index page

Hamdam Zakirov's Literature Archive (in russian)


FerLibr

главная   |   на сайте   


главная
на сайте

АБДУЛҲАМИД ИСМОИЛ:
Муртад
Бешинчи мақом

Мушкилоти Сегоҳ

Таснифи Мушкилот

Чак-чак-чак-чак-чак... Нима экан буниси?

ерга кўмилган
ўттиз учта суякнинг
бошига бориб

ердаги ўттиз учта
суякни
жипслаштирувчи

бировнинг уйини ижарага
олиб
яшаб юрувчи

томлардан томган чакка
ерлардан унган ўтлар

Биз таниган, бироқ мана беш-олти йил хабар олмаган муллабача йигит кўрпасига бурканиб, ўлимини кутиб ётибди. Бугун келармикан ахир? Ёр висолига етишиш иштиёқи каби бу туйғу қора ажални ҳам ҳарир либослар-ла ясатган: ана, келяпти, деб юрак узила бошлаганида бир зумга маҳлиё бўлсангоқ – кетди қўлдан – эшикни очиб, хастахонадаги навбатидан хотини кириб келяпти. Эзилиб кетди бу шўрлик, эрининг юзида ачинишу армон кўравериб. Қайдан билсин у эрининг ўнга кундош қилиб бевафо ажални тутганини? Билганида ҳам нима қилаоларди: бу ажални ўзидан олдин эрининг олдига қўйиб юборармиди?!
Бугун ҳам Зайнобиддин исмли бу муллабача ажал висоли илинжида зеру бамлардан замзамалар чекиб, боз ажал ўрнига дилихун заифасини қаршилаб олди. Аёл зоти унча-мунчага сир бой бермаса-да, нимарсалардир туғёнланяпти завжаси ичида. Ўзи бунда эса-да, хаёли кетида – ишхонасида қолиб кетгандек.
Завжаи манкухаси келдию, Зайнобиддин замзамасини узди. Хотини ёнига келиб қўнди. Энди ҳол-аҳвол сўрай деб турса, Зайнобиддин: “Шошма! – деди. – Биласанми, – деди, – қачон мен тавбамга таянганман?” Аёли елка қисиб қўйди. “Кел, сенга айтиб берай, журмимдан юрагимни бўшатай, балки шу ушлаб турган бўлса мени...” – деди.
Зайнобиддин тақводор оилада дунёга келган эса-да, зиндиқ эл қатори аскарда чўчқа гўшти еб, кези келганда ароқларни қаҳратон қишларга қарши урди. Юртига қайтиб диндорлик айби билан қамалишдан қўрқдими, ё ўрис эрки нашъасининг нуқси урдими, аскардан кейин бегона юртда қолиб кетди. Рост, орада келиб чиқиши мусулмон бўлган ойдек бир бошқурт қизга ҳам уйланиб олди.
Гулшод исмли бу қиз у билан бирор йил яшагач ҳомиладор ҳам бўлди, афсуски, дўхтирлар: ҳомила носоғлом туғилиши мумкин, яхшиси олдириб ташлаганингиз маъқул, – дея маслаҳат беришди. Дўхтир айтган эса қиласан-да! – деб тушунди ўшанда Зайнобиддин. Гулшод юз ҳолу-зор қилиб: “Балки дўхтир билан ўзингиз гаплашарсиз. Ҳомилани сақлаб қолганимиз тузукмасмикан?!” – дейишига қарамасдан, айтилган куни у хотинини тегишли жойга обориб, ҳомиласини олдиртирди.


Мушкилоти Таржиъ

Хотини ҳомила кўтарган кунлариёқ Зайнобиддин ишхонасида бир ўрис қиз билан танишиб қолган эди. Кўркам, шарқона йигит эмасми – бояги қиз ҳам тайёргина экан: хотинидан ўша кунлари кўрмаган меҳрини Зайнобиддин нуқул бояги ўрис қиздан кўрди. Хотини ҳомиласини ташлатиб келган кунининг эртасига Зайнобиддиннинг жазмани: “Бугун бирга овқатланайлик, сенга айтадиган муҳим гапим бор!” – деб қолди.
Тушликда, юраклари така-пука, ошхонага келса, қизча бурчакда бир ўзи хомуш ўтирибди. Зайнобиддин овқатини олар-олмас унинг ёнига мунгалиб келиб қўнди. “Хўш, тинчликми?!” – “Биласанми, овқат устида айтиш ноқулаю, бу ой хайзим келмаяпти...” – “Бу нима деганинг?!” – “Шу кунларда келиши керак эди, ҳануз йўқ...” – “Ҳомиладормисан?” – “Балки...” – “Нима қилмоқчисан?” – “Қайдам, шунинг учун сени чақирдим. Нима қиламиз?”
Зайнобиддининг гапга тили буралмай қолди. Бақиргиси келди: “Билганингни қил! Мен ўз боламнинг бахридан кечиб турибману, энди сенинг болангга куюкишим қолдими?!” – дея. Бироқ ўйлаб боқса, буниси ҳам ундан тугган ҳомила... “Кел, яна бир-икки кун кутайлик-чи, балки кебқолар...” – дея, бир навъ хулосага етишгандек бўлишди.
Аммо бирон ҳафтадан сўнг хотини Гулшодни шаҳар чекасидаги ҳомилахонага қандай оборган бўлса, бу сафар ўрис ўйнашини ҳам ҳудди шу тариқа ҳомиласини уздириш учун етаклаб борди...

Ончи шеронро кунад рўба мизож
Эҳтиёж аст, эҳтиёж аст, эҳтиёж…


Хафиф

Зайнобиддин бу воқеани завжасига, завжаси эса Муртазога сўйлаб берди... Нигор ҳикояни сўйлар экан, шунинг кетидан эрим касалликка чалинди, ва ё баҳарҳол шу боис касал бўлганига ишонади, – деб тушунтирди. Лекин Нигор нима учун Зайнобиддинга турмушга чиққанини айтгани йўқ. Муртазо билмаса-да, ўзимиз билиб қўйганимиз дурустдир.
Нигор бир ўзи Муртазодан хабар олгани кетганида, Зайнобиддинга: “Сенга балки турмушга чиқишдан аввал юртимда қариндош-уруғимни кўриб келай”, – деб кетган эди. Учрашувдан ҳомиладор бўлиб қайтганини Нигорда бошқа кимса билмаслиги тайин, шунинг учун кела солиб у Зайнобиддинга турмушга чиқди, тўққиз эмаса-да, етти-саккиз ой деганда эртароқ дея, кўзи ёрди.
Зайнобиддин гўдакни ўзининг фарзанди сифатида қабул қилиб, унга Шаҳобиддин отини қўйган эса-да, у ҳам ўғил унда эмаслигини биларди, чунки икки ташландиқ ҳомила фожеасидан кейин у ҳам Гулшоди, ҳам жазманини йўқотгач, ҳирсу ихтиёрсиз ҳомила булоғини бира тўла тупроқ билан босган эди. Аммо буни у бирон маротаба хотинига билдиргани йўқ. Бояги маъсум икки ҳомиланинг ҳаққи-ҳурмати навраста Шаҳобиддинни ўз пуштикамаридан бўлган зурриёди деб кўрди, ундирди, улғайтирди...

Дуруғи маслаҳатомиз беҳ аз рости фитнаангез аст


Гардуни Сегоҳ

Оё мустақим йўлни қатъи манозил айлаб келяпман, ё жомачок жандага ўралиб ором ерда икланиб қолдимми? Кўмган сирларим ниш уриб чиқдими, ё бари зоеъ кетиб, аччиқ воқеот ерларимни самарасиз идбору жиғонга айлантириб битдими?!

Умрдан ҳеч нарса кутмасдан яшашнинг лаззати...
Бу гапда ҳар бир сўз негадир ўзича, айрича,
ёш қизлар қарийди, оломон тарқайди, кун сени кузатиб
уяга киргандек тақвимга киради юкланмай ҳаттоки арича.
Бу шеърдан маъно ҳам кутишнинг ҳожати йўқ демак,
қовушмас ва тарқоқ сўзларнинг йиғинди турмаги-тўплами
қофия ўрнида “димоғ” дей, ёки дейми “эрмак”
барибир чаққандек орада умрдан ҳеч нарса кутмасдан яшашнинг
алами...


Мухаммас

Эҳромлар – билдирмай қизилғишт бинолар ичидан –
куз куни чўғида қизарган чинорлар остига кўчдилар,
ҳовузда нам хазон – бир чимдим сокинлик ё чидам, -
кафт очган одамдек нариги дунёда ўзига кўшк тилар.

Линкольн Инн боғида қонунчи жамоа жойлашган бу сокин уйлару,
бу ички саҳнлар, ҳовлилар, йўлаклар, зиналар, дарчаю ўт аро
бир инглиз тусида кетимдан сезимсиз эргашиб, ё келиб рўбарў
фаросат мактаби – на ёшин, на лошин кўрсатган пўрим куз ўтаро.

Хотирам бу аччиқ ҳавода ким билсин ким билан курашган шамолдек курашар
ўткинчи лайчанинг масхара қилгандек ликкиллар сарғишроқ думи
забт этган ўйларинг хазондек бу кўчган эҳромлар остида қалашар
бу ёшга етганда кўз ёриб ўзингга овунчоқ топганинг шуми?


Ажам мухаммаси

Бу мақомга етиб, ўзингиз ҳам сезган бўлсангиз керак, боягинда айтганимдек, ҳикоямизда иккиламчи қаҳрамоннинг ўзи йўқ. Кимдир тилга олиндими, фурсати етиб саҳнани тўлиқ эгаллайди. Унинг ҳикояси эса гулшандагими, гиламдаги гулдек қиссамизнинг гулшану-гиламини безатади. Саҳнани тўлиқ эгаллаш ҳақида бир воқеа эсимга тушиб кетди, айтмасдан иложим йўқ. Кейин эса ҳикоямизни яна ўз суратигаю суръатига қайтариб олармиз. Эҳтимолки бу ҳикояни аллақаерда айтган ҳам бўлиб чиқарман, бироқ унинг шу ерга мослигию боплиги, чиройлироқ сўз билан айтганда – зебандалиги, жўнроқ, ё асл туркий битикда эса – жўблиги, уни қайтарсам-да, мени узрли этади.
Бундан ўттиз йилча муқаддам менинг салобатли бошлиғим бўлгич эди. Қилган иши – бурнидан юнгларни бекорчиликда юлиб ўтирмаса, қалин-қалин қариндош-уруғларини ишгами, ўқишга жойлаш билан овора эди. Хулласи, ўзбекчилик-да! Кези келганида биз ҳам бу ишга ёлланиб, бошлиқнинг сонсиз жиянларию қайнларини – бирини пахта толаси олийгоҳига, бошқасини “Пахтакор” ўйингоҳига тўғирлаб юрардик.
Кунларнинг бирида бошлиқ мени ўзининг баҳаво хонасига чақирди-да: “Сиз театр олийгоҳининг ректорини танирмидингиз?” – деб сўраб қолди. “Ҳа, Хамзага бағишланган китобда мақоласини бир-икки тилга ўгирган эдим...” – “Балли! Бизнинг Сижжоқлик бир жиянимиз бор, ҳаваскор санъаткорлардан... Тоғларда тўйларни қизитиб юрганмиш. Шуни Театр олийгоҳига мўлжаллаяпмиз... Бу ёғини ўзингиз пишириб берасиз-да!”
Бошлиққа йўқ дейиш бизнинг анъанада йўқ эмасми, қуллуқ қилиб, Театр олийгоҳига йўл олдим. Ректор оғамизни топиб суриштириб боқсам, имтихонлар аллақачон ўтиб бўлган, бироқ ёш талантни шу қадар мақтабманки, унинг катта-кичик тўйларни ўзи ушлаб туришию, аскияда беназирлиги, қизларнинг унга хушторлигию, ҳозирдан шогирдларининг беҳисоб сони ҳақида куйиб-пишиб гапирибман чоғи, ректор бовамиз ўзлари қизиқиб қолиб: “Қани, йигитчани олиб келинг-чи, ўзим кўриб боқай, яна уволига қолиб юрмайлик...” – дея, шахсий кўрик ўтказадиган бўлдилар.
Ишхонага қайтиб бошлиққа ҳисобот бердим: олиб келинг туғма талантингизни, эртага кўрик! – дея хитоб этдим. Бошлиқ ўша кеча Чимён ёнбағирларига шахсий машинасини жўнатиб, эрталабгача ноёб истеъдодни менга етказадиган бўлди.
Эртасига уйимиз олдида бошлиғимизнинг ҳайдовчиси Жўравой-безори машинасини каллаи саҳардан дудутлатиб турибди. Ясаниб-тусаниб оқ машинага чиқиб бордим. Машинада Жўравойдан бўлак сариқ мушукка ўхшаган кўримсизгина бир бола ўтирарди. “Кимларни олиб юрмайди, бу киракаш!” – деб ичимда ижирғаниб ҳам қўйдим, ўнгимда эса: “Ҳофиз қани, ҳофиз?!” – деб сўрадим. “Мана, ўтирибди-ку отти калласидай, онайниский!” – деб жеркиди Жўравой, бояги нусхага ишора қиларкан. “Нима?!” – деб, яна ўзимни босдим: “Ҳикматул машриқийн”да зот деган нарса бор, араз деган нарса, ботин билан зоҳир деган бўлинишлар мавжуд, сурат билан сийрат каби айролиқлар воқеъ ўлуб туруши ҳам аён... Хулласи ўзимни бир амаллаб зўрға босдим. Ўзимни босишга босдиму, сувга тушган бу мушуксимон йигитчадан: “Яхши йигит, отингиз нима?” деб сўрасам, бедаво тожикий талаффузда: “Осим!” – деса бўладими! Яъни: “Ўсийм!” – деб Осимнинг ҳам Осимини чиқариб юборди!
“Ўлдим! – дедим, – шарманда бўлдим!” Машриқийнлар ҳикматини ўзимга уқтира билсам-да, бу туришда ректўр-бовамийз эшигидан олдига солиб иккимизни ҳам қувади-ку! “Мен сенга артист буюрган эдим, сен менга нечук жинқарчани олиб келдинг!” – дея.
Ўсийм-Осимни Жўра қаноти остида қолдириб, ректор-бовани бироз бўлса-да тайёрлаш мақсадида, ҳузурларига аввал ўзим кирдим. Мавлоно Румийнинг “Кир дид, каду надид” канизагидан олдим. Аллома Форобийнинг илми далолатию бурхонидан олдим: кўзга кўрингани асли эмас деган фикрни тепиб-муштлаб пишитдим-да, ғаввослар сув тагига калла ташлаб лаълу жавоҳир топиб чиқишларини Ҳазрати Жомийдан тожикчасига олиб келтирдим, сўнгида Жўрага “Обкир!” – дея қўл силтадим.
Театр санъатида соқов саҳналар деган тушунча мавжуд, ана ҳудди ўша гунг саҳна вужудга келди ўша чоқ ўша ерда. Ректор-бовамиз ҳам эл қатори хизмат кўрсатган паканалардан эди, бироқ юмронқозиқдек Ўсиймни кўргач, ўзини баҳайбат шердек ҳис этди чоғи, икки панжасини иштонбоғига суқиб бурчакдан бурчакка девона қадам ташлай бошлади... (“девона” деганимда девни назарда тутяпман-а!) “Болам, – деди ректор-бова, – сиз шеър биласизми?” – “Ҳа-да, бийз билабийз шеъғрни...” – деб минғирлади Ўсийм. “Иқраъ!” – деб буюрди бова.

Саиди Миршакар амак
Бигуфт Ғани, заданд чапак...

деб ўқиди Ўсийм. “Балли!” – деди ректор-бова, дилидаги ҳисоб-китобини битказгач. “Театр артисти шукухли бўлиши керак. Михайлов!” – деб чақирди бова кимнидир қўшни хонадан. “Лаббай!” – дея қўшни хонадан Азроилми ё сурини ғат-ғатлатган Исрофил чиқиб келди. Унинг важоҳати шу қадар эдики – баримизнинг бўйимизни қўшиб чиқсак, роппароса елкасига етармидик. “Мана бу зорманада саҳнада пайдо бўлса ҳу-ув охирги қаторда ўтирган ҳам уни кўради!” – деб уқтирди бова. Кейин бироз сукутдан кейин бир менга, бир Ўсиймга боқиб: “Сизни эса, бачам, ботиний талантларингиз учун, келинг, дўстимиз ҳаққи-ҳурмати, қўғирчоқбозлик бўлимига киритиб қўяй... Қўғирчоқ ўйнатиб юрасиз...” Сўнг иштонбоғига тиққан қўлларидаги рўмолчани бурнига чўзиб мишиғини зўр иштиёқ билан шир-шир қоқди...

Хар ар жил аз атлас бепушад хар аст…


Мирзаҳаким мухаммаси

Машқим пасайиб кетяпти. Касаллигимдан кейин ўзимга қайтишим қийин бўляпти. Бамисоли нариги дунёда бўлиб қайтгандекман: бирор нарсага қизиқишим йўқ, келажакдан одатдагидек оғизни очиб бир нарсаларни кутиш ҳам тугагандек. Зойчаи толеъларни деворларга тақвимлар ўрнида осиб қўйгич эдим – эртангги куним тугул бугунимга қизиқсам кошки… Ўйлаганим ҳам инсон табиатининг пасткашлиги… Негадир келиб-келиб яна ўзимнинг алоҳида севгим – ўзбек аёлининг баъзан айрича нокаслигу-тубанлигини эслайман.
Қашқадарёлик Гулчамбар қизимизни олайлик. Китоб бошида роса олқаган эдим уни. Китобимнинг бу ерига келиб эса у ҳақда айтадиганим оппоқ сутнинг ачишини, бижишини эслатади. Хотирингизга малолми, малул келмаса куёв йигитимиз ҳатто Шаҳрисабз лаҳжасини ўргана бошлаганини эсласангиз керак. Шаҳрисабзга хотини билан бориб, маҳаллий мактабдаги бир ўқитувчи жувондан дарс ҳам ола бошлади бу олапар йигит. Ана шунисини кечира олмади келинболамиз. Қизғонди эрини. Бир куни гўёки холасиникига борадиган бўлиб, ўзи сандиқ ичига беркиниб олди-да, эри бояги жувонга сим қоқиб, дарс ҳақида келашаётган чоғи сандиқ ичидан сапчиб, эрининг малла соқолига ёпишди.
Кейинги сафар эри мактабда дарс олишдан ҳайиқиб ўқитувчи жувоннинг қишлоғига йўл олганида, келинбола унинг пайига тушиб, қўшнисининг машинасида то дала шийпонига қадар эрини қувлаб боради ва эри шийпонда дарс олаётган чоғи иккисини таппа босади! Яна ширвончамбар сочлару малла мўйлаблар юлинади, тўзитилади! Бўлопган лаҳжа эса қурвонлиққа ярамайди-чи…

Домани аз кужо орам,
Ки жома надорам


Бастанигор мухаммаси

Қашқадарёлик қизни китоб бошида олқаган эдим, – дедим. Китоб ибтидосида кошки бечора Муртазонинг бошига тушажак савдоларни билган эсам! Ўйноқи даромад, рақсбоп нағмалар, ҳазиломуз оҳангимнинг ўзини айтмайсизми… Қани энди буларнинг бари?! Нега киришдим бу ҳикояни куйлашга? – деб ўз-ўзимни коийман. Кўр билан соқов қаҳрамон танласам бўлмасмиди ўзимга?! Бири – ҳеч балони кўрмас, кўрмас экан, куймас ҳам эди, бошқаси эса кўрган-нетгани бўлса-да, тили гапга келмай, кўрган-нетганини сўзлашга ожиз бўлармиди?! Менинг топганларим – нафақат тўрт мучали бус-бут, боз устига бири – сўзаъмол санъаткор: бошқалар – ҳа, бошга тушганни кўз кўрар экан-да дейдиган жойда буниси яна ҳис этади, ҳис этибгина қолмай, бу ҳиссиётини адабиётга, абадиятга кўчиришга тиришади…
Анависи ҳам чориғини судраб тилуқмас ўрислигини қиладими десам, қайда – отинбуви бўлишга жазм этмоқда чамаси… Бари қўлдан чиқиб кетди, бари ўз рўйи-хоҳиши бўйича ўз йўлларини топиб олишди, орада буларнинг савдоларию офатларига мен ёлғиз гирифтор… Ҳали қай кўйларга солишар экан булар мени, ҳали кўзларимдан қайси ёшларни шашқатор қилиб оқизишмоқчи булар?! Ким басталаяпти ўзи бу мусиқани: менми ё улар? Ким чолғую, ким машшоқ ўзи бу ерда?!

