,
Билмакка кўз ёшини бир ғамгусорим қолмади...


Соқийномаси

Не жадал? Мана, дунёни бир айланиб келдик, Муртазо-йигитмиз ўз нигорини топибдимикан? Афтидан топмаганга ўхшайди. Ўз-ўзини ёзиқлаб, ёлқиниб юрибди. Бир чойхонага киради, бир майхонага. Чунки аввало титилган қоғозига ёзилмиш манзилга борса – манзилнинг ўзи йўқ: эски маҳалла дастлаб вайроналаниб, ўрнига кўп қаватли шаҳар иморатлари тикилган. Қўни-қўшни тугул, ит эгасини танимайди. Қовуни қўлтиғидан тушди йигитнинг. Мана энди ёлғизликда майхонада ўтирибди. Миршаблардан суриштириб, туморида ёзилган исми-шарифи орқали қидирса бўларди, лекин эндигина қамоқдан чиққан нусхага миршаблардан одам суриштиришни ким қўйибди?! Ҳали бу баҳонада ўзини суриштира бошлашмаса ёнгбоштан. Боз устига турмушга чиқиб кетган бўлса-чи? Ниагара оти қолган эса-да, шарифини нима дейсан унда? Қайдасан Нигор, қайдасан?!

Чу йўқ шоми ҳижрон хуморимға субҳ,
Ичиб англамай субҳни шомдин...


Қаландари Муғулчаи Дугоҳ

Ишқ васвасаси не куйларга солмайди кишини! Қанчалик ўзидан утанмасин Муртазо, ўйлаб топгани шул бўлдиким: қайнисининг қишлоғига бориб, минг йил кўрмаган холасининг болаларидан Мирзаҳакимнинг Сибирдаги манзилини топиб, унга хат ёзадиган бўлди. Энди бу васвасанинг ижросини айтмай қўяқолайлик. Олдинига юз йил бурун эридан ажрашиб кетган холасининг эскириб бўлган “янги” оиласига: “дадаларингнинг манзилини қидириб келдим” – деб кириб бориш шарманда. Қолаверса, болаларини ёшлигида ташлаб кетган отани улардан суриштириш – яна бир айб.
Аммо васваса дегани шу бўлса керак: унга чалиндингми – нима ҳақ, нима янглиш – фарқига бормайсан. Қараб турибсанки, бояги болаларни: “Наҳотки отанг қамоқда ётсаю, сенлар парвои фалак бўлиб юрсанг!” дея, уялтиришгача борасан! Уларни авраб, мелисаю ҳакамларга юборасан. Ғафлат уйқусидан уйғонган йигитчалар типирчилаб қолишади. Ахир икки ҳафта деганда оталарининг қамоқ манзили топилади. Булар энди отасини қидириб, Сибиргача боришга тайёр, бироқ Муртазо бу ёғига аралашмайди. У қайнига хат ёзиб, токи қайниси Сибирда экан, янгасидан хабар олиш унга ҳам қарз, ҳам фарзлигини таъкидлайди.
Хат ўз йўлига, бошқа тарафдан у Итбасни ишга солади: Итбаснинг жиянлари нуқул ҳукуматни қўриқлаб юрадиганлар бўлиб, булар ҳам Ниагара исмли аёлни ўз тармоқлари орқали излай бошлайди. Орада қайта бир-икки тўйга муғаннийлар қатори чақирилгач, Муртазо машшоқларнию, тўй аҳлини ҳам огоҳ этади.
Қисқа қилиб айтганда, васвасанинг поёни бўлмас экан...

Сабо юз аҳли дил кўнгли ўшал зулф ичра боғлиқдур,
Нега густоҳлик бирла ўтарсан ҳар замон андин?


Самандари

Тунқурун тушимга Қўзихон кирибди. Айтармишки: Қут касал бўлиб, ўлим тушагида ётганида, мен элимизнинг энг донгдор санъаткори билан танишиб қолдим. Ким экан? – деб ўйлайман мен, ва ўзимга Шукур Бурҳон вазнидаги бир-иккита номни чамалайман. “Уларданам каттаси!” – дейди Қўзихон. “Менинг эрим ажал чангалида, унинг хотини эса туғмас экан, биз эса бир-биримизни топдик...” Мен яна зориқаман: “Нечук бу машҳур зот Қўзихонимиз билан тил топишибди? Нималар ҳақида суҳбатлашишар экан булар учрашганларида?” Ахир Қўзихоннинг биз билган ҳаёти қишлоқдаю оилада ўтган эмасми, на ўқимишли бўлса у, на санъатпеша... Барибир Қўзихон менга жиддий боқиб, ўзининг у муҳтарам зот билан яқинлигини сўйламоқчи. “Керак бўлса манжалақи хотини билан юлишишга тайёр эдим!” – деб эслайди у. “Шу қадар севар эдим у инсонни...” Самандар афсонада ўтдан туғилгани каби бир туйғу бўлса керакдур-да, – деб ишонаман Қўзихоннинг сўзларига мен.

