index page

Hamdam Zakirov's Literature Archive (in russian)


FerLibr

главная   |   на сайте   


главная
на сайте

БЕЛГИ:
Иккинчи китоб

С О Ҳ И Л

 

***

қизарган япроқлар, қизарган япроқлар
нимага йўлимда йўлиқиб қолдингиз
шамолда кўчманчи экансиз, ўтроқлар
наҳотки тушунса узулган қалбингиз

биринчи синфнинг Ўқишми Китоби
ё Она Тилида Кечки Куз сурати
қизарган япроқлар, болалик офтоби
ҳар қадам ташласанг кетингдан юради

у ҳам бир кўчманчи синфдош қизча-да –
ўн етти ёшида етти ёт бир ерда
машина остида қолади кўчада,
қип-қизил япроқдек юзлари бир бурда

қизарган япроқлар, қизарган япроқлар
қирқ икки ёшимда мен сизни тўкдимми
тунми, кун осмонда сочларин тароқлар
қип-қизил устидан қоранинг тўқ тими...

***

Намозшомда
чироқ ёқилмаган хонада
уйдан
узоқ-узоқлардаги осмонга қарасанг
йигирмами, йигирма икки ёшингни эсласанг –
атайин ёшлик деганим йўқ,
чунки ёшлик деган нарсанинг ўзи йўқ –
ўрнига наздингда минглаб оқшомлар
шундай кўкиш, оқиш, сарғиш намозшомлар
босиб қолишгандек,
босиб туришгандек ўша кунни, ўша кўкшомни...

Ўша кун ҳам, ўша кун
намозшомда томларнинг тепасида
уфқдаги далами, зўрға қорайган ўрмон тепасида
худонинг нафасидек очиқ
осмонга
унда бир зумга
мана шу бир умрдек зумга
абадийлашган булутлар томон боқиб
қайси йўқолган ёшларингни қумсардинг
ўшанда
эй ўткинчи банда...

12/5/97

***

Бу одам ҳам ёшларга тўлиб
риҳлатга йўл олди, – дейишса Тавротда,
ҳозирга қадар мен оёғим қадар
тўлган бўлсам керак ёшга, оёғим
вазминроқ, ва бироқ ундан юқори –
жигару, юрагу, кўкрагим – бўм-бўш.
Айниқса юрагим ҳеч ҳануз тўлмас,
миямни бўш десам кўп тўғри бўлмас,
лекин ёшга эмас, бошқага тўла.
Ўнгимда хипча бел икки қумсоат,
Тавротнинг ўрнида иссасул Анбиё...
Буними ағдарай, унгами тоат
қилайми,
юракдан бир ҳаво пуффаги гуё
узилиб, ичимни қопласа бир йўла...

19/9/96

***

Анҳор оқар ўз йўлига,
Булут оқар ўз йўлига.
Иккисини бичиб-чатиб,
умрим оқар ўз йўлига.

13/8/93

***

Ғишт кўчган қолипдек ёки гўшт
жонидан кечгандек
ётибман бўшлиқда ё бўшлиқ
чайқалар ичимда...

Ўғлим қолган она юртдан қайтдим ўз уйимга.
Эрталабдан соғлигимни ўйлаб чопдим ўрмонга.
Ўрмонда қоқилдим ўғлим билан кузатган чумоли уюмга.
Ўйимда йиқилдим шабнам остидаги ўтга эмас, уммонга.

Мана бу ханчалак ўғлимнинг остида чайқалар,
ҳозирчи шамолда ғийқиллаб у бўм-бўш.
Нимадан изғир руҳ, бу савол зил эса ҳарқалай
нимага посанги ўрнида элликка юзланган эски тўш?

***

Чумчуқларнинг дунёсига тушиб қолдим қайтадан,
булутларни супураётган дарахтлар дунёсига.
Аралашдим бўш дераза тўкаётган ҳўл ёшига,
лекин булар айри эмас, булар бари дам-бадам.

Ҳўл овозин тўкканида ҳўл қанотли чумчуқлар,
бу дарахтлар деразага расм бўлиб тушганда,
тушунсанг-чи, булутларнинг қўнимгоҳи Тошканда
бўлмаса-да, бўш юрагинг ўз-ўзича санчиқлар...

Икки норинж, меҳмонхона, ухлаётган ўғилчам.
Ер устида унутилган яна немис қишлоғи.
Оқиш куннинг тишлаб-тишлаб ейилаётган пишлоғи
мунча тилни ачиштирар, мунча бу шеър беихчам?..

15/12/96

 

***

Юрагимни бўшлиқ қоплади.
Хайрлашди хуржунсиз дарвиш.
Тўртта хом ғишт қолди қолипда.
олди холи ҳовли, кун, давр, иш...

Юрагимни бўшлиқ кўтарди.
Мен кўтара олмадим уни.
Айирилди дарвишдан дарди.
Ўчди қуёш мен кетган куни.

Бўшлиқ олиб кетди юракни.
Сувдан кечди тегирмон тоши.
Зулмат уни такрор: Юр, ака, –
дея чорлаб тундан ўтиши –

бу йўлларнинг, о, бу йўлларда
бу йўлларга сарҳад излари –
тошга сингил деган юзларда
ёш қуригач қолган излари...