Аз мардумак дида бибояд омухт,
Дидан ҳама касро ва надидан худро…


Насри Сегоҳ

Сарахбори Сегоҳ

Муртазо ахир хастахонадан ҳам чиқди, бироқ тузалиб чиққани йўқ – янги азоблар истиқболига чиқди. Хастахонада бадани қақшаётган эса, энди руҳига даво йўқ эди. Яқиндагина устозлари унинг олдидаги кенг ҳаётни ўлчову меёрга солишаётганида, олдиндаги умр бамисоли Шашмақомнинг тизимидек аниқу равшан, аввалдан аёну қоғозга туширилгандек эди. Ўша тайинлигу ҳозирги ҳаётининг изидан чиқиб кетиши қаёқда? Майли, мусиқада ҳам бадиҳа бор, издан чиқиб кетишлар мавжуд, бу ҳол мусиқани қайтага бойитади, лекин у бирон маротаба юз берадию, мусиқанинг тинимсиз оқими ўша гирдобни силлиқлаб, босиб кетади…
Кошки унинг ҳаёти шундай эса! Қайда?! Издан чиқишнинг кети кўринмайди. Бунисини тузатдим деганингда, ундан бадтар чоки очилиб турса! Қамоқдан чиқиб қутулдим деганида, Нигорини йўқотади, Нигори топилгач – бировнинг ёри бўлиб чиқади… Нима қилсин энди Муртазо?! Зайнобиддиннинг ўлишини кутиб юрсинми?! Шундай бедодликларга ҳам қоладими инсоннинг куни?!
Ҳеч чора тополмасдан ича бошлади Муртазо ўша кузак кунлари. Сабуҳийга ичди. Пешинга ичди. Намози дигарга ичди. Хазонлар кечди, асру ҳазин боғларни кезди, оқшомига ичди. Чоғир мажлисларини бирини бирига улади. Қўлига тор тегмаса, китоб ўқиди. Даста-даста китоб ўқиди, яна ичди. Бировларнинг шалойинлигига ҳам боққани йўқ, хунук қилиқларига ҳам парво этмади. Фақат хазонларни кўрди, кемаларда дарёлар бўйлаб сузди, ичди, ичди, ичди…

Май туйки, жом давридинўқ топтилар илож,
Жамъики чарх даврини наззора қилдилар…


Биринчи таронаси

Ичкилик хумори тарқамай, ҳазин боғларда у Нигор билан учрашарди. Уларнинг сайрлари ҳазин ва хомуш кечарди. Нигор қўлида чинорнинг бешпанжа баргларини тутиб Муртазо ёнида борар, хаёли эса уйда ёлғиз ётган эрида бўлармиди, буни сезган Муртазо ҳам бировнинг ёстиғига бош суққандек, Нигорни тезроқ уйга ҳайдагиси келар, у оҳиста ғойиб бўлгач эса ўз ёлғизлигига ўзи чидаёлмасдан хазон тўккан дарахтлар остида кўз ёшлар тўкиб ўтирарди. Кўз ёшлари зилол сувга айланар, зилол сув кузги дунё бўйлаб оқар, аммо Муртазонинг кўнгли ҳеч ёришмас ва лойқаланган ҳисларда булғаниб ётарди.

Ёлборсам ул соқийга бер бир жом деб,
Қон ичибдурур ҳар дам майи гулфом деб…


Иккинчи таронаси

Нигорга осон тутасизми? Кетида кузги боғни қолдирар экан, кошки уни ўнгида янги боғлар кутаётган бўлса… Совуқ қиш, аёз қиш… Бири биридан чигал, чуваланган ўйлар… Муртазо-ку ичишга берилиб ёлғизлигини араққа бўктириши мумкин, лекин аёл ҳоли билан Нигор нимага берилсин?! Уйига қайтиб аламини шўрлик боласидан олсинми? Боласига бақирсинми? Кейин ҳайрон бўлган бу бокира болакайни қучоғига босиб ҳўнг-ҳўнг йиғласинми?!

Тарсо бачалар
Э ҳолиға вой-вой,
Девоналиғим
Ёр масти ту ман.

Ул шамъи жамол
Э ўтиға вой-вой,
Парвоналиғим
Ёр масти ту ман…


Учинчи таронаси

Ундай десам, кимга мушкули тушди – Зайнобиддинга. Одам туну-кун ётаверса, фикру-хаёли жоми жаҳонга айланар экан: юриш-туришингнинг ҳожати ҳам қолмайди, ётган ерингда бутун дунё ғавғоларини юрак кўзинг билан кузатиб ётасан. Зайнобиддин Муртазонинг қамоқдан қайтганини хотинининг паришонлигидан, ундан анқиган эркак ҳидидан, завжасининг Шаҳобиддинга бўлар-бўлмас баҳонада осилишидан сезарди. Ўлай деса – ажал ихтиёри ўз қўлида эмас, тирилай деса – нечукки барчани бахтсиз этиб қайта тирилсин?! Аёлидан неки озод вақти-соати қолса ўгай ўғли Шаҳобиддин билан ўтказар, бироқ Шаҳобиддин ҳам ўсгани сайин сасиб ётган нофаржом отаси бошида эмас, кўча-кўйда тенгқурлари орасида югуриб-елишни ортиқроқ тусарди.

Қутулур кишики жинон риёзиға кирса дўзаҳи қаҳридин,
Бу ажабки жавринг ўлур фузун сари кўйинг ўлса паноҳимиз…


Тўртинчи таронаси

Ноший Шаҳобиддиннинг яримта кўнглини ким эсласин?! Унинг айби нимада экан?! Отаси ўлим тўшагидан турмаса, билгани – гап сотиш, онаси ишидан уйига қайтгач ё отаси атрофида гирди капалак бўлса, ё ҳеч нарсадан ҳеч нарса – Шаҳобиддинга ўшқирса: “Энди сен катта бўлдинг! Отангга қарасанг ўлармидинг?! Фикри-зикринг кўчада! Нима, пишириб қўйибтими у ерда? Ё ўйнаганларнинг шоҳи чиқибтими?! Сенга жаврайвериб, ўзимга қолмайдиган бўлди-ку!”
Кейин эса, тўсатдан ўзини тутолмай йиғлаб юборар ва шошиб қолган болани ўз қўйнига оларди… Қўрққанидан кўрпасига сиядиган бўлиб қолди озодаваш Шаҳобиддин. Аввалига кул босиб, кўрпаларни ҳовлига осишди, кейин эса онаси бир-икки савалади болани: “Яна сиясанми?!” – дея. Бундан ҳар кеча не ҳийлаларга бормас эди Шаҳобиддин ўз қўрқинчида: дилида чўчоғини тугун қилиб боғларди, таг-томир билан кесиб ташларди, лекин нима қилмасин, ярим кечада яна шоли суғориб чиқарди…

Сув оқар тош устида,
Салласи қош устида,
Сийганим эсга тушса,
Йиғлайман ош устида…


Бешинчи таронаси

Кимга осон ўзи бу дунёда?! Офтобрў Қўзихоннинг хаёти осон кечяптими, ундай десак? У ҳам Нигорга ўхшаб Қут-охун эрининг ўлим тўшагида ўлиб ўлмай, тирилиб тирилмай ётганидан безиб бўлган. Тузукки, унинг бахтига умрида бир куни Отагелди пайдо бўлади. Аммо: “Мана, бахт қушимни ушладим!” – деган жойида, ҳудди эрига хиёнат қилаётгандек ҳис этади ўзини у. Йўқ, Отагелди билан унинг орасида бирон бир шаҳвоний кору-ҳол бўлганидан эмас, жўнгина муносабат қурилганидан уялади Қўзихон. Қут-охуннинг оиласида эркак касал бўлдими – бутун оила оёқ учида юришга ўргатилган, шунинг учун-да Қут-охуннинг Қўзихондан кутгани – ўзига эмаса-да, ҳасталигига ҳурмату-эҳтиромни бажо келтириш: ортиқча кулмаслик, овозини кўтармаслик, куну-тун мотамсаро юриш-туриш...
Қўзихоннинг ўйноқи табиати эса, баҳорда совуқ уриб кетган гулғунчадек, эндигина ёзига келиб тўкилиб бўлган ғунча остидан янги куртаклару, янги гулбарглар чиқара бошлаган... Нуқул кулгиси келади, нуқул яйрашни истайди...

Май бирла юзунг тим-тим аҳмарму экин оё?
Ё шуъла аро бир-бир аҳгарму экин оё?


Олтинчи таронаси

Буларнинг барини дилда кўтарган ўзимга-чи? Сўнгги сафар касалликка чалинишимнинг боиси ҳам, ўйлаб боқсам, кутилмаган ғавғою ғулғулалар бўлиб чиққан кўринади. Зўрға ўзимга келиб олдим. Тарозининг забонаси у ёки бу тарафга кетиб қолса посангини тўғирлашдек бир гап. Ўзингиз ўйлаб боқинг: душиза қизларнинг бахтиқаролигию, дўнон йигитларнинг гумроҳлиги... Буниси ҳали бугунги кундан гапирмаётганим!
Шаҳобиддиннинг насли ўсиб-улғайиб бугунги кунда кўраётган дўзаҳ хаётидан гапираётганим йўқ, чекалаб ўтяпман; қадимдан эртак айтувчи гуфтугор мисоли чўпчакнамо ҳикоялардан сўзлаяпман холос. Агарчи мен ҳам жиловимни қўйиб юбориб, жирғаб-жирғаб, сўлакларимни ҳар томонга сачратсам борми... Ҳўбки, халқ лапарида айтмиш, мен ҳам ҳануз тишимни тишимга қўйиб, лабларимни маҳкам қимтиб, қаро тунларни ғира-шира саҳарларга буришга ҳануз иштиёқмандман...

Ёзилсам ёрнинг боғида,
Қишласам кўкси тоғида,
Субҳидам саҳар чоғида
Ўсар қаро зулфинг санинг...


Еттинчи таронаси

Илло! – дейман касаллигимдан кейин ўзимга ўзим, – баримизнинг устимизда кузатиб турган Зотга осон тутмагин бу сафар, астағфирилло! Режа – бир тараф, ижро – бир тараф экан бу дунёда. Тақдир бир томонни кўзласа, тадбир бошни бошқа томонга оғдирар экан. Кичкинагина оила бир ёқда турсин, якка ўз-ўзингни бошқаришу идора этиш ул қадар мушкил экан, бутун башариятни йўлга солиш не қадар азиятли бир иш бўлса! Майли, ислоҳу парварда этиш учун биргина авлод бўлса экан, бирини дарра билан, бошқасини дурра билан йўлга солсанг... Қайда, дейсан! Насл кетидан насл туғулиб, яна ўша аввалгилар бошларини ғурра қилган жойда янгилар қоқилиб-йиқилиб ётишса... Ҳеч осон тутманг!

Садқа, садқа, садқа шавам эй,
Боз чашмони туро, лаъли сероби туро,
Зулфи пурчини туро,
Садқа, садқа, садқа шавам эй...


Сегоҳ талқини

Қишга бориб парканда Зайнобиддин ростманасига ёмонлашди. Энди унинг ҳастахонанинг энг оғир касаллар бўлимига ётқизишди. Ҳастахона – Нигор ишлагани эмас, ундан катароғи бўлганлиги туфайли, энди Нигор у ерга ишга киришга тиришар, бу эса вақт талаб қилмайдими – кунлари икки ҳастахона орасида елиб-югуриб юрарди.
Бошқа ёндан энди уни туну-кун эри олдида ўтиришга қўйишмас, у хастахонанинг ўз ҳамширалари касалга боқишгани туфайли, Муртазо билан икки-уч учрашувига ҳам вақт очилди. Қиш қаҳратони эмасми боғу-роғ кезай десанг, кўпроқ шаҳар марказида у-бу овлоқроқ қаҳвахонада гаплашиб ўтиришди. Рост, бир гал шаҳар чекасидаги панароқ Ботаника боғини ҳам ёлғиз икковлон кезишди.
Гаплар кўпам қовушмас: Муртазо Нигорни кўпроқ ишидан сўрар, пок ойин Нигор майдалаб ҳар бир қўйган қадаминию олган тадбирини таърифлар, сўнг сўраш кези унга келганда, у ҳам Муртазонинг хонандаю-созандалар уюшмасидаги ҳолатидан гап юритарди. Шунда Муртазо тўю-гаштак ҳангомаларидан сўзлашга ботинмас, қолгани эса ўзига ҳам чайналган чандир мисоли зерикарли туюларди.
Орада биргина мавзуга тегилмас, бироқ иккисининг-да фикру-хаёли Зайнобиддину Шаҳобиддинда бўлгич эди.

Кўп киши даъво қилур шамъи жамолинг меҳрини,
Йўқ яна мендекбори бир ичкуяр парвонаси...


Таронаси

Ҳар нечук не қадар бахтли онлар экан ўшал дамлар, кейин билди Муртазо... Бутун дунёда иккисининг, уларни бир-бирига уловчи ягона сирни қўриқлагандек, қўлни қўлга бериб, ул ломакон йўқолишлари... Юрак ҳамиша зиёда тусайди эмасми? Зиёдаси ҳам бўлди бир куни. Қор оройишта безаган боғдан чиққач, қаён борарларини билмай туришар экан, Муртазо туйқусдан: “Бизникига бормайликми?” – деб қолди. Нигор ҳам йўқ дегани йўқ.
Нимани кўзлаб кетишяпти булар шаҳарнинг нариги чекасига трамваю, троллейбусу, автобусу метроларда? Иккиси индашмайди. Оломоннинг одатдаги ғала-ғовури ҳам негадир тинган. Ҳудди бутун дунё буларга сирдош тутунгандек. Уйига яқинлашгач эса қўшнилар ҳам аллақандай атайинчилик билан кетин-кетин чиқиб келишяпти, бироқ биронтаси буларга қарамайди, ҳар бири ўз юмуши билан овора: кими шошилган, кими паришонхотиру, кими алахсиган...
Уйга кириб боришгач, Муртазо аввалига кун тантанасига яраша вазминлик билан чой таклиф этмоқчи бўлди, юз бошқа ҳийлаларни тараддудлади, аммо кетида эшик ёпилиши билан сел келгандек бутун макрларини ювиб кетди – Муртазоми, Нигорми, ё иккиси бараваригами бир бирининг оғушига отилишди...

Гулшани кўйингдин айру боғи ризвонни нетай,
Бошима гар гул сочар сенсиз гул афшонни нетай?

Шундай ҳолатларда йигитнинг юрагида наволар уйғонгани сайин юрагининг ҳар уриши билан қанот қоққандек устозларининг икки равон руҳи қаерда бўлмасин, унинг устига учиб келишарди ва бўш ҳаводан хомуш тикилганча Муртазога: “Бўтам, биз сизга буларни ўргатибми эдик?” – деганларича, липпилаган шамъ тилида ўртаниб-ўртаниб ғойиб бўлишарди...


Сегоҳ Насри

Ўшанда Нигор ёрилди: Шаҳобиддин эри Зайнобиддиннинг эмас, балки Муртазонинг ўғли эканлигини, уни тирик етим қолдирмаслик учун Зайнобиддинга турмушга илашганини, ҳатто Зайнобиддиннинг ўзи бой бермаса-да, баридан огоҳлигини йиғлаб-йиғлаб айтди. Муртазонинг елкасига бирдан бутун оламнинг ғами тушганидек, бир ёндан ўзини ниҳоятда заифу забун кўрса, бошқа тарафдан кўкраклари керилиб, қабоқлари уюлиб, тушган кудуратларни кўтарар ҳам мана мен! – дегандек, ўзини дунёнинг ўқию меҳвари ўрнида туйгандек бўлди. Бу икки ҳиссиёт ораси унинг бошини айлантирди: мана ҳозирнинг ўзида барини бир ёқлик қиламиз деган иддаодан тортиб, то Оллоҳ-Оллоҳ, не кўйларга солдинг сен мени деган шикоятгача тебранди, изтиробланди.
Ал-қисса, барибир бари унинг қучоғида юм-юм йиғлаб ётган заифа Нигорнинг қўлида экан...

Ҳазин кўнглум қуши парвоз этар кўюнг ҳавосида,
Ўкунчдин пар чиқориб ҳар тараф жисмини бол этмиш...


Таронаси

Мушкилотлар ўз йўлига, энди биз Нигор билан биргамиз-ку! – деган ўйи ҳам пуч чиқди. На қаҳвахонадаги, на икки кун ўтгач қишки боғдаги учрашувга келди Нигор. Дастлаб Муртазо ўзининг саросимаю ғулғуласини енгишга куйманди, ғолибо шамоллаб қолдими у, деган хаёлга борди, бироқ бир ҳафта, икки ҳафта ҳам ўтдики, тобора гавжумлаша бошлаган қаҳвахонадаю, қордан қутулиб аста буғларда исина бошлаган боғда-да жунжукканича ёлғиз қолаверди Муртазои номурод.
Уйига қидириб борай деса, қаерда яшашини билмайди. Билган тақдирда ҳам нима деб қийшайиб кириб боради бировнинг уйига? Эҳтимолки, хастахонадан қайтган Зайнобиддинга: “Ассалому алайкум, мен хотинингизнинг ўйнашию ўғлингизнинг отаси бўламан...” – дейдими?! Нигорни ишхонасидан қидирай деса, у эски хастахонасидан бўшаб кетган, янги ишхонасини эса улардан яширганми-ей, яна боши берк кўча! Орада шунча гап ўтибдию, Муртазо Нигорнинг на маҳалласини, на кўйини суриштирибди. Куюк жон-жаҳди билан кўкрагиси келди йигитнинг, бутун дунёга ўкургуси...

Айрилиб мен ёрдин бир неча кун бўлдим жудо,
Ахтариб келдим сани, оромижоним қайдасан?..


Хоро Наврўзи

Ёзувчининг иши – гилам тўқиган аёлнинг корига ўхшайди. Буни менга Отагелди кўп уқтирган. Айни шу фикрни лаҳну-оҳанг ҳақида Муртазога устозлар қайта-қайта айтишган. Отагелдининг бу хусусда қўлбола назарияси бор: тўй-тугун сўзининг келиб чиқиши икки тарафнинг тугун боғлашидан экан. Қалим деган сўз ҳам куёв тарафининг келинга берилган тўлови билан биргаликда “қалим – келим – гилам” сўзларини ҳам англатиши ўша назариянинг бир қисми эди, яъни илгари қалим гилам тарзида берилар экан. Устига устак қадим турк тилида учрайдига “кугур” сўзи бора-бора ўрисларнинг “ковёр”ига айланишини ҳам соатлаб тушунтирар эди Отагелди. “Кирпич”, “айва” каби сўзларни турклар ўрисларга бериб, ўзлари форслардан “ғишт”, “беҳи”ларини олганини у ўксиниб гапирар ва лодалигимиздан куюкар эди.
Буларнинг барини сўзлаганимдан мақсад, мен ҳам гилам тўқиган аёллардек ҳув анави бошланғич бурчакда тўқилган гулни ўз-ўзича ташлаб кетолмайман. Чамалаб-чамалаб, қиссамнинг роппа-роса бу чекасида ҳам ўша нақшнинг ипини тортиб қўйишим лозим.
Атроку ажамни эслаганим-да бежиз эмас, гапни Отагелдининг назариясидан бошлаган эсам-да, мақсад Муртазони бу беқарорликда бир дам ўз-ўзига қўйиш ва гиламимизнинг нариги жиягида унутилаёзган Кабирнинг ипини ҳикоя арқоғига тугун қилиб боғлаш.

Бузулди рўзгорим хонаи айшим хароб ўлди,
На роҳат кўргуман эмди бузулғон рўзгоримдин...