Такаллуф ҳар неча суратта бўлса андин ортуқсен,
Сени жон дерлар, аммо бетакаллуф жондин ортуқсен...


Уфори Муғулчаи Дугоҳ

Бу тушдан кейин мен касал бўлиб қолдим.

Бўғиқ, қисиқ, асабий бир кўнгул билан туну-кун
Тўшакда, ўйлар орасинда инграниб ётмак
Оғир...қийин...

Бир сабабдан қўл келди касаллигим: Муртазо оғайнимиз ҳам бурноғи васвасалар кетида бирон натижага эришмасдан хастахонага тушиб қолган эди. “Мунча қийнайсан мени, Художоним, олиб қўяқолсанг бўлмайдими шу омонатингни?!” – дея, иситмаю алжирашлар ичида тунни тун билмай, кунни кун, бир ёнидан иккинчи ёнига ағанаб ётишни мен ҳам тушундим. Қани, дейман, тўппонча бўлсаю, бу забунликка чек қўйсанг! Қаҳрингни кўрдим, Оллоҳим, энди шафқатингни кўрсат...” – деб, худди дилимдаги куфрни ёзгандек бўлади Муртазо.
Тоза қийналди йигит, бувиси айтмиш: “тоза қийланди”. Кечалари иситмасини уриб тушириш учун унга “чак-чак” томчиловчи жиҳозни қўйиб кетишади, ана унинг тунгги талмовсираган умри ҳар бир томчининг қонга чаккалаши билан ўлчанади. Ўлим йигитнинг кўзига марҳаматли бўлиб кўринган тунларнинг бирида алаҳсираган кўзларини очса, унинг тепасида Нигор энгашиб турибди. Рўёмиди ё у? Танидими Нигор Муртазони, чунки “Нигор” дейишга ҳам мажоли қолмаган эди йигитнинг, бироқ ҳамшираларнинг услубида у ўз лаблари билан Муртазонинг пешонасидаги иситмасини ўлчагандек бўлганида, ўнги эканлигин англади Муртазо ва хушидан кетди.

Заифлик жисмим рамақда жон ўлар ҳолатдамен,
Тобакай ҳажрингда кечсун бўйла айёмим менинг?


Оромижон Сарахбори

Нигорнинг навбати кунора бўлиб, Муртазо уни кунора кўра бошлади. Тилга келгач, қанчалик уни қидирганини, не кирдикрларга кирганини куйиб-пишиб гапирди. Нигор эса фақат тинглар, маъюсгина жилмаяр, сўнг ишига киришиб, гоҳ Муртазонинг ҳароратини ўлчар, гоҳ қон босимини, пайти келганда эса эмлаб қўярди. Унинг навбати тугаб, у одатдагидек – лаблари билан йигитнинг пешонасига энгашар ва оҳиста ташқаридаги қоронғулик томон чиқиб кетар, Муртазо эса ўтган куннинг ҳар дамини эслаб, алламаҳалгача бедор ётарди. Қани энди тескариси бўлса экан, мен боқсайдим, парвариш этсайдим бу заифани, – деб орзуларга бериларди у, кейин она меҳрига тўймаган етимлиги уйғониб, йўқ, буниси ҳам тузук, Художонимнинг раҳматини қара, – дея ҳайратланиб ястанарди.
Бироқ Нигорнинг хатти-ҳаракатларида, ғамгин боқишларида, узоқ сукутларида алланечук сир бордек эди-ки, ана ўша сир қийнарди сиҳатлана бошлаган Муртазони.

Бора берай эшигига бу навбат, эй кўнгул,
Нечаки эшигига бориб бор топмадим...