Бу сўзлар менга эмас, кўпрак Кабирга таалуқли. Қумда мадрасани битиргач, Офоғи Табризийнинг ҳалқасидан чиққан бу йигит ўз падари бузруквори каби Оётуллоҳ бўлиш тараддудида аввалига ўртароқ масжидда имомат, сўнгра мадрасада домуллолик, аста-секин валоят сипеҳри тараф қадам ба қадам кўтарилиб бориш ниятини ардоқлар экан, мамлакатда исломий инқилоб юз бериб, ҳамма ёқ антар-тўнтар бўлиб кетди. У имомликка тайинлаган кичикроқ шаҳарчада ҳам кечаги қаланғи-қасанғи бирданига ислом лашкарларига эврилиб, энди илми кўпроғи эмас, бўғизи йўғонроғи ҳанграган муаззину, бўкирган хатибга айланди. Бир туни: “ҳалқа тузиб халқни ба чи йўлдан уряпсан?!” – деган дағдаға ила унинг ҳужрасига ёпирилиб, сўроққа ҳам тутиша бошлашди булар. Орага тушган масжид сўфисинию, мутавалисини қарилигию-мўйсафедлигига қарамасдан, икки чекага улоқтириб ташлашди. Шу паллада Худонинг қудрати билан ой тутулиб, бу лошалардан биронтаси нима қилишинию, қайси ояти карима ўқишини билмагач, Кабир овозининг борича “Қамар” сурасини қироат эта бошлагани ва буларнинг кетма-кет саждага думалагани қутқариб қолди ўшанда йигитни.
Эртасига бутун лаш-лўшини йиғиб, бу шаҳарчани тарк этди Мулла Кабир. Шаҳарчани тарк этди дегани эса, диёринию ватанинг тарк этгани бўлиб чиқди.

Диёрим аҳли мандин ёрсиз бегона бўлмишлар,
Ки ман ҳам ёрсиз озурдаман ёру диёримдин...


Биринчи таронаси

Така-така тум-тум, так-так-тум, – дея Эрондан бошланган ҳижрат ўша йилнинг ёзида Мулло Кабир учун узоқдаги оролнинг Лондон шаҳрида битдими, ё аксинча, бошланди. Сароғозида сарнавишта саргашталигини мадраса китобларидан таниш истилоҳларда йўйди, йўлиққан одамларини кимини ансорга, кимини муҳожирга, кимини мунофиқу кофирга ажратди, тақводор ҳаётини ойлаб рўзадан рўзага ҳисоблади, кунларини эса намози бомдоддан то намози хуфтонгача бўлди. Вале зиндаи умумиянинг оғир оқими саждага бош эгган унча-мунча мажнунтол шохи-бутоқинию, сувдан тик турган қамишу-нилуфарларни ўз гирдобига олиб оқизиб кетар экан, Мулло Кабир ҳам қайси сананинг қайси ойидаю, қайси куннинг қайси палласида даҳрий бўлиб қолганини ўзи ҳам сезмай қолди.
Қазога йўлиқиб ўқилмай қолган салот, рўзгор домида тўланмай қолган закот, фирқалар тортишувида бир кун кечиктирилган ноқис савм, маҳаллада масжиднинг йўқлигидан, энг яқини эса бангалаликларнинг чулчут масжиди эканлигидан зое кетган жуманамозию, ҳайит...
Ўша кунларда Мулл Кабир битган бир шеърнинг таржимаси эсимга тушди:

Қайси сўздан бошлай? Бўм-бўш қозондек
осмонними дей, ё шаффоф кунни?
Бу таомга ўт ҳам қаланмас, ёғ ҳам
қуйилмас. Шаҳарда, сокин боғчада
эринчоқ каптарлар сайридан сапчиб
учаркан, кетидан биринчи хазон
ҳам қалқиб, бемажол ерда қолади.
Арчилган пиёзнинг аччиқ анқиши
ўтларнинг кетида, барглар устида...
Янги куз, янги куз, кўзни мендан уз,
тикилма бу қадар юрак қаъримга,
бу юрак ғам ея-ея қариган,
бу ғам эса кўзга тушган чимдим туз.

Озгина шамолу, бироз мунгли куй,
сўнгра ёзнинг сўнган ўтларида куй...


Иккинчи таронаси

Шаётин кўзи билан боқсанг – тескариси: бу ўлка тилини ўрганиш керакми – мадраса эмас, балки аралаш-қуралаш курсларга қатнайсан, у ерга ит ҳам, бит ҳам бир бўлиб келади. Киборлигинг бир кун ўтади, икки кун, учинчи куни ҳамма қатори эл олдида ўз яланғоч ҳаётингни сўзлашинг керак, кимдир муллабачалигингдан кулади, кимдир бачкана саволлар сўрайди, тўртинчи куни эса ўқитувчи бутун синфни тил чиқариш баҳонасида қўшни паб, ё-да танишроқ қилиб айтганда хароботга етаклайди, майли, бошқалар шовқин-суронда сархуш ичимликлар ичишса, сен чой сўраб оларсан, бироқ булардан узоқ кетдингми яккамоҳовлигингда?!
Кийган кийим ҳам куз ўтиб қишлайин, йўқса кўкламга чиқиб, оҳиста ўзгаради. Бисмил гўштни кўча-кўйда оч қолиб кетганингда суриштирасанми, ва ё қиблани борган жойингда Маккабилмас бу элатдан сўраб юрасанми? Яна ўшал даврдан қолган бир шеър таржимаси:

Поезд кетяпти вақтдек, ҳаётдек, фикрдек,
бу эски бир ўйдир, лекин оғриғи ҳар сафар янги.
Гуноҳларга кўмилиб кетдик ҳаммамиз бирдек:
сафоларнинг энг тозасию, фосиқларнинг энг энги.
Йўқ, баримиз гуноҳдами, дўзаҳда бирлашайлик деётганим йўқ,
ҳолбуки, дўзаҳни кутиш дўзаҳда яшашдан-да дўзаҳ –
шунчаки, ўлимга маҳкумдек валжирайман: бу қамоқ
бошқа мумкин турмалар орасида мунча заҳ?!..


Учинчи таронаси

Бояги тил курсларидамиди, ё кейинроқ ўрганмоқчи бўлган компютер ўқишидами, ундан сўнг умрини нақд ярмини таксичиликка бағишлаб киракашлик қила бошлаганидами ё алал-оқибат рўзномага ишга келганидами – сал мусулмонроқсифат аргентиналик Хулия деан қиз билан танишиб, тилми ё компютер баҳона – Хулия ҳам хўжаста жамол Ҳулёга айланди-да ҳилву ҳурлиқолиғи ила йигит дилини ўзига маҳлиё қилди-қўйди. “Ўт экан Ҳулё, рўё экан Ҳулё, бало экан Ҳулё, бир сўз билан айтганда – дўзаҳ экан у...
Мустақим сиротидан золийнлар йўлига тушиб қолди адашган Кабир. Аммо ҳайит намозлари Лондондек азим шаҳарнинг жомеъ масжидида намозга кириб кетган юзлаб аҳли муслимнинг ковушларини тўғирлаб юрганлигини ҳам кўрганлар бўлди.

Айласам кўйида маъво найлайин жаннатниким,
Бор менга ул ёр кўйи жаннатул-маъво киби...


Ажам Наврўзи

Эътиборли ўқувчим, зиғирдек бенишонлигимни энди ўзингиз сезган бўлсангиз керак. Ҳа-да, сарлавҳада “ажам” сўзини кўриб мен ҳам бу фикрга борган бўлардим, лекин гилам ҳақидаги таъбирим эсингизда бўлса керак, нариги бахяда бенишонлик бадиҳан безалган эса, бунисида – ихтиёран. Ундан кейин гапнинг учи ҳамиша менинг қўлимда эмасми, озми-кўпми нима ҳақда гапиришимни биламан-ку ахир.
Ушбу узрлардан сўнг айтмоқчи бўлганим: қарғалар уюрида оқ кабутар бўлиб юриш қийин экан, салкам иложсиз. Ўқ ўзан тортиб кетди, оқизди Мулла Кабир ҳаётини. Кечиримсизлар – айниқса туновги шаҳарчадаги лашкарбошилар турқи баҳона – буларнинг барини итқитса ажаб эмас, аммо ана Муртазомиз ўз элати орасида қора зоғ бўлиб яшаб юрибди-ку! Бироқ нечун унинг ҳаёти соддаю жўн эмас, нечук у ёлғиз ёр ишқида одам боласи кирмаган кўйларга бошини уриб ётибди?! Шу савол қийнайди мени, сезган эсангиз, эътиборли ўқувчим. Дунёда ҳар ким фаришта туғилиб авлиё ўлишини истаса керак, аммо нечун бундай саодатлиларнинг сони бир қўлда саноқли?!

Қаю қушким қўнар бу пайкари мажнун мисол узра,
Эрур тан заъфидин қушдекки қўнғайлар ҳилол узра...

Беқарор Муртазони ёлғиз қолдирмай, бу орада ким билсин қаёнларга олиб қочмасин уни саранжомсиз саргашта хаёллари... Дарҳақиқат, Нигорни бедому-дарак йитгач, Муртазо боз Мирзаҳаким-қайнисини қидириш васвасасига тушганди, ва лекин ёрни топиш учун рақиб исташ хаёли унга андак истеҳзоли кўринди, пировардида у яна таваккалини Худога топшириб, ўтган сафар Нигор қандай топилган эса, бу сафар ҳам Оллоҳ буюк, – дея шаҳар кўчаларини қишнинг сўнгги қировларида беихтиёр кеза бошлади. Лабида эса икки сатр:

Нетонг нозиклигидин гар қурайши бўрк оғир келди,
Хам айлар чун қиров кўркам ёғар нозик ниҳол узра...

У дамлар эмас, йилчайин Муртазо бошқа хаёлдан қиров босган навниҳолдек сесканиб юрди: бирон маротаба унинг ўйи ўз ўғли Шаҳобиддинда тўхтамабди, изғиринми, гармсел уриб кетган оталик туйғуси бирон маротаба гуркираб ниш урмабди, қайтага бу хаёлдан қочиб, бу фикрдан беркиниб, яна унга гирифтор эта Нигорни излашдан тоймабди у.
Муртазони диликарахтликда бизга айблаш осон, аммо ўз ўғлингни беш-олтита бола орасида танимасликдан оғирроқ шармандагарчилик борми бу дунёда?! Шундан бўлса бордир, Шаҳобиддин ҳақидаги ўйларини қалби тугул, миясига қўймади Муртазо, қидирса кимни қидирди кўча-кўйларда – Нигорини... Аксига олиб Худо ҳам арзандалигидан чиқариб юбордими Муртазони, тасодиф юз бериб на кўча-кўйда, на тўю-ҳашамда, на бозору-бозгоҳда йўлиқмади Нигор бу сафар. Фақат тушларида қолди у. Эрталаб кўзларини ишқаб-ишқаб очса, яна йўқолди у.

Навоий ёр лаълинда учуқдур йўқса ёпишди
Чивиннинг парридин бир пора қўнған чоғда бол узра...


Таронаси

Худонинг йўллари йўриқсиз, машаоллоҳ! Мақомларнинг усуллари янглиғ. Дейлик, Наврўзи Ажамнинг усули: “бака-бум, бака-бум-бум” эса, нечун таронасининг усули: “бака-бака-бак-бум, бак-бака-бак”? Тайинки, буларнинг тагида биз билмас равшан қонунлар ётади, фақат тишимиз бу қонунларга ўтмайди, ақлимиз уларни чақишга ожиз. Куфр билан имоннинг тафовути ҳам шу тилсимотни қабул қилиш ё қилмасликда эмасмикан? Муртазо ҳам юрган йўлидан Нигорни кўзлади, дучор бўлгани эса ҳақир жусса Зайнобиддин бўлиб чиқди.
Бир куни трамвайнинг орқа саҳнида филармониясига кетаётса, бир гала талаба қизлар дупур-дупур кириб келиб: “Вой, Нафийс, анув артисси қарайла, ҳалиги қамалиб чиққан-чий...” – дея бир-бирини турта бошлаб, Муртазонинг ғийбатини қила бошлашса бўладими. Нафисаси ҳам қулоққа чалинар-чалинмас: “Вой ўлиий, холавуза тиливийзирда кўриб хуштор бўпқоган окамгилаю...” – дивоттила. “Нафийс, ўзимизам йўғ димосдивуза, ашулла этсала ўйинга бизам тушардув...” – “Яхшиям қарамавоттила, қарасала ўлиб қоловузая, қизла...”
Буларнинг пиқир-пиқирига бутун трамвайдагиларнинг бўйинлари ғоздек қайирилиб, мислики бор дунё Муртазога кўз олайтиргандек эди. Унча-мунча шуҳратга кўниккан Муртазонинг бу чоғ ҳижолат тортиши бир гала ёш қизларнинг ўйноқилигида эди. Буларга бас келиб бўларканми ўзи?! Бас келганингда ҳам сени дарҳол қолганлар шилқиму-бачканага чиқариб қўймайдими: “Вой, овсин, анув ашулачи бор-ку, қамалиб чиққани-чи, тиромбойда кўрувдим, бўйига етмаган қизлага гап отиб юрипти, бўйнинг узулиб тагингда қогур!”
Ҳижолат ҳам гапми, у томонга кўз қирини ташлаган Муртазо кейинги ўриндиқда букчайиб ўтирган Зайнобиддин-муллабачани кўриб қолса бўладими! Юзига гуп этиб қон урди, ўпкаси ҳалқумига тақалди шу заҳотиёқ. Беихтиёр орқа ойна томон ўгирилди Муртазо. Хаёллари тўс-тўполонланди: “Наҳотки у ҳам бу гапларни эшитиб ўтирган бўлса?! Нигорга айтса-чи? Йўқ, шарманда! Ер ёрилсаю, ерга кириб кетса!”
Шу заҳот трамвай эшиги дарз кетдию, Муртазо ўзини бу ёруққа ташлади. Кетидан эса карашма кулгулар сурудида:

Гар жафои жавр кўргуз, гар вафоу меҳр қил,
Садқаи лутфинг бўлай, ё етса озор ўйрулай...

деган сўзлар уни қувларди...


Уфориси

Э воҳ, нақадар койиди ўзининг ношудлигини Муртазо ўшанда! Ёпишмайдими Зайнобиддиннинг этагига, оғир кунларда мендан хабар олган биродарим! – деб қучоқламайдими, ахир зоҳирида иккисининг орасида ҳамоғушликдан бошқа ҳеч нарса йўқ-ку, ё ботини билан яшашга маҳкумми инсон?! Пинҳон ўйлару, яширин сирлар, хуфёна амаллару, ғайбона муносабатларми бошқаради инсон ҳаётини? Ўйлаб ўйларининг охирига етолмади беком Муртазо.
Мана энди у ишдан бўшади дегунча, ўша бекату, ўша трамвайга югуради, орқа саҳнга чиқиб ўша кунга трамвайни танишга тиришадими-ей, анови беибо қизларнинг галаси эмаса-да, лоақал биронтаси кириб келишини кутадими-ей, хасталикдан букчайган Зайнобиддинга қайта йўлиқишга уринадими, ва ё алал-оқибат ёлғиз ёри Нигорини излайдми, қайдам...

Кўрмас мени ўз базмиға чун ёр муносиб,
Бўлғайму анга суҳбати ағёр муносиб?..


Сегоҳ Муғулчаси

Бу йўсинсиз излашларда бир йилча ўтди; орада Муртазонинг аввалги шуҳрати ўн ҳисса ортди, энди у юртнинг балки-да энг машҳур ҳофизи эди. Бунисида ҳам каромат бор эди. Бошқалар тўю-гаштакларда пул учун куйлашса, Муртазо бехонумон кўнглини бўшатарди, бошқалар санъатини кўз-кўз қилган ерда, Муртазо таталанган қалбидан бўзларди.

Кўнглим олғач ул пари мажнуну шайдо қилдило,
Ақлу хушумни жунун даштида яғмо қилдило...

Оллоҳ эшитдими бу нолаю фиғонларни, ё Нигорга эшиттирдими уларни, ҳарна эса бир куни шаҳарнинг энг муҳташам томошагоҳидаги концертидан кейин бир даста гул кўтариб Нигорнинг ўзи саҳнага чиқиб келди. Эл олдида оёғига йиқилмоқчи бўлди Муртазо, этагига ёпишиб: “Ташлама мени!” – дея ёлбормоқчи, ё барчанинг ўнгида қучиб: “Энди қўйиб юбормайман сени!” – демоқчи бўлди. Бу оний интилишлар саросимасидан карахт бўлиб, на тили сўзга борди, на ихтиёри бирор амалга... Бирданига ўзигами раҳми келиб, кўзларидан ёш сирқираб кетди. “Нигор, сенмисан?” – деб шивирлади унинг лаблари. “Мен сени роса қидирдим-ку...” Нигор ҳам таъзим билан унга гулдастани узатди-да, санъаткорнинг қўлини ўпаётиб: “Мен эшик тагида кутарман...” – дея пичирладию, орқасига қайрилиб саҳнадан узоқлаша бошлади. “Албатта!” – дея ногаҳон ташна овозда ҳайқириб юборди ҳофиз.

Оҳ ким чекдим кўриб жавлонини беихтиёр,
Ёшурун ишқим улусқа ошкоро қилдило...

Йўқ, хонавайрон этгани йўқ бу кез Нигор уни, ҳар тугул кутиб турди эшик тагида. Юрагини ҳовучлаб югурган Муртазога бу учрашув Нигор билан бўлган илк учрашувини эслатди. Панада рангин кофур қиз тургани сизнинг ҳам эсингизда қолган бўлса ажаб эмас. Бу сафар ҳам овлоқроқ жойда ҳудди ўша одми мусулмон қиз бир ўзи ёлғиз турарди...


Талқинчаси

Ўша кеча кўча кезишди иккиси, кўл кезишди. Мен бир бошқа ерда бир шоирнинг бошқача шеърини ўқиганман. Негадир ўша кеча ҳақида ўша шеърни айтиб бермоқчиман, шунда балки булар орасидаги оҳорли бокираликка бош суқмагану, аммо уни англаб етган бўлармиз...

...тунги бирларда тарқалдик.
Яна велосипед. Осмонда Етти Ҳулкар, ёнимда улардан бири,
йигирма тўрт кунлик ширин ҳаёт битган эди, уйларга йўл олдик,
бу кунларни сўнгги йўлга кузатгандек оҳиста. Бу ҳам ойнинг таъбири
эди-да, бу сафар у ёлғиз, мен эса ёшлигим аксини
сўнгги бор кузатиб борардим. Лузумсиз сўзлар…
Уйига ҳам етдик. Хайрлашдик, бироз ўксиниб:
“Озгина юрайликми?” – деди у. Тунда кўринмас кўзлар
Менга боққандек бўлди. “Унда, – дедим, – эски қасрга борайлик,
Унда, – дедим, – уйқу йўқ эканми сўнгги тун, демакки уйқу йўқ!”
Миндик велосипедларга, оҳ бу тунги ралли –
ғилдирак симларидек милтиллар осмонда юлдузлар, ой – ўқ…
Бўм-бўш йўллар, юзимизга вақт каби урса-да майин ел,
мен йигирма тўрт ёшимга кетяпман, ёнимда йигирма тўрт яшар қиз.
Нима қиляпман мен ўзи? Бегона ёш, дугона қиз, бегона эл,
“Оз қолди”, – дейман. “Унда бу озини ҳам айтинг”, – дейди у туйқус.
Тунда қолган икки кишини, дала йўлларига велосипед бурганини,
сарой деворлари ортида икки кўл ўртасидаги тош қотган ҳайкалми бу ё?
Кўлда ой, кўлда кўринмасу тунда тинмас ўрдаклар, қамиш тиними,
етим ўтлар. Йўқ, бу бари ёлғон, бари сароб, бари рўё…
Чунки бу тун бутун умрга тенг, ҳатто ундан ҳам ортиқ,
уни тасвирлашга сўз етмайди, фақат сукут…
Икки кўл оралаб кетган йўлак – иккимизга тортиқ,
у умр йўлидан узоқ, буни билар ҳеч кимнинг қўли тегмаган ўт.
Ҳўл ўтга ўтирганимизни, “биз ўлсак нима бўламиз?” – деганингни,
ойкулдан эса биринчи туман кўтарила бошлаганини осмон томон,
умримда илк бор билдимми, тушундимми – бокиралик нима,
қўл урмаслик нима – тунда, сукутда, севгида, умрда йўқ бўлиш бемомон.
“Энди қоронғу осмонга қараб сизни ўйлайман”, – дедим. Турдик оҳиста,
девор тагидаги жунжуккан велосипедларга яқинлашдик, бир-бирга,
тахир лабларингни, сомон сочларингни, илиқ бўйнингни истаб,
ўз фолимга йўлиқдим шунда, ҳеч нарсани аввалдан сўзламас тақдирга.
Мен қора палточадаги тунни қучар эканман, унга “севгилим” эмас, “қардошим” дедим,
у ҳам узоқ оғушини очиб, севгим учун эмас, йўқотаётганим учун йиғларди юм-юм,
ё бу ҳам рўёмиди: бу сарой, бу девор, бу йўлак, бу осмон, бу тун каби қадим,
буларнинг устида эса гўр устидаги тупроқ каби, ўт каби юлдуз – бир уюм.
Дилдираб қайтганимизни бу дала йўллардан, бу бўм-бўш шосседан,
сўзлардан холи, ўтмишдан холи, умрдан холи, бешарқию, беашула,
сир сақласанг-да – унут буларнинг барини, унут яхшиси том,
куйдирса куйдирсин ўт эмас – Ҳулкарлар пойингга ташлаган шуъла…


Ним чўпони

Қаламим синиб жимиб қолсам бу абадиятда...

...........................................................................................................................


Қашқарчаси

Не ажаб шикаста кўнгул иши туну кун фиғон ила ноладур,
Ки не ғам тошики фалак отар анга лаҳза-лаҳза ҳаволадур.

Дема ул пари юзини қилибдур ихота ҳалқаи зулфиким
Фалаки латофат уза онинг бириси қамар, бир ҳоладур.

Ғами ишқ ичра ҳақдир англама дуди оҳ ила қон ёшим,
Бири ер уза ғозаю, бири кўк бошига кулоладур.

Нетонг Огаҳий назар айламас эса боғ сори, Нигорининг
Сочи сунбулу, кўзи наргису, лаби ғунчаю, юзи лоладур...

Аллақаердан етиб келган ажиб ашула садоси... Ёшликнинг жозибали куйлаши бошқа, қариликнинг надомат тўла ноласи бошқа. Ўзбекнинг ғамгин ғазаллари куризликка хосроқ. Муртазо эса шу тон умиду армон ўртасида васл дамларини яшамоқда эди. Висол онларида ҳаётнинг ўзи – қўшиқ, Нигор ила илк учрашувини хотирлар экан, у ҳазиломуз:

Деб эмишсан айлагунг ислом элинда қатли ом,
Айлама бу зулмни, э номусулмн, айлама...

деб хитоб этар. Бунга жавобан Нигор эса: “Дарвоқеъ, тунов куни уйимизни Мирзаҳакимнинг болалари топиб келишган экан, уни озод этишибди...” – дер, бироқ Муртазо бу сўзларга парво қилмас, балки ўзининг қамоқ йилларини эслаб, Нигорнинг илк васл кечасидан сўнг қозоқ отига миниб, чўлга кетганинин хотирлаб, боз мутоибага бериларди:

Олам аҳли жониға раҳм айла, эй чобуксувор,
Отланиб усрук яна оҳанги майдон айлама...

Нигор аллақандай тинимсизлик ила ўтмишдан уни бу кунга чорлар: “Сенга Шаҳобиддинни кўрсатмоқчиман, бола тушунади деб ўйлайсанми?” Аммо Муртазонинг бу он кўзи кўр, қулоғи кар, ўзи эса сархуш эди. У энди хиргойига ўтиб:

Ноламиздин кечалар гардун қулоғи бўлди кар,
Оҳ ким етмас санга бир нолаю афғонимиз...

деб куйлар, шунда Зайнобиддиннинг соғайишини нечундир тилга олган Нигор ҳам Муртазонинг бетакрор овози хуморида кундалик ташвишларини итқитару, бутун вужуди билан оҳангнинг талпинишларига ғарқ бўларди.

Турмайин аҳдингда паймонингни синдурдинг ахир,
На эди аввалда Фурқат аҳд ила паймонимиз...


Соқийномаси

Сўз ўйинлари не кўйларга солмайди бизни! Сўнгги сатрни қайси маънода тушунди тақдир, аммо азалги, аввалги аҳд ила паймонни катта харфий Фурқатда ёзди яна. “На”сини ҳам кўзга илмади, ё илғамадими... Бунисини эса ётиғи билан айтиб берай.
Муртазо умрида бу қадар бахтли бўлмаган эди. Баҳор нашъасидан нафақат у сармаст эди, балки куни кеча ажалга ҳамроҳлик истаган Зайнобиддин ҳам соғайиб кетган, бундан эса Муртазо билан Нигор орасида ҳеч қандай тўсиқу-тўғон қолмаган; Нигор ҳам соғайган эри ила ажрашишга тайёр, Шаҳобиддин ўғлини эса ўз отаси Муртазога пайванд этишга чоғланмоқда эди. Муртазо-чи ўзининг мастоналигида баҳор сойларидек жўшқин ва сабрсиз: “Ажрашнинг ҳам ҳожати йўқ, мен сени шундайлигингча энди ҳеч кимга бермайман!” – деб қистар, Нигор эса, Нигор: “Буниси мусулмнчиликка тўғри келмайди, инсофдан ҳам эмас!” – деб ўзлаштирган дину-эътиқодидан қолмас эди. Астағфирилло, шу дамларда фироқидан безиган Муртазо бехосдан: “Кошки кофирлигингча қолсанг эдинг!” – деб ўйлашдан ҳам тоймас, бироқ бу ўйни ша заҳотиёқ уч карра тавбаси билан янчишга шошиларди.

Сен агар инонмас эсанг фироқ аро ҳоли зоримиза бизинг,
Руҳи зардимиз била ашки олимиз ўлди икки гувоҳимиз...

Нигор эса ўз орзуларида янги оилада илк қўл урадиган тадбири – Шаҳобиддиннинг суннат тўйи ҳақида ўйлару-сўйлар, тўй бошида эса болакайнинг отаси Муртазонинг ўзи туриб, ўзи хизматида бўлиши уни мислсиз шодликка чулғарди.
Бир куни васл пешинидан сўнг Нигор Муртазони кўчага бошлади. Қаерга олиб боришини сўзламасдан, маст туядек йигитни кўчама-кўча эргаштираверди. Ниҳоят улар бир боғчага етишди. Темир панжара ортида майдончада чурвақалар қий-чув кўтариб ўйнар, Нигор Муртазони қалин сим панжарага бошлаб: “Қани, топ-чи!” – дея шивирлади. Бу илиқ нафасдан илк бор Муртазо қалбида оталик туйғуси уйғонди, ўртанди, у панжарага ёпишиб майда катаклар орасидан майдончадаги болаларга тикилди.
Муртазонинг юраги алланечук дук-дук урар: танимасликданми қўрқди у, ё бошқа ҳисмиди бу, аммо болаларга боқиши билан чекароқда ўз-ўзига Худо билади нималарни ҳуштак чалиб турган ўйчан болакайни кўрдию, юраги орқага тортди...

Не ажаб фироқ қаро тунимиз кунимизга ғолиб эмас эса,
Ки хаёлу завқи висол эрур куну тун гунаш била моҳимиз...

Ўшанда бу сўзларни эмас, ўзга байтни айтиши керак эди Муртазо:

Нега эй кўнгул тилабон сарир ила тож ғам аро қолғасен,
Бор эса фараҳга чу моя фақр аро бурёву кулоҳимиз...


Уфориси

Ҳаётда шундай кунлар бўладики, бир ибора бўйича “ойнинг тўрт жумаси бир кунда келади”.

Авбош ҳужуми бир тарафдин,
Бир сори жафои таъни ағёр,

Бедард изоси бир тарафдин,
Бир сори жафои чарҳи ғаддор...

Азиз ўқувчим, агарчи шу ерга қадар қиссамни ўқиб, ўлоқтирмаган бўлсангиз, унда сиз назму навомизнинг асл шайдоси экансиз. Унда ҳикоямиз авжига яқинлашганини сезганингиз турган гап. Қадимларда мақомними, катта ашулани айтган ҳофизлар куйлаш олдидан белини маҳкамроқ чорсуми, белбоғ билан боғлаб олишар экан. Унча-мунча намудлар бўладики, кўкрак қафасини ёриб юборишади. Буни Муртазо ҳам устозларидан ўрганган албатта, бироқ сархушликда ўз ҳаёт қиссасининг авжи мана шу қўшалоқ васлда келганини тушунган. Нигорини топди, ўғлини топди, яна нима керак унга бу жаҳонда?! Бутун куч-қувватини йиғиб тақдири намудини бор оламга баралла куйлашга тайёрдек...

Мен ҳам шу топ эҳтиёт шарт уйдаги қийиқни белимга боғладим-да, ўша кун воқеаларини узоқроғдан, Лондондан бошлай.
Найсон ойининг учинчи куни эрталаб соат саккизда муллалигини унутиб бўлган Каб лақабли Кабир ўзининг қўлбола такси-машинасида (инглизчасига бу машиналарни “каб” дейишади, шундан ҳам Кабирнинг лақаби инглизчасига исмини қисқартиришдан ҳосил бўлиб, “Каб”га айланган), биринчи чақириққа йўл олди. Мижози – мусулмонваш бир аёл уйининг эшиги олдида қўлида боласини тутганича, сабрсизлик билан машинани кутиб турарди. Такси келиб тўхташи билан эшикдан терлик кийган малла бир инглиз пайдо бўлди-да, шиппакларида ҳайдовчига яқинлашиб, арабча талаффузда: “Ассаляму аляйкум!” – деди. Кабир сесканиб: “Валайкум ассалом!” – дея алик олди. “Хотиним узоқроққа кетяпти, шунинг учун маъмурингизга мусулмонлардан биронтасини юборгин деб тайинлагандим”, – изоҳлай бошлади малла инглиз, ва аёлини қаерга етказишни сўзлаб, Кабир қўлига эллик фунтлик қоғозни тутқазди. “Кўп бўлади”, – деса Кабир, у: “Қайтимини янгангизга берарсиз”, – деб қўлини қисиб қўйди.
Аввалига сукутда кетишди булар. Лекин таксичиликнинг ҳам ўзига яраша қонун-қоидаси бор. Илтифоту-навозиш юзасидан мижозингга у-бу нарса деб қўймасанг – буниси қўрсликка-қўполликка йўйилади. “Ўртоғингиз фалончи жойга олиб боришимни тайинлади, узоқрок экан, бензиним етмаса керак, йўл-йўлакай ёқилғидан тўлдириб олсак қаршимасмисиз, ё ишингиз шошилинчроқми?” – дея кўзгусида аёл билан кўз уриштириб сўради Кабир. “Бемалол, – деди аёл, – ишим шошилинч эмас, қайнонамникига кетяпман. Боламга қараб турадиган бўляпти. Ўзим эса синглимни кўриб келмоқчиман”.
Шу йўсин гап боғланди. Кабир касбига тўнкаб, суриштириб боқса, қиз Мовароуннаҳрнинг Қашқадарё музофотидан экан, мусулмон бир инглизга турмушга чиққан эмиш, мана энди сингли Англиянинг чекароқ бир шаҳарчасига ўқишга келиб, ҳинду йигит билан тил топишиб қолган экан, шунга Гулчамбарнинг эри Гулчамбарни синглига таъсир ўтказиш учун жўнатган экан.
Аммо “Ла икраҳа фид-дин”, – деб қизишди Кабир ва анчадан бери ҳис этмаган иштиёқ ила бир ояти карималардан, бир ҳадису суннатдан, бир машойихларнинг қийлу-қолидан қалаштира бошлади. Аввалига бахслашмоқчи бўлган жувон Мулла Кабирнинг нуктадон исботу-далиллари ёғдусида маҳлиё бўлганича бояги кўзгудан кўзини узмади. Суҳбат оҳиста жувоннинг синглиси масаласидан унга ўтди, бунга ўтди, охирул оқибат ҳайдовчи ва йўловчининг ҳаётларига тақалди.
Йўл узоқ эканми ўшанда, қуёш чароғонми, лекин ҳеч кимнинг олдида тўкилмагандек тўкилди Кабир Гулчамбар ўнгида. Илоҳиёту қалам қолмади, фиқҳу фалсафа ҳижжаланди, мантиқу шеъриятга кез келди. Гулчамбарнинг юртини эслаб, Кабир:

Агар он турки шеърозий ба даст орад дили моро,
Ба холи ҳиндуяш баҳшам Самарқанду Бухороро

ларни ўқиди, “Минг бир кеча”даи Шаҳризодни тилга олди, ҳатто ҳозир кетишаёган шаҳарчага қўшни бўлган университет шаҳарчасида ўша тарафлардан келган туркман артистларининг концерти борлиини ҳам фахр билан айтди.
У бўлди, бу бўлди, йўлнинг сўнгида иккиси келишган нарса – Кабирнинг ўзи Гулчамбарни синглиси яшайдиган шаҳарчага етказиб қўядиган бўлди. Гулчамбар қайнонасининг черков ёнбағридаги уйида ярим кунга қолар экан, Кабир машинасини шаҳарча марказига ҳайдаб ярим соат кўчама-кўча тўхтамай юрганини пайқаб қолди. Нима бўлди унга? Нечун ичида баҳор қуёши туриб келаётгандек? Муллабачалик йилларидау “Нур” сурасидан “Оллоҳу нуру самовати вал-арз” оятини тинимсиз ўқирди. Ёшлигида ҳатто на Шарқ, на Ғарбда бўлган зайтун дарахтига ўҳшаган нур ёғдирувчи юлдуз янглиғ ойнабанд чироқ турган токчани расмга тушургиси-да келар, бунга шакл ҳам топиб қўйган эди. Айни шу интилишда у Хуросонлик бир туркмандан хаттотлик машқларини олган эди. Қаерда экан Отагелди исмли у хаттот энди? Шу фикрда Кабир бир тўхтамга келди. Машинасини панароқ жойда қолдириб, ўзи шаҳарча дўконларидан хитой қоғозу, мўйқаламлар ила бўёқлар қидиришга киришди.

У эсга олган Отагелди эса шу соатми, сал кечроқ, Лондондан саккиз юз олтмиш олти йиғоч нари Ўрта Осиёнинг қоқ ўртасида Муртазонинг расмлари ҳар дарахту ҳар деворга ёпиштирилган шаҳри азимда эри Қут-охунни абадиятга топширганидан сўнг азадор бўлган Қўзихонни илк бор ташқарига таклиф этиб, тандир оғзидек қизиган қуёш остида аввалига қаҳваю чой, сўнг ширинликлару енгил ичимликлар билан хушнуд қилиб ўтирибди. Бу гапим узунроқ чиқди, ундай десам, иссиқ ўлкада борлиқ ялқовроқ, сусткашроқ бўлади эмасми, гап ҳам бироз чўзилса чўзилибди-да. Қўзихоннинг яланг кўнгли ҳам узоқроқ, давомийроқ муомала тусагандек, у ҳам ҳеч қаёққа шошилаёгани йўқ, аксинча, пешиндан кейинги сўлғинлаша бошлаган офтобнинг дангасароқ нурларини қизғониб ўтирибди: кошки бу лаззатли бекорчилик битмаса-тугамаса.

Оғирлик ва Нозлик – опа-сингиллар, нишонангиз бир,
оғир гул қаъридан арилар эмганда нек тарлар,
ҳаётдан кўз юмар бир инсон, илиган қум совир,
ва тунги қуёшни қоп-қора совутда манзилга элтарлар...

Отагелдининг турган-битгани эса тавозеъ ила хушчақчақлик. Унинг ёнида ҳеч қачон зерикмайсан, аёл. Бир қишлоқ ўтмишидан латифанамо чўпчакларни эслайди, бир Амриқою Фаранг юртларида кўрган-нетганларини хотирлайди, жилла қурса сиз оғзингизга олган сўзингизнинг келиб чиқишию, бу сўз тарихи атрофидаги ғаройиботларга чўмади ва бир парча қоғозга бу сўзни турли хаттотлик усулларида чизиб ҳам беради.
Мана энди ҳам у кўчанинг нариги тарафида тўхтаган эшакаравани кўрию, бу оддий “арава” сўзи арабчага ўтиб “ар-роба” бўлганини кулгуга солиб ўтирган пайт, ўша ар-робадан бир кемтиқроқ одам ташди-да, булар томон яқинлаша бошлади. Ёши қирқдан олтмишгача кўринган бу жиккаккина одамнинг қачондир жингалак бўлган сочлари патаклаб кетган, яғири чиққан нейлон кўйлагидан эса қўланса ҳид анқирди. Тишлари тўкилган бу одам бир нарсаларни вишшилагандек бўлди, бироқ Қўзихон биронта сўзини тушунмаган эса-да, тилларнинг ўлигинию тиригини бир теккисда билган Отагелди негадир стол ўртасида музпақирчада қўққайиб турган тўла шампан шароби шишасини челакчадан суғуриб бояги кишига узатди-да, ўша виш-виш тилда бир нарса дегач, бу исқирт шишани бағрига босганича ар-робаси томон шиппиллади.
“Лўлилар бўш шиша йиғишар эди-ку?!” – дея сидқидилдан ҳайратда қолди Қўзихон. “Буниси шаклан миллий, мазмунан социалистикларидан экан”, – деб ҳазиллашди Отагелди. Лекин қисқа қуёшнинг бота бошлаганию, унинг кетида кетмай пойлаб турган совуқларнинг эситисиданми, ё бу кутилмаган зуғумданми, орада бир нарса бузулгандек эди, ва ҳозиргина ҳоким бўлиб турган шодлигу ҳуррамлик ўрнини жунжикишу ғулғула эгаллади.

Хуни жигарим шажарда шарбат,
Юз пора кўнгул кабоби тайёр...

Бу совуқ изтироб узоқда ботаётган кемтик қўёш тарафидан уфуриб, дарахту деворлардаги жарномаларни ҳилпиратганида, Муртазо илк кетмон тупроқни ўз отасининг гўрига тортди... Туғилганидан бери отасини танимаган Муртазо фалак кажрафторлиги ила отасининг ўлган куни уни топди.
Эртароқ, чошгоҳ палласида у эндигина Нигор билан келишилган хиёбонда учрашишга ҳозирланаётганида, унинг эшигига кимдир қоқди. Чиқиб қараса – ўзи танимаган икки йигит. “Тўй-пўйга айтиб келишган бўлса керакдир”, – деб чамаласа, йўқ. “Сиз фалончи қишлоқда фалончи кампир қўлида ўсган Муртазо бўласизми?” – “Ҳа, нимайди?” – “Отангиз эрталаб қазо қилдилар, сўнгги айтган сўзлари – Муртазо ўғлим устимга бир сиқим тупроқ ташламаса, розимасман, – дебдилар”. – “Қайси отам?” – “Мана, сизнинг расмларингизни сандиқларида сақлаб юрган ўз отангиз”, – дея улар бир даста қоғозни Муртазога узатишди. Болалик суратларидан тортиб, то газета-журналларда чиққан мақолалару, ҳатто бу кунларда шаҳардаги дарахтлару деворларга ёпиштирилган сўнгги жарномага қадар бари бирма-бир терилган қоғоз. Кўзларидан бехос ёшлари потраб кетди Муртазонинг.
Апил-тапил кийиниб, Нигорни огоҳлантиришга ҳам улгурмай, Муртазо бу икки жиянча билан қишлоқ йўлига отланди. Уч соат деганда жаноза ўқилаётган ҳовлига кириб боришди. Отаси юзини бу дунёда кўролмаган Муртазо белига қийиқ боғлаб, қўлига ҳасса тутганича совутни кўтарганлар кетида қишлоқ қабристони томон қуёш ботгунга қадар майитни ерга бергани йўл олди...

Оз тоқатиму, кўп эътиқодим,
Эй, сенга фидо бу озу бисёр...