Оромижон

Бирор ҳафта ичида Муртазо ўрнидан қўзғаладиган бўлиб, кейинчалик қисқа сайрларга ҳам қуввати ета бошлади. Қизиқ, фақат Нигор навбатда бўлган кунлари. Йўқса у ётоғида чалқанчасига ағанаб, аллақайси, ўзига маълум ашулаларни хиргойи қилиб ётарди. Бир куни Нигорнинг ҳамширалик иши охирлаб борар экан, Муртазо: “Бугун сени дарвозагача кузатиб қўйсам майлими?” – деб сўради. Нигор на ҳа, на йўқ демади, фақат елкасини қисиб қўйгандек бўлди. Бошқа хоналарни сўнгги бор кўздан кечириб чиққач, у Муртазонинг хонасига мўралади-да: “Ишим битди!” – деди. Муртазо дарров ўрнидан туриб, елкасига пойжомасини ташлади-да, даҳлизга шошилди. “Сен эшикда кутиб тур, мен усти-бошимни алмаштириб олай”, – деб, Нигор ҳамширалар хонасига кириб кетди.
Муртазо ўзини енгиб, беихтиёр кечки ҳовлига чиқиб борди. Куннинг ҳовури босилиб, енгил шаббода эса бошлаган, йўғон чинорлар остида жилдираб, тинимсиз ариқ оқиб ётарди. Ўсмирлик туйғулар уйғониб кетди Муртазонинг кўнглида. Мана ҳозир бу илиқ кечага унинг севгилиси чиқиб келади. Оллоҳнинг марҳаматлари нақадар буюк... Нега анави кунлари: “Мелисадан ҳам бадтар қийнадинг-ку, Худойим!” – дея ношукурлик қилган эди? Тавба, – деди Муртазо. – Тавба!
Яна бир бор тавбаси эшикдан чиқиб келган Нигор ҳақида эди. Ҳамшира кийимини демаса, ҳатто қазоқ қамоқларига ҳам очилиб-сочилиб боган Нигор ташқарига ҳижобда чиқиб келди.
– Нигор, бу нимаси?
– Эрим шундай хоҳлади...
– Эринг? Қайси эринг?
– Қамоқхонада сен билан бир ётоқда ётган-чи...
– Муллабачами?!
Нигор бошини қуйи солади.
– Ахир иккинчи сафар усиз келган эдиг-ку!
Нигор жавоб бермайди.
– Боланг ҳам бордир?!
Нигорнинг кўзлари лов ёниб Муртазога қарайди.
– Беш яшар, – дейди у негадир. Кейин гапни кўчиргандек: – Эрим касал... Оғир касал... – дейди маъюсгина.
Улар хастахона дарвозасига ҳам етиб боришади.
– Майли, мен борай... – дейди Нигор ва ўзи гўё тунга айлангани каби бутун борлиқни қоп-қоронғу қолдириб кетади...

Не толеъдурким менгаким ахтари бахтим топилмайдур,
Фалак авроқини ҳар нечаким дафтардин ахтардим...


Оромижон Уфори

Ярим кечада Муртазо чўчиб уйғонса – қора терга ботиб ётибди. Юрагини ҳовучлаб, нима бўлди ўзи, недан чўчидим? – деб ўйласа, мияси онқадар бедор равшанлик билан жавобини топиб тургандек. “Шошма, боласи неча ёшда деди?! Бешдами? Унинг олдига якка ўзи келганига неча йил бўлганди? Салкам олти йил... Нега кўзлари чақнаб кетди бу саволимдан?! Йўқ, йўқ!”
Уйқуси ўчди Муртазонинг.
Менинг касалим ҳам шу йўсин ўтди. Энди бош оғриқ битди, деб ўйласанг, эртасига суяклар зирқираши бошланади. У билан курашавериб, ахир енгдим деганингда, иситманг чиқиб келади. Иситмани манглайингга ҳўл сочиқ босиб, ё ҳаммом тушиб пасайтирдим деганингда, томоғиндан чипқон урчийди. Битмас-туганмас савдолар. Мадорим Муртазо тугул, ўзимга ҳам қолмаяпти. Ўта оғир мақомга йўлиқтик чоғи. Ўғлим яна бир шеърида ёзмиш:

Вақт ғув этган шамолдек учар,
Ҳеч кимга бўйсунмай.
Сен уни учқур дея таърифласанг-да,
У ўз учқурлигидан ҳам ўзишга шай...

< аввали               давоми >

наверх



SpyLOG

FerLibr

главная   |   на сайте   

© HZ/ DZ, 2000-2001