Муртазо билан аввалдан келишгандек, пешиндан кейин Шаҳобиддинни отаси Зайнобиддин билан қуш бозорига жўнатиб, Нигор шаҳарнинг овлоқ хиёбонига етиб келди. Одатда қаерда учрашишини келишишмасин, Муртазо уни ўша ерда қаршилаб оларди. Бу сафар эса, ажаб, на белгилаган жойда, на бу жойга яқин бўлган қаҳвахонада у кўринмади. “Иш-пиши чиқиб қолгандир-да...” – дея ўзини овутишга тиришди Нигор, бироқ кўнглидаги аллақандай ғулув ҳеч босилмасди. Хиёбонни айланди у бироз, хўбки, қуёш осмонда чарақлар, хиёбон чинорлари соясида эса сокин салқин ҳукм сурарди. Қаҳвахонада бир қанча жуфтлар роҳатланиб ўтирардилар. Музпақирчаларда шампан шароби, атрофда кулгу...
Ярим соатча вақт ўтди, Муртазодан дарак йўқ эди. Аксига олиб унинг расмлари ҳар дарахту, ҳар девордан маҳзун боқиб туришарди. Бундан аёл кўнгли ғаш бўлса, нима хаёлларга бормайди дейсиз. “Бир нарса бўлиб қолдими унга?” – деб аввалига хавотирланди Нигор. “Душманлари яна бир бало ўйлаб чиқаришдими?” – деган қутқуга борди. Бу хаёлларда ҳам тинмади кўнгли. “Мени ташлаб кетдими?!” – деган ногаҳон даҳшатда, чинор танасига қадалган жарномадаги расмни силади-сийпади у. “Йўқ, йўқ”, – дея шивирларди у ўзига ўзи. Уни кўрган ўткинчилар: “Бу аёл ақлдан озганми?” – дегандек, унга бир назар ташлашару, қадамларини тезлаштириб йўлакларнинг сўнгида ғойиб бўлишарди. “Ташлади у мени, ташлади!” – деган сўзлар миясига қон бўлиб қоқиларди. Бу чидамсиз ҳолатда яна бир соатча тўхтовсиз юриб чиқди Нигор хиёбонда. Узоқдаги карнайдан масхара қилгандек:

Эй, қоши камон, мужгон ўқингдин
Юз чок кўнгул, бағирлар афгор...

деган ашула янграр. У ҳам битиб соат бонглари таралганида эсини йўқотган Нигор бу қоронгу хиёбонни тарк этди...

Қуш бозорда кўнгли бир нарсани сезган асабий Зайнобиддин Шаҳобиддиннинг хархашаларига қарамасдан, уни уйга келтириб, мушуги билан хонасига қамади-да, ўзи хотинини қидиргани, аниқроғи, юрагини анчадан бери тимдалаётган алламбалони фош этгани кўчага чиқди. Кўча бошида пистаю-қурт сотиб ўтирган Тўти-холадан суриштириб, хотини Сотим-сариғнинг трамбойига чиқиб кетганини билиб олди. Бекатга келаётган трамвайга чиқиб, ҳайдовчисидан Сотим-сариқнинг трамвайига уч-тўрт бекатдан кейин йўлиқишини ўрганди-да, иккинчи бекатдаёқ тушиб қолиб, бу тарафга келаётган трамвайларни кўздан кечира бошлади.
Беш дақиқаларда Сотим-сариқ ҳам кўринди. Трамвай тўхтагач, Зайнобиддин ҳайдовчи олдига кўтарилиб, унинг қулоғига: “Сотимжон-ака, келинингизнинг эси сал оққан, чиқиб кетган экан, қидириб юрибман!” – дея шикоят қилди. “Ҳа, паришонхотирроқ кўринди, чипта олишни ҳам унутди-я, қизталоқ!” – деб уч тийини кетидан бўлди Сотим-тирриқ. Зайнобиддин уч тийни эмас, йигирма тийин тутқизгач: “Хиёбонда тушиб қолувди-я, бояқиш... Тезроқ боргин, бир бало бўлиб юрмасин яна!” – дея Зайобиддинни тескари йўлга шошилтирди.
Овчи ит из олгани каби елиб-югурди Зайнобиддин бояги хиёбон томон. Етиб борганида, офтоб ботиб бўлган, тушган салқиндан хиёбондаю, унинг ичидаги қаҳвахонада яккам-дуккам жуфтлар ўтирар, бироқ ҳар жуфтни кўрганида Зайнобиддиннинг юраги қанча така-пука бўлмасин, буларнинг орасида унинг хотини йўқ эди.
Вақти-соати етиб келдими, йўлакларда пайдо бўлган бир-икки оёғи суюқ аёл ганжи-далол ила Зайнобиддига суйкалиб-суйкалиб ўтиб кетди. Бундан ортиқ хунибийрони чиқди Зайнобиддиннинг. Ўзини қўйгани жой тополмай қолди у.
Хиёбондан чиқаётса, сўнгги дарахтга катта қилиб қадимда бир маҳал у билан ётоқ бўлишган Муртазонинг расмию, бўлажак томошасининг жарномаси ёпиштирилган. Ялтираб турган бу қоғозга бехосдан ёпишиб, йиртиб-йиртиб ташлади уни кек тутган Зайнобиддин. Шу пайт шаҳар ўртасида қозоқ ити хурди...

Эй лутфи кому жафоси чўх ёр,
То чанд чекай ғамингда озор?

Найсон ойининг учинчи куни қўёш ботган чоғи ўз уйида Нигор билан Шаҳобиддинни пичоқлаб ўлдириб кетишди...



Олтинчи мақом

Мушкилоти Ироқ

Таснифи Ироқ

Зайнобиддиннинг кейинроқ гувоҳлик беришича, хиёбонда у фиғони фалак бўлиб: “Ҳап сеними, ушласам ўлардай тепкилайман!” – деган туғёнда уйи томон йўл олди ўшанда. Трамвайларда ҳар жуфт унга унинг бевафо хотинию, бу бузуқ хотиннинг ўйнаши бўлиб кўринар, ташқарида қучоқлашганми, ё қўл ушлашиб кўклам ҳавосида сайр этганларни айтмайсизми. Барини ғажишга тайёр эди тақводор Зайнобиддин. Уйига титраб-қалтираб етиб келгач, қараса ҳовлига эшик ланг очиқ. “Манжалақи! – деб сўкди ичида хотинини Зайнобиддин. – Қанжиқ! Авратингни очгандек эшикни ҳам бутун дунёга очиб ташлабсану!” Сафроси бўғзига сапчиб, ичкарига ташланди у. Уй эшиги ҳам очилиб ётарди. “Қочибди бу тасқара!” – деган шум хаёл унинг миясига санчилди. Остонадан хатладию, оёғи тийғаниб, гурсиллаб ерга йиқилди Зайнобиддин. Тураман деб оёғини тагига тортмоқчи бўлса – ҳамма ёғи қон. “Бир жойимни урдимми? Бошим ёрилдими?!” – деса, оғриқ сезмайди. Қон ҳам қуюқ, қорая бошлаган. Атрофига қараса – тўрт атрофи қон. Қалқиб ичкари хонага ташланди у. Қайси кўз билан кўрсинки, ерда икки тарафга ташланган икки бўғизлаган жасад ётар эди... “Дод!” – дея хушидан кетди Зайнбиддин...

Дединг: “Фано недурур?” Мухтасар дейин: “Ўлмак”.
Ки шарҳин тиласанг юз рисола бўлғусидур...

Хушига келгач дод солди мадхуш Зайнобиддин, додига қўни-қўшнилар югуриб чиқди, аюҳанносу рустахез кўтарилди. Зайнобиддин эса ўлик манкуҳасининг кўксига бошини қўйганича бетўхтов йиғларди. Бироздан сўнг миршаблару “Тез ёрдам”лар етиб келишди. Нигорни Зайнобиддин қучоғидан тортиб олишар экан, аёлнинг қон қўйнидан бир парча йиртиқ қоғоз тушди...


Таржиъи Ироқ

Зайнобиддин ўшанда бу йиртиқ қоғозни дарҳол ўз қўйнига солди. Кейинчалик саросима орасидаги ёлғизликда хожатхонага беркиниб олиб, у қоғозни чироққа тутди. Қизил сиёҳда ёзилган бу хатчанинг кўплаб ерлари қонга бўккан, бундан талайгина сўзларни ўқиш у ёқда турсин, таниб бўлмасди, бироқ хат Нигор қўли билан ёзилгани тайин, ҳамда икки-учга йиртила бошлагандек туюларди.
“Азизим”, – деб бошланарди бу мактуб ва бу сўзни Зайнобиддин ўзига ҳавола тутди. Кейин бир қанча сўзни қон чаплаб, ўқиб бўлмас ҳолатга келтирган эди. Англаб бўлган сўзлар узуқ-юлуқ маъно ҳосил қиларди: “бахтли онлар”, “ҳеч нарсага айрбошлагим...”, “бироқ сўнгги ҳодисалар гирдоби”. Парчанинг йиртиқ кетган қисмида ёзилган жумлалар деяли бутунлай сақланиб: “энди бу муносабатларимизни тугатишга қарор қилдим. Гуноҳларимни ва сенга етказгум азобларни бағрикенглик ила кечиришингга умидворман. Бугун балки биз Рамазони шарифда кутган Қадр кечаси Қадр кунимизга айлан...” Яна қон, яна яримтаки сўзлар: “учрашувимиз”, “норасида”, “тасодиф”, ва булар орасида иккита сўз бош ҳарф билан ёзилиб, ўртасидан қип-қизил доғга айлаган эди: “Мирза” ва “Муртад”.
Терговчи бу қоғозни тинтув пайтида қўлга киритганида, хатнинг орқа томонига товшаланган Зайнобиддиннинг қони билан:

Дилам хазонае асрор буд, лек дасти қазо
Дараш бибасту, калидаш ба дилситонам дод!

деб ёзилганди.


Мухаммаси Ироқ

Бу хати билан Зайнобиддинни сўроққа тортиш асносида терговчилар бояги “Мирза” ва “Муртад”да ўз жиҳозлари ёрдамида Мирзаҳаким билан Муртазонинг отларини ўқиб чиқаришдими, ё бошқа далиллар, жумладан уларнинг ўтмишдаги “қилмишлари” рўйхатда қолганиданми, қандай бўлмасин, буларнинг иккисини-да излашга тушишди. Аммо уларнинг иккисидан ҳам бурун терговчилар тўрига Отагелди билан Қўзихон тушишди. Андак ғалат гапирдим. Тўрига тушишгани йўқ, кўча-кўйда Мирзаҳакимининг қидирувда бўлганини кўриб, Отагелдининг ўзи терговчи олдига кириб келди.
– Қаерда ва қайси чўйрада кўрдинглар уни? – деб бошлади гувоҳлик сўроғини терговчи (шу ерда эҳтиёт шарт қистириб кетайлик: Итбаснинг ўғли Сарибай эсингизда борми-йўқми, бироқ орада шунча йил ўтиб биз уни унутмадик – мана энди у хизмат поғоналаридан кўтарилиб “окумет”га терговчилик қилмоқда).
– Найсон ойининг учида фалончи қаҳвахонада дугонам билан ўтирганимизда, лўли-аравада бу одам қаҳвахона олдида тўхтаб, бизга яқинлашди-да, пул сўради.
– У билан сўз қотишдингизми? Оқча бердингизми?
– Йўқ. Ўрнига столимизда ҳали ичилмаган шампан шароби турган эди, ўшани бериб юбордим.
– Нимага?
– Чунки қулоғимга энгашиб, агарда пул бермасанг, дугонангни шарманда қиламан, деди. Шундан қўрқдим. Важоҳати ёмон эди.
– Нимасидан қўрқдингиз?
– Билиб бўладими буларни. Эсимга қишлоғимизда бўлиб ўтган ҳодиса тушди ўшанда.
– Қанақа ҳодиса?
– Ашир-қийшиқ деган биз тенги йигит бўлгич эди. Шу йигит отасини хонавайрон қилиб, ую бор бисотини гаровга қўйиб ютқазиб юборганида, отаси уни оқ қилган. Бироз вақт ўтгач гаровгир туш кўрадими-ей, ё инсофга келадими, иш қилиб бор бисотни Ашир-қийшиққа қайтариб беради. Устига Ашир лотерея ўйнаб, энга ката пул совринини ҳам ютиб олади. Бераман деса, Худо қинғир-қийшиққа ҳам бераверар экан! Буни эшитган отаси йигитни маҳкамага тортади. Маҳкамага боришдан олдин кастим-шимлар кийиб, бўйинбоғлар бойлаб, Ашир-қийшиқ менга ўзини кўрсатади-да: “Қалайман?” – деб сўраганида, мен: “Зўрсану, қўлингга яна тилла занжир етишмаяпти-да”, – деанман. Ўшанақа занжирни мендан аллақанча пулга сотиб олиб, у маҳкамага занжирини ўйнатганича кириб боради-да, отасига юзланиб: “Сен мени кимлигимни биласанми ўзи?!” – деб ўдағайлайди. Шунда отаси эл олдида иштонини шартта ечиб: “Мен танимасам, мана буним танийди сени!” – деган. Ана шу ҳодиса эсимга тушиб кетди ўшанда...
Терговчи Отагелди ҳикоясини бўлмасдан тингласа-да, ҳатто жилмайганича йўқ, балки столнинг тортмасидан шампан шишасининг кўти синган бўлагини чиқариб, Отагелди томон узатди-да:
– Чақадан суғуриб мана бу шишани унга берганмидингиз? – деб сўради.
Отагелди бирданига сергак тортди. Сергак тортиш ҳам гапми, бўздек оқарди. Шишанинг номини ўқиб, ундаги қон изларига тикилди-да:
– Балки... – деб пичирлади.

Не савдолар боша солдинг, бу савдолар оз ўлмасму?
Ки банд эттинг оёғларни, яна бандлар ёзилмасму?


Биринчи сақил

Икки кундан кейин: “Барида мен айбдорман, мени қаманглар!” – деб Сарибой-терговчи хонасига кўзлари йиғидан шишган Қўзихон кириб келди.

Ҳосилим барқи ҳаводисдан маломат боғидур,
Маснадим кўйи-маломатда фано тупроғидур,
Зор кўнглум танда зиндони бало дутсоғидур,
Раҳм қил давлатли султоним, мурувват чоғидур...

Ёш умрига қарамай, кўпни кўрган Сарибой-терговчи унга ҳам қулоқ тутди. Бошида Қўзихон ўзининг Қут-охун билан бўлган жафокаш ҳаётини сўзлади. Терговчи пинагини бузмасдан бир нарсаларни ёзиб ўтиргандек бўлди. Бу ҳикоя ила терговчининг кўнглини тебратмагач, Қўзихон эрини яқинда йўқотганини кўзига ёш олиб сўйлади. Бағритош эканми терговчи, ё хушёрлигини йўқотмасларданми, яна оҳу-войни бузмасдан тинглагандек бўлди. “Биласизми, ўша куни Отагелди-оғам билан учрашувимиз олдидан менга Инглизстондан сим қоқишди... Ким дейсизми? Поччангиз ўлим тўшагида ётганларида унга қарашда ёрдам бериш учун қашқадарёлик бир қизни ёллаган эдим, шу денг, мен уйда бўлмаган кунларнинг бирида поччангиз ўлгур шу қизга... тегишиб қўйибди...”
Терговчи ҳикоянинг шу нуқтасида мудроғидан уйғонгандек: “Тегишиб қўйибди? Қип-қўйиптими?” – деворса бўладими. Қўзихон ҳижолат тортиб: “Ҳа, итлигига борибди-да!” – деб қўл силтади. “Йўқ, сиз қилмиш кўрсатмангизда чинлиқ бўлинг. Айтмоқчисиз-ки, турмуш ўртоғингиз Қут Охунов Нозлигул исмли бу қизни зўрлик билан жинсий алоқага тортган, шундайми?” – “Ҳа...” – дея шивирлади Қўзихон, ва бирданига сесканиб: “Сиз унинг исмини қаердан биласиз?!” – деб сўради чўчиган овозда. “Биз бу ерга қилиш эмас, билиш учун қўйилганмиз!” – деди урғулаб терговчи. – “Кейин... Нозлигул билан маслаҳатлашиб, мен уни опасининг ёнига, Инглизстонга жўнатадиган бўлдим”. – “Демак, жиноятни хаспўшлаш мақсадида сиз жабрланувчини чет элга жубаргансиз, шундайми?” – “Йўқ... ўзи бошимдан ўтгани учун... унга ёрдам бермоқчи бўлдим...” – “Сиз, кўка, гапни олиб қочманг, эрингизнинг қабиҳ қилмишини ошкор этиш ўрнига, сиз унга шериклик қилиб, жиноят изларини қоплашга урингансиз. Биласизми, бунга неча йил қамоқ жазоси берилишини?! Қани, кейинги босқич ҳақида сўзланг-чи!” – “Қанақа босқич?” – “Ўзингизни қувликка солманг. Жиноятнинг учини беркитиш ниятида Нозлигулни Англияга жўнатдингиз, сўнг...” – “Сўнг, у ерга боргач у бир ҳинду йигит билан севишиб қолиб, нима қиларини билмасдан менга уч-тўрт мартта олдин ҳам сим қоққан эди. Лекин бу сафар ўзида йўқ ҳурсанд. Нима бўлди? – десам, тўйимизга опам рухсат берди, – дейди. Опаси ҳижобга кирганлардан эди... Шунда мен ҳам қувонганимдан кечроқ Отагелди-оғангизга шампан шаробини буюртирган эдим... Кошки ўшанда билсайдим мен ўлгур... Сизнинг ҳам қизингиз бордур, шунинг ҳаққи-ҳурмати, бир қошиқ қонимиздан кечинг, жон терговчи иним...”

Истайиб бир чора чўх елдим, югурдим ҳар ёна,
Раҳм этиб бир кимса имдод этмади мутлақ мана,
Чорасиз қолдим, мурувват истайиб келдим сана,
Раҳм қил давлатли султоним, мурувват чоғидур...


Иккинчи сақил

Найсон ойининг ўша учинчи куни қонли ҳодисалардан саккиз юз олтмиш олти йиғоч йироқда Кабир келишилган вақтда Гулчамбарнинг қайнонаси уйига етиб келди. Беш-ўн дақиқа кутгач, у черков ёнидаги бу шинамгина уйнинг оғир эшигига қоқди. Бир пасдан сўнг ичкаридан қадамлар товуши эшитилиб, аввалига Гулчамбарнинг ўзи, кетидан эса унинг қайнонаси оёқ учларида чиқиб келишди. “Боламни энди ухлатдим”, – дея шивирлаб тушунтирди Гулчамбар ва қайнонаси бир Кабир юзига, сўнг машинасининг рўйхат рақамига ишончсизроқ назар ташлагач, Гулчамбар у билан хайрлашди-да, машинага ўтирди.
Олдинига гап яна қовушмади: Гулчамбарнинг хаёли ҳануз боласида бўлса керак, Кабир эса қайнонанинг сардона қарашини ҳамоно эсларди. Шаҳарчадан чиқа бошлаганида, Кабир: “Кунингиз яхши ўтдими?” – деб сўради. “Ҳа... – деди ўйчан кайфиятда Гулчамбар. – Боғда овқатландик, кейин бироз телевизор кўрдик”. – “Қизиқроқ у-бу нарса эканми?” – “Шаҳид бўлмоқчи бир йигит ҳақида бир ҳужжатли филм. Ҳар бир урушга бошини суқиб боқибдию, уни ё аввалдан ушлаб олишибди, ё касалликка дучор бўлибди. Охирида Қуддуси Шарифга бориб ўзини портлатмоқчи бўлса, бомбаси портламай, оқибатда чўкиб ўлган экан, Худо раҳмат қилгур...”
Шу дам машина “ғийқ!” этиб таққа тўхтаб қолди – ёндан уни урай деб бошқа бир машина атиги бир қаричгина қолганда “ғув” этиб буларнинг олдидан учиб ўтди. Оппоқ бўзарган Кабир дафъатан лаънатлаб юборди уни. Бир зум сукунатда ўтгач, у орқасига ўгирилиб: “Кечирасиз... йигитнинг оти Болиғ эмасмиди тасодифан?” – деб сўраганида чўчиб оқарган Гулчамбар бошини лиққиллатди... “Сиз ҳам кўрдингизми бу эшиттиришни?” – деб сўради у бироз жимжитликдан сўнг. “Йўқ, мен сизга мана буни ёзган эдим”, – деб Кабир унга бир қоғозни узатди. Шилдироқ бу қоғозга қизил сиёҳ билан хаттотлик услубида гўзал бир гулчамбар шаклида алланарса ёзилган эди. Гулчамбар ўзининг ҳайратини яширолмади, оҳ! – деди. “Нима ёзилган бу ерда?” – деб энтикди. Кабир машинасини қайта юргизар экан:

Дилам хазонае асрор буд, лек дасти қазо
Дараш бибасту, калидаш ба дилситонам дод...

деб ўқиди. Гулчамбар узоқ сукутга чўмди. Машина кенг ва баҳаво инглиз далалари оралаб борар экан, осмондаги учқур булутларга қараб Кабир: “Дарвоқеъ, мен суриштириб боқдим, туркманларнинг концерти йўлимиздаги шаҳарчада нисбатан эртароқ экан... Роса мақташди...” – деди. Гулчамбар бир онга ўйланиб: “Унақада билетлар сотилиб бўлгандир...” – деди. “Мен эҳтиёт шарт иккитасини буюртириб қўйган эдим”, – деб овозидаги титроқни яширишга ҳаракат қилди Кабир. “Лекин йўлимиздан кеч қолмаймизми?” – деб сўнгги эҳтиёт чорасини кўрди Гулчамбар. “Йўқ, у ёғи яна бир ярим, икки соат йўл. Обориб қўяман...” Орада яна жимжитлик турди. Беқарор Кабир уни яна бузди: “Нима қилай, шаҳарчага кираверайми?” Гулчамбар ҳам дарров жавоб бергани йўқ. Кўзи Кабир ўнгидаги кўзгуда унинг кўзи билан учрашгач, далол овозда:

Дилам хазонае асрор буд, лек дасти қазо
Дараш бибасту, калидаш ба дилситонам дод...

деб пичирлади...

Ярим соатдан кейин иккиси концерт залига алоҳида-алоҳида кириб бориб, ёнма-ён ўтиришди. Концертнинг ўзини айтмай, туркман мусиқасини билганлар кўп: ҳазин қумнинг очиқ саҳрода увиллаб, бархандан янги уюмга учиши янглиғ. Ё ёлғиз саксовулми, юлғуннинг бу шамолу, бу қумдан эгилиб увиллашидек оҳанг. Орада эса бошқа халқларда камрак учрайдиган ўйноқилик, шаддодлик:

Икки ошиқ бир-бирина базм этар,
Чўлроқ ерга борса жони хазл этар,
Кўйлагидан чиқарсам деб азм этар
Мутдахо бўлганда ёр маммаларинг...

Концерт олқишлар кетидан бирор соатга ортиқроқ чўзилди, концертдан сўнг томошабинланинг барини Юсуф-деде Озимун деган жавонмард инсон ўз зиёфатига таклиф қилди, у ерда ичганлар шаробдан маст бўлишди, ичмаганлар – кайфияту сурурдан. Ўша ерда танишиб қолгандек Гулчамбар билан Кабир кўчага бирга чиқишганида, аллақачон қоронғу тушиб бўлган, осмонни эса қуюқ абри найсонлар қоплаган эди. Шаҳарнинг чароғон чироқлари остида ўз машиналари тараф жимликда қадам ташлашар экан, бу қадамлару, тиниб-тинчимас шаҳарнинг битмас шовқини бояги ғамгину шўх сурудга айланарди:

Фалак чархин чекар эврилар тиздир,
Кўчилган – ўтовдир, юрилган – издир,
Дунё бир хуш сурат ободон қиздир,
Қўлга тушмас, ошиқ бўлганинг қолар...

“Кеч бўлиб қолди”, – деди ўйчан овозда Гулчамбар. Овози оҳангида нечук беқарорлик сезган Кабир кафтини осмонга тутди-да: “Чамамда ёмғир ҳам қуйиб юборадиган...” – деди. Бироз сукутадан сўнг очиқ ҳавога сўзлагандек, Кабир: “Балки йўлга чиқмай шаҳарда қолан тузукдир?” – деб сўради. Гулчамбар жавоб бермади. Улар машинага ўтиришди, бироқ Кабир моторини ёндиришга шошилмасди. Қоронғуда иккисининг кўзи кўзгуда бир-бирига тушди. Кабир юзини ишқаб, кўзларини уқалай бошлади. Нималар кечаётганди унинг қалбида шу он? У сукунатни концерт хотирасими, шоҳидком Болиғ ҳақидаги филму у филм кетидаги узоқ тақдирни ифодаловчи сўзлар ила бўлмоқчи бўлди, аммо тили негадир лол, ичи эса бу қоронғуликда зоеъ сўзлар эмас, тилсимли бошқа бир нарса тусагандек, бўм-бўш эди... Негадир яна бояги туркман куйининг номуносиб сўзлари хаёлида қалқди:

Ёшимнинг сўнгида ташладим қурра,
Насиб бўлса қари гўрда ёш барра,
Камина, армонинг қолмасин зарра,
Кулганда титрашар, қиз, маммаларинг...


Калон Сақили

Отасининг учи билан еттисини ўтказиб, шаҳарга қайтган Муртазо йўл-йўлакай ўзининг дарахтлару деворлардаги расмлари кўпайганини кўриб: “Эсиз, отам булардан баҳраманд бўлмади”, – деб куюкиб қўйди. Уйига кириб келса, уни миршаблар кутиб ўтиришибди. Йўқ, тўю-тугунга чақириб келгани эмас, терговчининг қоғозини кўрсатиб, қўлига ўша заҳотиёқ кишан солганлари. “Нима бўлди ўзи?! Тушунтирсангиз-чи!” – деб сўраса: “Сенга терговчи барини тушунтиради!” – деб ўзларининг катакдор машинасига солишди-да, ғуввиллатиб терговчининг олдига олиб кетишди. “Буларнинг бари қайта-қайта кўрган тушим эмасми?” – деб уйғонишга ҳаракат қилади Муртазо, лекин ёки бу бадбахт туш давом этаверади, ё-да буниси туш эмас, ўнгида рўй бераётган ҳодиса...
Ана: “Ҳофиз, эсингиздами, бизнинг маҳалламизга ҳам Аслиддин-акамларнинг тўйларига яқинда борган эдингиз?” – деб турган мўйловдор мелисани аниқки ўша тўйда кўрган. Чунки уч соатга деб белгиланган базмда орага тўппонча тутган шу мелисани қўйиб, уни беш соат сайратишган. Бундан Қўзихон деган бечора аёлнинг эрталабки маракасига кечикиб борган эди Муртазо... Йўқ, буниси туш эмас...
Машинадан тушириб уни бино ичига олиб киришди. Бурунга беш йил нафас олинган димиққан ҳид урди. Йўқ, бу туш эмас. “Астағфирилло, астағфирилло!” – деб борарди кетсиз даҳлизлар бўйлаб Муртазо. Йўқ, буниси туш бўлиши учун хийла даҳшатли. Ниҳоят уни ертўлага тушириб, усти-бошини тинтув қилишди-да, чўнтакларидаги бор нарсани қоқиб олиб, шимидан камарини суғуришдию: “Шу ерда кутасан!”, – дея, тош ҳужралардан бирига қамашди. “Нима бўлди экан?!” – деб ўзини бир йўқотар, бошқа дам ўз-ўзига далда бериб: “Йўқ, бу хато, ахир мен ҳеч нарса қилганим йўқ-ку!” – деб ўйлар, бироқ ўтган сафар ҳам бирон қилмишсиз йилларчаин қамалиб кетиши яна юракка ғулғула соларди.
Қанча вақт ўтди бу ўртанишларда, сезгани йўқ Муртазо, аммо бир пайт темир эшик очилиб, катакка бир даста қоғоз кўтарган бир киши кириб келди. Юзи алланечук таниш кўринди Муртазога. Диққат билан тикилиб боқса – биринчи қамалишида унинг қўлтиғида бўлган Сарибой – Итбаснинг ўғли. Роса севинди Муртазо туйқусдан, мени қутқаргани келди Сарибой, дея унинг истиқболига шошилди. Аммо Сарибой темир столга қоғозларни ташлади-да, ўзи нариги тарафига ўтириб, салом йўқ, алик йўқ:
– Сиз фалончи йилнинг фалончи ойию кунида туғилган Муртазо фалончи ўғлимисиз? – деб сўради.
Муртазо ҳали ҳам ўз кўзига инонмай:
– Сарибой, сизмисиз? Итбас оғамиз эсон-омонми? – деб шивирлашда давом этди.
– Бу мезгилда саволларни мен бераман, тушунтира билдимми? Демак, қайра айтаман: Сиз фалончи йилнинг фалончи ойию кунида туғилган Муртазо фалончи ўғлимисиз?
– Ҳ-ҳа... – деди тутулиб Муртазо. Йўқ, бу туш эмас... У эндигина ерга қўйган отасини эслаб: Аслида мен шундай-шундай кишининг ўғлиман. Эндигина уларни ерга топшириб келяпман... – деди.
Сарибой-терговчининг қулоқлари динг турди.
– Ерга топшириб келяпман? Нима бўлди? Ўлдими?
– Ҳа, қазо этган эканлар, шунга мени топиб чақириб келишган экан, охирги беш кун ўша ердайдим...
– Демак, отангиздан ҳам дарак олмаган экансиз-да?
Қозоқларда бу кечириб бўлмас гуноҳ эканлиини яхши билан Муртазо дудуқланиб қолди:
– Йўқ-қ, м-мен...мен... – нима дейишини билмасди у.
– Ҳа, сиз...сиз... сиз Муртазо фалончи ўғли мамлакатимизнинг жиноий қонунининг фистончи моддаси бўйича фуқаро Нигара Фалончиева ва Шаҳобиддин Зайнобиддин ўғлини қасддан ва зўраки ўлдиришда айбланасиз!
“Нима?” – деб қайта сўрамоқчи бўлди Муртазо, лекин миясига урган қон бурнию-оғзи, кўзу-қулоғидан отилиб кедими, у ўтирган ерида бехуш қулади...

Урайинму бошима саккиз биҳишту дўзаҳин,
Бўлмаса васли менга икки жахонни на қилай...


Насри Ироқ

Сарахбори Ироқ

“Қаро кунлар тушди менинг бошимга...” Яна, биродарлар, беқарорман. Қани энди қиссамни кўтаринки оҳангда манзили томон учган елкандек тугатсам. Чолғуларнинг бари қўшилиб, овозларнинг бари жўр бўлиб самовий интилишда бахт қўшиғини энг юқори пардаларга кўтаришса! Наҳотки мен истамайман буни?! Айтадиганимдан эса, э воҳ, ўз кўнглим озурда. Аммо йўлга турганингиздан сўнг сиз бошқарасизми йўлни, ё йўл бошлайдими сизни – буниси бахсталаб мавзу. Ихтиёр ўз қўлимда эмас...
Сўнгги жумлани айтдиму, яна ўйланиб қолдим. Аввалроқ “тақдир” дедик, “тадбир” дедик, буларнинг орасида ихтиёр эркигаю, озод танловга шама қилгандек бўлдик. Шу боқимдан сўнгги жумлам ғалатироқдек. Лекин шу ерга келиб ўз қўлёзмаларини ёндириб ташлаган бир ёзувчини эсладим. Балки-да асл йўли шудур, деган истиҳолага ҳам бордим. Чунки “яратувчанлик”, “санъат” деганимизда, инсон кибори, санъаткор кибори уни ич-ичидан Яратувчига, Қодиру Қаҳҳорга менгзатади: мана, йўқдан бир нарсалар ясаяпману, деб ўйлайди у. Йўқ одамзотнинг бўлмаган ҳаётини тўқиб чиқдим, яъни буниси ҳам алал-оқибат кун-фаякун эмасми?!
Ана ўша қўлёзмаларини куйдириб юборган ёзувчи ҳам шу каби хаёлларга бориб, ўз-ўзидан чўчиб кетган чамаси. Шоядки уинг ёзувчи тасаввурию тахайюлида нариги дунёга риҳлат қилгач, унинг тўқималари шаклга кириб ўз “яратувчисини” қуршашга киришган. Бадансизу юзсиз бурун: “қани менинг жисмим?!” деб қувласа, ўлик руҳлар: “бизга бадан бер!” – деб ёпиша бошлаган эса не ажаб?!
Бундан мен ҳам ҳайиқаман, бошдан оёқ муттасил беқарорлигимнинг боиси ҳам шу. Бироқ менинг қўрқувим янада қўрқинчлироқ. Яраувчига шерик бўлиш истаги “шерик” сўзининг ўзаги бўлмиш ширкнинг ўзгинаси эмасми?! “Адабиёт” деймиз биз, яъни ўз вазифамизни аввалданоқ “адаб”, “одоб” билан чегаралаймиз холос. Бошқа тилларда, бошқа динларда буга ёндошув ҳам анча фарқли. Оврупа тилларида биз “адабиёт” деган нарса “ҳарфкашлик” деб аталади. Хитой тилида эса “наққошлик”. Бунинг ҳиндчаси умуман “биргалик”дир. Ҳулосаларни ўзингиз чиқараверасиз, азизим.
Эрким ўз қўлимда эмас деганимда, ана шу ваҳм, ваҳима ҳақида айтгандекман. Шунинг учун нозиктабиат ўқувчимдан бояги енгил елканнинг, афсус, пайдо бўлмаслиги учун узр сўраб, айтишим вожиб бўлган гапда эс-хушимни жам қилсам... У эса:

Лабини қасдима тишлар юзига телмурсам,
Боқиб туриб неча ўз жонимни жафо қилайин?


Биринчи тарона

Нигорининг энди бу дунёда йўқлиги кўникиб бўлмас тўйғу, фикр, хаёл эди. Бўшлиқнинг бир туридек. У билан уринасан уни тўлдиришга, бу билан, бироқ бирон нарса қўл келмайди; қуёш ҳам осмонда ҳар кунгидек, инсонлар ҳам ўзгаргани йўқ: бири – жаллоду, бири – қурбон, ўзинг ҳам етти ёшингда қандай бўлсанг, ҳозир ҳам ўша йўсинда ич-ичингдан мўралаб турибсан, бироқ барибир тўлдириб бўлмас бўшлиқ... Унга на юрагинг зарби етади, на нафасинг чуқурлиги, на жонинг оғриғи...

Жонга чун дермен не эрди ўлмагинг кайфияти,
Дерки боис бўлди жисм ичра маразнинг шиддати...

Руҳий фалаж деса буни, сўзона юраги остидаги бўшлиқ бирам ачишади-ей, бирам ачишади. Лекин ташқи ҳаётда жисм сўроққа тутиладими, қийноққами, ё тўрт деворли тош катагдаги тош ётоқда ҳудди харсанг тош устида ўтиргандек узоқ бир нуқтага бемақсад тикиладими – унинг бу жонга алоқаси қолмагандек. Бу жисмга нисбатан руҳ чиндан ҳам фалажга йўлиққандек.
Муртазонинг – бу айролиқни Муртазо деб атаб бўлса – фикри-зикри Нигорсиз қолган, ё-да аниқроғи, Нигор ўрнида қолган бўшлиққа жамланган. Нимага, – деб ўйлайди у, – ўша куни мен уни ташлаб кетдим?! Ахир хиёбонга борсайдим, у билан ваъдалашгандек учрашсам, сақлаб қолган бўлардим уни! Келишган эдик-ку, энди бирга яшаймиз деб, фарзандимизни бирга ўстириб, унга ука-сингил ғамини еймиз деб... Нега кетдим ўша куни?! Ахир отам бўлса ўлиб бўлган экан, мен бордим – нимаю, бормадим – нима? Барибир тирилтириб беролмас эдим-ку! Ундан кейин “ота”, “ота” дейман, мен танимаган, умримда кўрмаган инсон бўлса... Нимага кетдим мен ўзи?! Кошки қолсайдим ўшанда! – деб тинимсиз ўз-ўзини тергайди Муртазо ва яна ўша битмас-туганмас бўшлиққа боқади. Нигор ўрнини эгаллаган бу бўшлиқ Нигор шаклини ола бошлайди шунда.

Юзинг била қошингдин ўзгага назар солсам,
Ханжар олибон қўлга кўзимни ўяй дерман...


Иккинчи тарона

Муртазони одам танимас Сарибой-терговчи Зайнобиддин билан юзма-юз юзлаштирганида, Зайнобиддин аввалига Муртазо томон муштларини тугиб ташланди, аммо Муртазонинг қимир этмаганини кўриб, бирданига унинг кўксига ўз бошини ташлади-да, титраб-титраб йиғлай бошлади. Муртазонинг онгидан пайдарпай хаёллар кечиб ўтди: “У ўлган эди-ку! Бу кўлка унинг тинчимаган, норавон руҳимикан? Ўлимини ўзим тилаган эдим...” Кейин кўкрагида кийими намланганидан сесканиб, негадир узоқ қамоқдаги илк учрашувларини, битта кўрпа остида, бита ёстиқ бўлишиб ётганларинию, ўшанда Муртазо муллабачанинг кийимини ҳўл қилганини эслади. Нега эслади бу кўлка хотираларни?

Жисмдин сўрсамки не эрди бу заъфингга сабаб,
Дер анга бўлди сабаб ўтлуқ бағирнинг ҳирқати...

Қайдин билсин Муртазо Зайнобиддиннинг илк хуружи сабабини, ахир у Зайнобиддиннинг ўша найсон куни хиёбонда булар иккисини пойлаб юрганини билмайди-ку! Ваҳолонки, энди у: кошки ўшанда Нигор хиёбонда Муртазо билан бўлсайди, тирик қолармиди, – деган ўйда Муртазо кўксига ўз йиғлоқ бошини ташлагани сабабидан ҳам огоҳ эмас.
Ўша юзма-юз сўроқда асосан Зайнобиддин гапирди. Ўзига бегона бўлган ёр ҳақида, ўзига етим бўлган ўғил тўғрисида, ўзига ёв тутган ўнгидаги дўст борасида...
Муртазо эса унга қараб, нуқул бечора Нигорини кўрар ва қай бири ўлиб кетган кўлка эканлигини ажрата олмасдан, мўлтираб сукут сақларди.

Ўлимдан зарра ваҳмим йўқ ва ё қўрқунчим андин кўп,
Қачон ўлгайману, кетгай бошимдан ёрни савдоси...


Учинчи тарона

Жиноят устига жиноят юкларди Муртазонинг эгик бўйнига ўлиб кетган шужоъ Итбасинг нобакор ўғли Сарибой-терговчи. “Биз Шаҳобиддин Зайнобиддин ўғлининиг ирсиятини текширувдан ўтказдик. У – сизники билан мутаносиб. Бу дегани шу чоққача сиз ўз оталигингизни яшириб, ўғлингизга на моддий, на маънавий ёрдам бергансиз!” – “Ахир мен қамоқда эдим-ку, ундан сўнг Шаҳобиддин менинг ўғлим эканлигини Нигор менга яқиндаина ошкор этганди...” – дейишга ҳам тили бормасди унинг. “Гувоҳларимиз, – деб айбловларда давом этарди терговчи, – яқин ўтмишда сизнинг қатл этилган фуқаро билан биргаликда вояга етмаган Шаҳобиддин Зайнобиддин ўғлини панжара ортидан кузатганингизни бизга етказишган. Буни қандай изоҳлайсиз, айбланувчи? Ё аввалига унинг онаси билан тил бириктириб, норасида болани қатл этиш ниятида фитна уюштираёган эдингларми?”
Муртазонинг ақли терговчи сўзларида мантиқ ўз-ўзига тескари келаётганини англаса-да, миясида бошқа хаёл: “Қозоқлар соддадил бўлгич эди, бунинг дажжоллиги қаердан урчиб келяпти экан?” – терговчига қарши чиқишга хоҳишию мажолини йўққа чиқарарди. Нигорни деб у ахир ўз зурриёдини ҳам унутди эмасми?! Кези келганда нодонликда “балки болани муллабача отасига қолдирсак у ажрашишга кўнар?” – деган дамлари бўлмадими?!

Чун бағирдин сўрсам айтур андин ўт тушди манга,
Ким кўнгулга шуъла солди ишқ барқи офати...


Тўртинчи тарона

Кўнглума қилсам ғазаб айтурки кўздиндур гуноҳ,
Кўрмайин ул тушмади бизга бу ишнинг туҳмати...

Ҳодисалар бирин-кетин узлуксиз бир кун давомида юз беряптими, ё уларнинг орасида кунлару ҳафталар ўтяптими – буни Муртазонинг ҳатто уқув кўрган мияси ҳам илғамас эди. Мана Сарибой-терговчи унинг кўз ўнгига энди танишсифатдек бир сўлим аёлни ўтқизиб, яна бир нарсаларни тергар, яна аллақайси айбларни Муртазо бўйнигами, бу аёл гарданигами, ё иккаласининг устига юкларди.
“Сиз, айбланувчи, Қўзихон Қозоқ-ойим қизининг маракасига саҳар соат беш яримда келаман деб, аслида соат етти яримда кириб келганингизни қандай изоҳлайсиз? Бу икки соат вақтни қаерда, ким билан ва қандай фитналарни уюштириш мақсадида ўтказдингиз?” Аммо Муртазо миясини нажотбахш туман қоплагандек:

Нетонг бўлса дамимдин дудлар ҳар лаҳза соид ким,
Ниҳони доғлар кўнглумда ўртарсан азоб айлаб...

“Қасд йўлига кириб, тил бириктириб, Ҳожихўжа ўғли Мирзаҳакимни ўз ташкилотингизга аъзо қилиб, унинг қўлига жиноят ерида топилган шампан шишасин туқазиб...” – терговчининг овози Муртазонинг бу туман ичида абадий уйқуга кетмаслигин қўриган янглиғ, чўпчак устига чўпчак айтгандек, қўлоққа эмас, юрагу бағирга эмас, катта очилган кўзга ўзини намойиш этарди...


Бешинчи тарона

– Сизнинг “Муртад” деган лақабингиз бўлганми?
Бу саволдан Муртазо илк бор сесканиб кетди. Унинг “Муртад” деган лақаби бўлганми? Ким қўйган экан бу лақабни? Ё лақаб эмасми бу? Сарибой яна барини атайин чалкаштиряптими? Гуноҳларнинг хабисаю кабираларининг барини қилган бўлса бу дунёда, муртад бўлмай яна ким бўлсин у?! Лекин бунинг ҳам аҳамияти қолгани йўқ-ку сўнгги йўқотиш олдида... Ё Сарибой-терговчи – Сарибой эмас, Мункар-Накирнинг ўзимикан?! Кўзида иккиланса ҳам, аммо гурзиси қани унда?!
– Қайтараман, сизнинг “Муртад” деган лақабингиз бўлганми?
Яна сидқидилдан ўйланади Муртазо: на беғубору бетақво болалигида биров уни бу лақаб билан атаган, на устозларнинг ўлимидан сўнг шўру-шар кўйининг ҳар кўчасига кириб чиққанида ҳам ҳатто Хомиддек баттол-да уни бундай деб чақирмаганди. Қамоқда-ку бу сўздан хабардор инсоннинг ўзи йўқ, барча ўз йўлида гумроҳу мутаҳҳам. Ўлимини тилаган касалванд Зайнобиддинми? Ё жанозасини унга мўлжаллаган отасими? Ким атасин уни муртад дея? Дунёда бировни муртад деб аташга кимнинг ҳаққи бор ўзи?! Ҳатто Пайғамбаримизнинг ўзларига ҳам атиги баширу назирлик ваҳий этилган эса! Ё айёр терговчининг ўзи тайёрлаб қўйибтими бу лақабни Муртазо учун?!
– Сиз мени эшитяпсизми ўзи?! Оҳирги маротаба сўраяпман: “Муртад” деган лақабингиз бўлганми?!
– Майлингиз... – деб жавоб берди Муртазо.
– Йўқ, сиз мени тушунмаяпсиз шекилли, мана ўқинг! – деб терговчи унга бир парча қоғозни узатди. Муртазо қип-қизил рангин қоғозга боқдию, бор вужуди билан бу нома Нигордан эканлигини туйди.

Кўзга чун дерменки эй тардомани юзи қаро,
Сендин ўлмиш телба кўнглумнинг балою ваҳшати...


Олтинчи тарона

Йиғлаб айтар кўзки йўқ эрди манга ҳам ихтиёр,
Ким кўрунди ногаҳон ул шўҳи маҳваш талъати...

“Азизим, мунисим, ёрим, нигорим, нозанинимсан деган сўзларни сендан эшитарканман, мен ҳам сенга “ниҳоли қоматинг сарвим, узоринг ёсиминимсан” дегим келади. Сен ёзиб қолдирган бу муҳташам ғазални ўқигачоқ, кўзим ила дилим ушбу сўзларни кўраркан, “ҳавойи равзаи кўйинг, баҳори гулшани жоним” дея такрор-такрор айтгим келади. Шунда мен кузгими, қишкими боғларда биз бирга ўтказган бахтли онларни абадий баҳор тусида кўраман ва уларни икки дунёда ҳеч нарсага айрбошлагим йўқ. Ҳали ҳам ўша-ўша талабкори висолман. Кошки бу онлар абадул-абад давом этсайди, бироқ сўнгги ҳодисалар гирдоби мени аллақандай ғулувга соляпти. Келишганимиздек, эрим билан ажрашмоқчиман, энди бу муносабатларимизни тугатишга қарор қилдим. Унга айтмоқчи бўлганим: беш йил ҳаётимиз ҳаққи-ҳурмати, гуноҳларимни ва сенга етказган азобларимни бағрикенглик ила кечиришингга умидворман. Бугун балки биз Рамазони Шарифда кутган Қадр кечаси Қадр кунимизга айланар. Хиёбонга борган эдим, сен йўқ экансан, кўнглим ваҳимага тўлиб бормоқда. Учрашувимиз ерида бир гул қолдирдим. Уйга, норасида боламиз ёнига шошилдим. Кечроқ келган бўлсанг тасодиф юзасидан гулга қоқиларсан. Мен эса йўлда Мирзаҳакимни кўргандек бўлдим. Қўрқяпман, Муртазо, эшикларни барини тамбаладим... Ўзим ҳам майлига, сени йўқотгум йўқ...”

Ҳар на ситам ўлса қилғил, эй чарх,
Солма ораға вале жудолиғ...

Муртазо бир зумга кўзини юмди-да, ширин ним-бедорлик, ним-уйқуда ташна кўзларини қайта бошдан-оёқ хат узра югуртирди:
“Азизим, шу кунгача сени азизим деб ўйлашим, чақиришим, юракда тутишим биз бирга яшаган бахтли онларни эслатса-да, мен уларни ҳеч нарсага айрбошлагим келмаса-да, ўзимда сўнгги журъату виқор ушоқларини топиб бу хатни ёзишга қарор қилдим. Буни илгарироқ айтишим лозим эди, бироқ сўнгги ҳодисалар гирдоби мени чалғитди чамаси. Иккимиз гуноҳларга ботдик. Оллоҳ кечирмаса, атрофимиздаги инсонлар, яқинларимиз кечирмайдиган гуноҳларга чўмдик. Шундан мен энди бу муносабатларимизни тугатишга қарор қилдим. Гуноҳларимни ва сенга етказгум азобларни бағрикенглик ила кечиришингга умидворман. Бугун балки биз Рамазони Шарифда кутган Қадр кечаси Қадр кунимизга айланар. Хиёбондаи бугунги учрашувимиз юз бермагани шунинг учун-да хайрлидир. Гуноҳларимизга норасида боламизни ботирмайлик. Қайтишда мен тасодифан Мирзаҳакимни кўриб қолдим. Қўрқяпман, Муртазо, бироқ буниси ҳам кўргуликнинг, тўловнинг, эвазнинг бир тури бўлса керак. Алвидо, беваслим...”

Муртазо қизил қонда ёзилган бу хатни ўқиди-да, серрайган терговчи ўнгида ўзлигини йўқотди. Бир зумга мияда чақин чаққандек бир байт гурсиллади:

Ёзар кўз пардасина ашк шарҳ ҳоли билмаским,
Ўқунмаз қонла ёзилса ҳати авроқи ол узра...


Ироқ мухайяри

Эй Навоий, барча ўз узрин деди, ўлгунча куй,
Ким санга ишқ ўти-ўқ бўлди азалнинг қисмати...

Воқеа ўлароқ мен айтадиганимни ортиғи билан айтиб бўлдим. Шу ердами, эртароқми, қиссага нуқта қўйсам бўларди-ю, кўнглим тинчимаяпти. Мен ўз умримда авлиёлиқни даъво қилган шайхларнию муллоларнинг бир қанчасини кўрдим. Мурувватим сустлигиданми ё бошқа сабабданми, буларнинг ҳидидан, исидан қониқмадим. Ўгрилиб ҳаётимга боқсам, атрофимда ўралашиб юрган бувим дейсизми, аммамми, катта тоғамми – шу жўнгина одамлардан авлиёлик иси келаркан. Катта бувамми, буваларимми – булар болшевойлар даврида кими қамалган, кими отилган, бироқ “пир” деганда, “нуроний” деганда, кўз олдимга нуқул ўша қамалган катта бувам келади.
Муртазонинг бошидан кечаётганларини ҳам ўйласам, негадир камолоту авлиёлик ҳақида ўйлайман. Бу дунёда неки ришта бор экан, барини кесди, баридан кечди эмасми у?! Фано деганимиз бу бўлмай яна нима бўлсин ахир?! Лекин нечун, не сабабдан, не мақсадда, нимани ё кимни деб кечди? Севгиси деб, Нигори деб, Ёри деб, унинг Васли деб кечмадими?! Муртад қанию, инсони комил қани? Савол кетидан савол, ҳудди ўзим терговчига айланаётгандек...

Ёки ўша тош устида бир қоронғу кеча: “Ёрилтош! Ёрилтош!” – дея ҳайқириб, мажнунваш бир ҳолатда ўз иссиқ тани баҳридан кечмоқчи бўлиб журму-гуноҳларнингу йўқотишларнинг балки-да энг каттаси ўнгида мана бу шеърини эслаб, бечорау бехонумон бўлганиданми менинг мудом беқарорлигим?
Буниси ҳам янги ёзувда қолаверсин:

Savol – hiqichoqdek – esni tortgani kabi...

... nima demoqchi ekanman, esimda yo’q.
Balki haqiqat bilan yolg'on orasidagi pardaning
nafasingdanmi, ko’cha shamolidanmi hilpirashi, yoki

bu pardaning gardaningga tushgan og'irliginimi -
faraz qil bu qizga rostlaringni barini bildirding:
ko’chalarda yurganimda entikkan ashulalarim – sening,
ertanggi kun botmas og'ir quyoshdek ko’nglimga seni deb,
ko’ylak ortidagi badaning – isitmam mening...

Yo’q, seni aldaganim ma'qul, o’zimni aldaganim ma'qul,
bu o’tkinch bir narsa – nafasimning ko’k yo’taliyu, yuzimning qizamig'i bir nav',
bir kun emas bir kun namlanmaydi shamoldan ko’zu, uvushmaydi sovuqdan qo’l,
sendek yalang yolg'onmi yo sensiz yolg'iz haqiqatga unab.

Kechalari yotar ekanman, o’ylayman: jonim
bir kun uchib ketsa-da, bu go’shtni, bu suyaklarni tashlab,
yer bilan qorishib yotgan jismimga achinaman, chunki chunonam
sen deb suyak zirqirardi, senga edi tashna lab...


Вақти-бевақт: энг сўнгги фожеа саҳнидан қочайми деб, яхшиси Муртазо қаҳрамонимни нуроний чол, пири самоий суратида тасаввур қилмайми, деб ўйлайман. Кичик давраларда қўлига танбур олса олиб, йўқса яланг овозда айтган ашулалари: “Ё тан набию”, “Мўмин шифоси” бўлсин. Овозу, ашула этиш услуби – ҳозирда йўқ бўлиб кетган услуб, “шиками” услуби – Содирхону, Мулла Тўйчилар услуби: ички овозда ташқарига эмас, ич-ичингга куйлаш услуби. Ҳозирда ҳамма бача овозида маъраганида тайинки шогирдлар ҳам кўп эмас, саноқли, бироқ булар устози атрофида парвона, онда-сонда чет элдан мусиқа тарихини ўрганган олимами, ҳаваскор жувон учрашув сўраб сим қоқса: “Оёқларим бод бўлган, бу ҳолатда қандай кўринай сизга, бекам?” – деб илтифоти комил ила ўз олдига аёл зотини йўлатмаса...

Дилам хазонае асрор буд, лек дасти қазо
Дараш бибасту, калидаш ба дилситонам дод...

Йилда бир маротаба найсон ойининг учинчи куни пиримиз қўлларига дуторларини олар ва оҳиста, ўктам овозда “Қаро кўзум”ни хиргойи қила бошлардилар. Нафас билан чиққан бу қўшиқ аввалига хонадагиларнинг қулоғига чалинар ва улар шу заҳотиёқ қилаётган ишларини йиғиштириб, мумдек қотишарди:

Қаро кўзум келу мардумлик эмди фанқилғил,
Кўзум қаросида мардум киби ватан қилғил...

Қарияларнинг ашула айтишида алоҳида тароват бор. Ҳаттоки улар шиками услубида эмас, ҳонакоҳий ва ё гуллиги услубила куйлашса ҳам, барибир, бу ҳорғинлик ашулага зиёда маъно атайди. Сокин қадамлар суръатида бошлаган бу ғазални пиримиз ўз устозларидан эшиганларидек, очиқ “а” товушларини қориндан чиқарганлари учун бироз “э”га буриб айтардилар эмас, балки этардилар.

Юзунг гулуга кўнгул рэвзэсэн ясэб гулшэн,
Қэдинг нэҳолиғэ жон гулшэнэн чэмэн қэлғэл...

Бошқа хонадагилар ҳам дув-дув бу хонага йиғилиб, сассизгина, ерга чордона қуришарди. Бу байтдан кейин илк бор хониш қилиб пиримиз: “ҳе-э-эй...” деганларида барчамиз бир оҳ тортиб олардик. Пиримиз дуторларини орада шиддатлаштирар эканлар, биз ҳам чуқур хўрсинишдан нафасларимизни ростлаб олардик.

Таковаринга бағир қонидин ҳино боғла,
Итингга ғамзада жон риштасин расан қилғил...

Пиримизнинг ҳаётидан огоҳ бўлганларимиз недан бу байтда овозлари бир титраб олишини яхши англардик, шундан бўлса керак, хам бошларимиз: “йўқ, йўқ!” – дегандек ёндан-ёнга чайқала бошларди. Дутор оҳангни яна таранглаштирар, пиримизнинг овозлари энди тепаликка чиқаётган кимсадек вазминлашар, ундаги ҳорғинлик энди аллақандай ўжарликми, саркашлик билан қориша бошларди.

Юзунг висолиға етсун десанг кўнгулларни,
Сочингни боштин аёқ чин ила шикан қилғил...

Орада ярим нафас олиб, овоз янада тепароқ интиларди, уни энди осмонга қуюн кўтарган кузак баргларидек ерда тутиб бўлмасди.

Хазон сипоҳига эй боғбон эмас монеъ
Бу боғ томиға гар игнадин тикан қилғил – эй-эй, ёрей...

Бу дам пиримизнинг атрофида ҳеч ким қолмасди, ел келиб бутун дунёни учириб, уларни яккама-якка, биз билгану-билмаган ёрлари ўнгида қолдирарди. Овозлари бундан сиполашиб, ёлғиз ёрга айтмоқчи бўлган рози дилларини яна теранроқ сирларга ўраб, хитоб айлардилар:

Юзида терни кўруб ўлсам эй рафиқ, мени
Гулоб ила юву гул баргидин кафан қилғил, воей-ҳе-ей, ҳай-ҳей, ёрей...

Бу сўзларда, сўзлардан кейинги нолишда бевафо умрнинг бор армонларию надоматлари, шикояту йўқотишлари ушбу авждан, бу юксак ёлғизлик чўққисидан ўтмишу-келажак томон янграб, уятчан овоз бир зумга дутор пардаларига кўмилар ва сўнгги интилишда довоннинг нариги тарафидан бизга, ё яна ўз ичларига айтмоқчидек:

Навоий анжумани шавқи жон аро тузсанг, ҳей-ей, ҳей,
Анинг бошоқлиқ ўқин шамъи анжуман қилғил, эй, вой ёрей,
вой-воей, адоманей, ҳай ёрей, эй-эй ёрей, ҳей-ҳей, ҳе-эй,
ҳа-додей, ёрей, а-жонамо...

дея, сўзлар ифода этган маъноларнинг мингини яна гунг хонишу-нолишларга ўраб, ашуладану, у туғдирган шодлигу ғам-ғусса, тушкунлигу шавқу-завқ, хотираю тахайюл, иддаою тазарруъ, нигунлигу кибор, ўтмишу оянда, ҳаёту мамотлардан ҳудди гул тикану хазон бўлгач кафанга айланиб яна янги бошоқдаги зиндабахш уруғдек ниш уриб озодликка чиқарди...


Биринчи таронаси

Муртазонинг болалигида устозларининг хонақосидами, ё унинг пирлиги давридами, унга негадир айниқса ёққани Шайх Носири Хусравнинг куллиётидан бир рисола бўлгич эди. Унга дебоча ўрнида даставвал алломанинг мана бу шеърлари ўқиларди:

Ҳама жаҳон худро бо “мани” музоф кунанд,
Абар чи уфтод ин “ман”? Бигўю риш махор.
Тан аст, ё жон, ё ақл, ё равон, ки “ман” аст,
Ва ё чу халтшуда аспи буру марди савор?

Баъд аз он ҳикоят ўқиларди. Гумном муаллиф унда Носири Хусрав номидан сўзларди. “Умрим сўнгига қадар саксон йил яшаган эсам, маълум бўлдики мен ўқимаган ва билмаган илм қолмабди. Ушбу илмларнинг барини мен Аъзами Миср вазорати ишига сарфлар эдим. Бироқ ҳасадли душманларим йиғилиб, адоват этагини шимариб, ёғийлик камарини боғлаб, мен йўқлигимда Аъзами Мисрга шикоят этибдилар ва мени куфр айлаб, ўзимни ўлдириш, китобларимни эса ёқиш ҳақида фатво чиқарибдилар.
Пайғамбаримиз Расулуллоҳ алайҳи вассалам ўз жиянлари Али алайҳиссалом ила қоронғу кечада қандай қочган эсалар, биз ҳам иним Саиди Хусрав ила таваккал айлаб Мисрдан қочдик ва шаҳри хиттаи Бағдодга етиб келдик. Мен инимни Алоҳида вилоятининг Аламут шаҳрига юбордим, чунки у ернинг язид ҳокими менинг талабам бўлганлигининг гумони бор эди.
Инимдан хабар етгач, мен ҳам Аламутга етиб бордим ва ҳоким ҳузурида ҳозир бўлдим. У исмимни сўради. “Носир”, – дедим. “Қайси Носир? – Мен: “Ҳаллоқ унга тамаъ қилган”, – деб жавоб қайтардим. Ҳоким боақлу бофаҳм, некназару доно экан, қўлимга мен алламаҳал битган “Аъзами илоҳиёт” деган китобимни тутқазди-да: “Буни Носири Хусрав ёзган, унга аср ҳакимларидан биронтасининг тиши ўтмайди”, – деб ундан масала берди. Мен масаланинг жавобини айтгач, Аламут ҳокими: “Толиб матлубга етишди, ошиқ маъшуққа, жозиб мажзубга, рокиб макрубга”, – дея мени қучоқлади.
Унда бир неча йил вазир бўлдим, кетай десам, у қўймасдан энди ўғлимизга падар бўласиз, деб Хамадонга юборди-да у ерда ўз ўғлига тахсил бериш ниятида мени дарбанд этди. Унга анвои илмларни ўргатдим, унинг учун Қўрон тафсирию, мулук одоби ва ғайр китобат тасниф этдим.
Бироқ отаси недандир: “Ўғлимни бузяпсан, тўғри йўлдан оздиряпсан!” – дея, ёлғонларга тўла мактуб ёзиб буун дунёга тарқатгач, фукаҳою уламо ва ҳукамо кўриб, менга куфр нисбат бердилар ва лаънатлар ёғдирдилар. Нек номим бадном бўлди. Тушкунликда ўтирарканман, ёнимга иним келиб: “Оғам, сен ғорларда йиллар ўтказиб тасаххурот илмини ўрганган эдинг. Тилсимотларингни ишга сол, токи биз кофиру золим шоҳдан озод бўлайлик!” – деди. Мен ҳам унга: “Иним, неки деган бўлсанг, шуни қилойин!” – деб ишонтирдим.


Иккинчи таронаси

Мусо алайҳиссалом Фиръавн олдига борганидек, Алоҳида вилоятининг язид ҳокими ҳузурига қайта бордим. “Менинг вазирликка кучим қолмади, – дедим, – инимни вазир этиб қўяйлик, мен эса илм билан шуғулланайин!” У рози бўлди. Шундан кейин мен руҳонийларнинг даъвати билан машғул бўлдим, токи уларни ҳам бу золиму кофир Язиддан халос бўлишмиз лозимлигига ишонтирдим. Руҳонийлар ўшанда: “Буюр бизга уни ўлдирайликми, ё бемор этайлик?” – деб ишга шай бўлдилар. Мен уларга: “Касал қилинглар, то тадрижда ҳалок бўлсин!” – дедим. Бу илмнинг жамъи менда йигирма уч кунни ҳосил қилди. Руҳонийлар ҳисобида эса йигирма бешинчи куни ҳоким касалликдан сўнг оламдан кўз юмиши лозим эди.
Йигирма бешинчи кунга бориб у атиги бемор бўлди. Унинг касаллиги қандай эканлигини, арзийми ё самовийми – ҳеч ким билмас, ўлим куни яқинлашгач, у хушидан кетди, ва хушига қайтгач, руҳонийларни ҳайдаб, мени ёнбошига чақиртирди. Кирдим, ёнига бориб ўтирдим. У: “Эй, Хусрав ўғли, мен биламан, сен мени ўлдиряпсан, бу беморлигим сендан. Мендан эмин бўл. Руҳонийларга айт, менинг муҳаббатим сенда, ва бу муҳаббатда мен сенга содиқман. Сен муаллимимсан, мени ўлдирсанг-да, сенга ҳеч нарса демайман. Бироқ ростини сўйла, бу касаллик сенданми, ё йўқ?! Унга иқрор этасанми, ё инкор?” Шунда мен иқрор бўлдим: “Бале, буни мен қилдим!” Ва ҳазрати зулжалол вал-икром амрларини етказдим...


Учинчи тарона

Ҳикоятнинг баъзи жиҳатлари – форсча ўқилганиданми, ё эскироқ услубда ёзилганиданми, ё атайинми, бироз мафҳумроқ бўлиб, синчков ақл бир қанча номутаносибликларнию таноқизларни топиб оларди. Кун бўйи дарахт буталашдами, ўт ўришда ё ошхонада жамоа учун таом тайёрлашми, ё товоқ ювиш пайти ақл ана шу носозликларни бир-бирига чегалаш билан машғул бўлса-да, кўнгул оқшом сайин, икки шамънинг пирпирашида ҳорғин овознинг ўша-ўша ҳикоятнинг давомини улаб кетишига орзиқарди.

Ғалат шумурд касе ки к-ў чунинг гумоне бурд,
Басо савор, ки бастан надонад у шалвор,
Басо касо, ки ҳаме “ман” шуморад ў худро,
Ба заррае нагарояд, ки даркаши ба иёр...

“Биз эсак иним иккимиз Алоҳида вилоятидан ташқари қочиш тадоригини кўра бошладик. Мен руҳонийларга ва ҳокимнинг ўғлига Дамашқда бир гиёҳ ўсишини, уни фақат ўзим билишимни, ўшал ўт Алоҳида ҳокимига нажот етказишини айтдим-да, иним иккимиз икки тулпор отга миниб, вилоят ташқарисига йўл олмоқчи бўлдик. Аммо ул юрт фукаҳосию уламою ҳакими ҳокимнинг ўғлига биз иккимизни қўйиб юбориш – касаллик сабабинию, унинг халосини қўлдан беришдир, – дейишибди. Шунда у бизга чорсад мулҳиду кофирларни қўшиб, Алоҳида вилояти ташқарисига чиқишга ижозат берди.
Йўлда кечаси бир тоққа етиб борганда биз азимати Мирриҳ ўқиб, булардан ўзимизни озод этдик, токи иним Саид ва шогирдим Нотусий Мағрибий ила Нишопурға кириб келдик. У ерда бизни бирон кимса танимас, ва биз масжиду мадрасаларни тавоф этиш ила машғул бўлдик...”


Тўртинчи тарона

Бунисини аслида тўртинчи мақолот деб аташим керак эди-да, майли, шу бўйича қолаверсин. Сўзда ифодаланганми маъно, ва ё оҳангдами – фарқи не? Аслида-чи, бу ҳикоятлар анча мудом, кеча давомида ўқилар, уларда ҳар бир суҳбату муоамала инжуланиб, майда-майда парчаларда сўзланар, менинг айтаётганим эса чиндан-да тарона – ул ҳикоятнинг ишораси, оҳанги, изи...
“Бир куни кафшим йиртилиб, этикдўзга бордим. Шогирдим эса мендан хабар олмай, мадрасаларда бахс қилиб юрганида, уни ушлашибди-да, муртадга чиқариб, ўлимга ҳукм қилишибди. Мен эса бундан бехабар эдим. Бозордан иним қайтиб, этикдўзнинг эшигини қоқди. Этикдўз эса бошқа тарафдан бошида бир пора гўшт кўтарганича пайдо бўлди. “Бошингдаги нима?” – деб сўрасам, этикдўз: “Бир пора гўшт. Бугун бир жавон мадрасага келиб Носири Хусравнинг шогирдиман деб, фукаҳо билан мунозарага киришибди, далил сифатида эса ўз шеъриятию, Носири Хусрав шеъриятларини келтирибди. Уни фукаҳо ушлаб, муртад дея дин йўлида ўлдириб, танини пора-пора чопиб: “Олинглар, унинг гўшти табаррук!” – дейишгач, мен ҳам бир пора гўшт олдим” – деди. Шунда мен унга: “Агарда уни ўлдириш табаррук экан, бу мазҳаб куффордирки, олиму ҳакимни ўлдиришса. Агарчи душманга ибрат ва адоват учун ўлдиришган эса, ибрат оладиган бу душманнинг ўзи ўлдирилди-ку! Кел, эй этикдўз, эски чориғимни қайтариб бер, мен Носири Хусрав шеърларини ўқимаган юртдан кетай!” Шу сўзлар ила ила суюкли шогирдиму меҳрибон дўстим фироқида кўзимда ёшим ила бу шаҳарни ҳам тарк этдим...
Мана, жума куни, раббиул-аввалнинг йигирма саккизинчисида тўрт юз тўқсон саккизинчи ҳижрий йили Юмган ғорида идрокли инимдану, иззатли ишимдан, шарафли шогирдимдану шукуҳли шеъриятимдан, қўйингки – бу дун дунёдану, олчоқ оламдан ажралиб, буларнинг барини гум этиб, ёриму мунисимсиз, магар ўнгиму чапимда фаришталар ҳузурида буларни ёзяпман. Касе йўқки менга паноҳу ғамхўр, магар Худои Таоло...”

Наёрам васфи ў бурдан, наёрам,
Ман ин сармоя дар хотир надорам...


Чамбари

Мана шундай узлату ёлғизликда Муртазо унинг гўштини пора-пора қилишга ҳукм этган Итбас ўғли Сарибой-терговчини ўз тоши устида хотирлаб ўтирарди. Муртазонинг ҳам Худои Таолодан ўзга на ғамгусори, на олампаноҳи қолмаган эди. Бевафо дунё уни мутаҳҳаму мулҳид этди, куфру муртад айлади, ҳаргиз Худовандои Карим ўз раҳматидан фориғ этгани йўқ, мосуво қилмади, арзандалигида тутди.
Тош устида хотирлаб ўтирарди деганим эса – қамоқ тошими, ё йилда бирми, ё сўнги борами бояги найсон ойининг учинчи кечасидан кейин устозларнинг уйи олдидаги муқим харсанг тош устидами – бунинг ҳам не фарқи бор?
Гоҳида унинг ўзи ҳам – фарқига етиш ҳам гапми – бу харсанг тош устида ўша-ўша болалигича ухлаб қолганману, буларнинг бари – келажагимни тушимда кўрганим, – деб бу уйқудан уйғонгиси келмасди. Қулоққа Гиря чалинармиди, Носири Хусрав ҳикоятими, ўз ҳаётими ё:

На узоқ йўл экан, эй пари, ғами фурқатинг ман зорға,
Ки висолингга ета олмадим неча умрилар таку тоз этиб...

Ҳозир мана уни устозларга олиб келган қайни дарвозадан қайтиб чиқадию, суву-туш париси оғушидан уйғотиб юборадигандек...
Ичкаридан эса шу он пирларимизнинг ўктаму юрғун овозлари танбуру дутор ҳамнафаслигида:

Десанг ўлмасун ёшурун сўзум агар ушбу олам ичида фош,
Дема ҳаргиз оллида сирринг аҳли башарни маҳрами роз этиб...

дея, икки малак янглиғ тушлик саратон осмонида эриб кетардилар...


Уфориси

Ё буларнинг бари менинг хаёлимдан кечдими? Балки Муртазо деб атаганим одам ҳам эмасдир – атиги ичимда тўлғанган овоздир? Унинг ҳаёти деб битилган қисса эса ана шу овознинг кўкрак қафасими, дафтар катагими, шакл қамоғигами маҳбус бўлишга қаршилигию, тутқинч бермас осмон билан, ҳавою бўшлиқ билан фазою садо билан васл истагидир? Ахир шода-шода тизиб чиққан байтларим бежиз эмас-ку, улар ҳам – белги, нишона, ишора... Қиссамнинг бошида айтган эмасмидим қанча сирлару розлар сочишимни. балки-да энг ката сиримни фош этмайин-да, зукко ўқувчимнинг эътиборини сўнгги бор чалғитсамми, йўл-йўлакай сочилган сирлардан баъзиларини очсамми?
Бу китоб шундай тасниф этилганки, мақом мушкилотларини алоҳида ўқисангиз – бир маъно, мухаммасу уфорларини қатор тизиб чиқсангиз, яна бир маъно. Ёки байтларни девон тартибида тизиб, ҳикояни ўша тартибга асосан мутолаа қилсангиз – мутлақо бошқа маъно. Илк сўзлар билан охирги каломларни мақом-ба-мақом, ҳол-ба-ҳол, тарона-ба-тарона улаб чиқсангиз яна теранроқ тубларга етишасиз, ғаввосим. Буниси энг осони. Айтмоқчи бўлганим, бунда неки тилга олинибди, бири-бирининг тажаллиётида жилваланиб, се мурғ Семурғни топгани янглиғ қиссамизнинг энг улкан сирига ишора этғуси. Шундан-да осон кўринган қиссамиз сипқориб тугул, майда-майда ҳўплам-ҳўплам нўш этилғуси. Беназир Ҳофизи Шерозий ҳазратлари айтганларидек:

Он кас аст аҳли башорат, ки ишорат донад,
Нуктаҳо ҳаст басе, маҳрами асрор кужост...

Ё-да чалғиш мана бундай бўлади деб, диққатингизни сўнгги бир ҳикояга тортсамми? Буниси ҳам машойихларимизнинг маталлари каби илк кўринишда бачкана, аммо “аз мушк бўй ояду, аз кох дуд” деганларидай, таваккал...

Яна ўша-ўша кузга кириб бораёган Лондон шаҳри. Мусаффо кун... Одатда серқатнов кўчалар кайфиятга уйғунлашиб сийраклашган, сарғая бошлаган шаффоф дарахтларга кўзингиз тушади. Бир-икки оҳиста мошина тиллабалиқчалардек сассиз ўзади.
Бугунга шаҳарнинг марказидаги муҳташам турк ресторанида беш яшар ўғилчамнинг суннат тўйи белгиланган. Ҳофизимизнинг ўзлари бу тўйда хизмат қилишга бел боғлаганлар. Каллаи саҳардан баримиз кечки зиёфатга тараддудда ясаниб-тусаниб олганмиз, тугунчалар тахт, бори машинамизга юкланган, соат ўн иккиларга бориб хотин-халажимиз тайёр бўлиб, ахир йўлга чиқамиз. Шаҳар маркази эмасми, ҳатто шанба кунлари машинани соат 1.30-дан кейин кўчада ташлаш мумкин, шунга чоғлаб чиқяпмиз десак ҳам бўлади.
Соат бирларга ресторан атрофидаги кўчалардан бирида машинани тўхтатиб, йўловчию юкларимизни туширдик. Келинингиз, қизим ва ўғилчам халтаю-тугунларни кўтариб ресторанга боришадиган бўлишди, мен эса машинани яна 15-20 дақиқа қўриқлаб, роппа-роса бир яримда машинани қулфлайдиган бўлдиму, ўзим ғир этиб, метрода ҳофизимизни меҳмонхонадан олиб келишга бел боғладим.
Вақт бир яримга зўрға яқинлашар экан, 10-15 минутни тежашу, метрога бир фунт тўламаслик қизғончида: кел, яхшиси ҳофизни машинамда олиб келақолай, – дедим-да, машинани ғуввиллатиб меҳмонхона томон сурдим. Меҳмонхона ҳам марказларнинг марказида бўлиб, у ерда машиналарни кўчада ташлаш соат 6-дан кейин текин эканми, тўхтаб турган бошқа машиналар ичида ҳайдовчилар йўл назоратчиларидан огоҳ бўлиб ўтиришарди. “Кирсам беш дақиқага кираману, ўлдими, туриб турар”, – дея машинамни меҳмонхона ўнгидаги панароқ жойга ташладиму, ўзим меҳмонхона ичига шўнғидим.
Ҳофизимизнинг хоналарига кўтарилсам, ҳофиз пешинларини ўқиётган эканлар, бенамоз созандалари кутиб олишди. Пешинлар ўқилгач: энди нима бўлади, нима қўяди, маромида зиёфат мундарижасидан гаплашдик, орада ҳофизимиз бошларидан ўтган бир-икки воқеани қистириб ўтдилар. Қизиқ суҳбат чойсиз кечмайди, бир пиёла-бир пиёла Аҳмад-чойлардан нўш этилди, сўнг фотиҳа ўқиб турилди.
Ташқарига чиқиб борсак, экскаваторга ўхшаган улкан машина менинг митти “ар-робамни” юк машинасига ортяпти. Бир тарафда қоратан йўл назоратчиси бу тантанавор жараённи бошқариб турибдилар. Жон ҳолатда югуриб бордим: “Нима қиляпсизлар?” – деб ҳайқирдим. Йўл назоратчиси аввалига қўлидаги соатига ишора қилди. “Ҳаққингиз йўқ! – деб ўшқирдим, – йигирма дақиқага жарима патаси ёзилиши керак!” – дедим. У менга аллақачон ёзиб қўйган паттасини машинамнинг деразасидан юлиб узатди. Паттада даставвал 20 фунт, сўнг 20 дақиқа ўтиб бўлгач 40 фунт белгилаганди. Соатимга боқдим. Меҳмонхонага кириб кетганимга бир соату етти минут бўлган экан. Йўл назоратчиси ҳақ эди. Бир соат ўтгач “ар-робани” юк машинасига ортириб, қаровсиз машиналар жамлоғига етказишади эмасми...
Шунда ялина бошладим. Майли, дедим, жарима 40 фунтигни ҳам берай, қаровсиз машиналар жамлоғи учун тўлов бўлмиш 130 фунтигни ҳам тўлай, лекин машинамни қолдир, озод эт, бошимда тўйим бор, ёнимда ҳофизим турибди ахир! “Йўқ, – деди баттол назоратчи. – Энди ихтиёр мендамас. Қонун қўлида!” Шунча ҳолу-зор қилмас ҳам унамади назоратчи.
Хулласи, ҳофизу муғаннийларни меҳмонхона ўнгида анқайган таксичилардан бирига топшириб, ресторанга юбордим, ўзим эса бошқасига ўтириб, бояги юк машина кетидан ташландиқ машиналар ўрдаси томон йўл олдим. Таксичим эронлик Кабир исмли ҳайдовчи экан, Шайх Саъдийдан олиб, мени юпатишга ҳаракат қилди:

Мискин харак орзуи дум кард,
То ёфта дум ду гўш гум кард…

Аллақандай ҳикоялар сўзладими-ей, бироқ ландовур юк машина тезлигида шаҳар чекасидаги ўрдага ахир етказди. Икки соат деганда бу жамлоқдан машинамни озод этдим. Кабир икки соат давомида эҳтиёти шарт мени кутиб ўтирди. Аввалига берган пулимни олмади: “Кўз кўзга тушди, ака-ука бўлиб қолдик”, – деди. Бироқ мен зўрлаб йигирма фунтлик қоғозни унга тутқизганимда, у: “Ундай бўлса, йигирма эмас, қирқ фунт бўлади, кутганим-чи?!” – деб, мени хонавайрон айлади. Тўладим, нима ҳам қилардим.
Озод машинамни миндиму, шаҳар марказига, ресторан томон учирдим. Йўлда камида иккита йўл камераси тезлигимни оширганим учун машинамни суратга туширишди. Бунга ҳам 40 бўлмаса, 80 фунт жарима почта орқали келади, иншаллоҳ. Ҳодисалар юмаласа, селу кўчки бўларкан. Ресторанга бир километрча қолганда машинамнинг муфтаси ишдан чиқса бўладими. Тўғри келган жойда ташлаб, сўкина-сўкина, ресторан томон югурдим. Машинани яна жарималашса ва ё жамлоққа олиб кетишса, уни қутқариш устига тузатиш лозим бўлади эмасми. Бунисига ҳам қўйинг ўйламай қанча пул кетишини. Айтдиму, хонавайрон бўлдим ўша куни, шарманда бўлдим, муғаннийларга қистирмоқчию, ресторанга тўламоқчибўлган пулларимнинг баридан холи, ўз тўйимга энг сўнгги меҳмон нусхасида кириб келдим...
Майли-ку, ёр васли экан, хонумонингдан тўлиқ айрилмасдан ўз-ўзингнинг васлингга ҳам магар етолмасанг, киши. Бедил айтмиш: “Пур бекасам имрўз, касеро хабарам нест”. Шунданми униб-ўсди бу қисса, ё чидаб бўлмас ғазалу мақом оғирлигини бироз бўлса-да енгиллаштирай деб, унинг бир чекасидан мен ҳам тутдимми. Майитни мозор томон кўтарганларида елка тутган инсон йўловчи янглиғ...

То бад онжо расид дониши мо,
Ки бедоним ҳам онки надоноим...

Ҳа, дарвоқеъ, нима ҳақда гапираётган эдим? Яна валжираяпманми? Яна ўзимни бўралаб сўксаммикан? Чунончи ҳаёт фожеасини орзум билан яраштира олмадим ва йўл бошида қандай эсам, ҳозир ҳам ўша беқарорликдаман. Йўл юриб чизе топдимми, ё борлиғимни йўқотдим? Ё топганим йўқотиш бўлдию, йўқотишим топганимми? Ё бир кам дунёда: “Валлоҳи аълам биссавоб” дея чексизу ҳадсиз саволларга нуқта қўйсаму, мана бу хароботга эшик очсамми? Айтмабмидим бошида: токчада турган бир даста синғуси пиёладек озодаю жарангдор бўлади бу ҳикоя деб, тўйга кириб келсам, тепилиб-тепилиб пишган чиннининг жиринги қулоқларимни тўлдирди: зинғ-ғ-ғ... – ичига май қуймасдан маст бўласан киши... Жилла қурса базм авжида. Ҳофиз саҳнада. Меҳмонлар самои рақсда... Мен эса ўз-ўзимга, ич-ичимга дуо каби шивирлайман:

Омон-омон, бегим, ҳусни тасодиф дея буни дерлар...

< аввали               

наверх



SpyLOG

FerLibr

главная   |   на сайте   

© HZ/ DZ, 2000-2001