17/12/90

***

Бўлди, ёт. Ўчоққа кўмирдан тузукроқ қалаб қўй!
Эшикка занжирни солдимми? Ётгунча бир чиқиб қараб қўй...

Ўқишдан кўз тиниб ўнинчи чироқдек сўнган дам
оқ қишнинг оққуши дераза токига қўнади бирдан.

Даҳлиздан эшикка чопонга бурканиб чиқасан,
ажабо, кўз тиниб ҳар дарахт устида беқасам.

Сен нафас оласан, учқунлар ўпкангга қадалар,
зулматдан оқалар исбот, шарҳ, қоидалар...

Ер юзи озода ҳам чунон оппоқ-ки, босган из
оёғинг остидан соядек ажрашга ҳам ожиз.

айтасан, кўрпангни дераза тагига тушайсан,
тун бўйи оқ қишни кўзингнинг олдида ушлайсан.

Тушда-чи: ўчоқдан кул тўла чиқувчи хокандоз
қорларга қоқилиб чўғлардан ёзармиш пояндоз...

11/2/90

***

Саҳобанинг ўрикзорида ош еб бўлгач, қувват борида
Эски-кишлоқ томон бир ўрда бўлиб аробада кетардик.

Элитганми йўл мени хиёл, кўзим очсам – олдинда аёл
ҳайдовчига кўрсатгандек йўл жимжилоғин тутар эди дик.

"Мовлар сизди танир экан-да", – деб ҳайдовчи, бир содда банда,
аёлни-да, дўстларни канда қилмай, кўзгусида илжайди.

Аёл, қиё боқиб, "Мен – Юлдуз..." деганини мен ўзим ҳануз
такрорлайман, э воҳ, юзма-юз учрашишса юлдуз ва дайди.

Юлдуз, Юлдуз, беш ёшимда мен: "Бегим-хоним, сизни оламен!" –
деганимни эслайсанми сен, ёки унутдингми, ай Юлдуз?

Орамизда неча минг қадам, ҳаёт деган қоронғу адам,
ўттиз йиллик нурларинг қайдам, балки Сомон Йўлинг шўри – туз?

... Мана яна йўлимиз айри. Йўл бўйида ўсар гулхайри,
гулхайрида қолдию "Хайр!"и, тун йўлида елди чопони...

Эски-қишлоқ тунлари қора. Сен-чи ўтмиш осмонга қара,
сочинг каби минг-минг оқара ўчиролмас осмон Чўлпонни...

12/2/90


Пароканда ғазал

Овозим титрайдиё – аранг-аранг жон келсин.
Гулнинг ярми ранг бўлса, қолганига қон келсин.

Кеча-кундуздан тошиб сим-сим оқди эрса ёш,
кўзни куйдиргач Чўлпон кун бўлиб афғон келсин.

Бир ўгрилиб боқишинг икки жаҳонга ўлим,
иккисида тирилсам биридан нишон келсин.

Томга шоти қўйган ким, чангга ботгунча олманг
ё бизни ҳазон урсин, ё сизга боғбон келсин.

Пахса ҳовли ўчоқми, сояси лов-лов олов,
уч девори кул бўлгач куйидан сўзон келсин.

Бу кунимга мих қоқиб кўнглимни асрай десам,
тилди кўнглимни бу кун, кетгали осон келсин.

Юрагимнинг яраси ямоқ-ямоқ бўлганда
елвизакка ип боғлаб Белгидек осмон келсин.

31/3/91

***

Болам касал. Ўзим касал. Оилавий шамоллаш.
Ҳар бурчакдан уҳу-уҳу, ҳар тарафдан хархаша.
Ичларим ҳам бу баҳорнинг осмонидек аралаш –
бир ёмғирнинг шиғиллаши, бир офтобга яраша.

Кулгу куни, йиғи куни – биринчи апрел – найсон.
Бир минг тўққиз юз – Тошкентнинг – тўқсон еттинчи йили.
Пиёлада анор дони, печкада бўм-бўш қозон,
деворда – қўл силтагувчи, чорловчи соат мили.

ирқ уч, қирқ тўрт, қирқ беш... Тунда юз ёшгача санадим,
нафасим шунда узилди, ундан нарёғи – йўтал, –
билмадим нимани кўзлаб, нималарни синадим,
болам тугул, ўзимни ҳам авролмасам лоақал...

Тошкент, 97

***

ҳеч нарса ҳақида ўйлашдан
ҳеч ерда фикрни жамлашдан
ҳеч кимни ўзинг деб танлашдан

ёшларинг сонида адашиб
беш яшар қизчага илашиб
баҳорни баҳордан талашиб

юртингда юртингга бегона
ягона дугона сегона
бариси ёзишга баҳона

бориси яшашга баҳона
бориси ҳечликка элашиб
бориси баргинчи қарашдан...

 

***

Ишчилар уйғонди. Бири шу заҳот
юзини ювмасдан бекат олдида
жойлашган бозорча сари югуриб
икки бонка қатиқ олиб келди-да,
хумори ёзилгач айбдор ит каби
Мен кеча сал кўпроқ олибман... – деди.

Иккинчиси эса: Тинчлан, жигарим,
ҳеч кимнинг бу билан иши йўқ. Отанг
кечаги иккита сигирни кўрса
Ҳа, балли, азамат, энди сут-қатиқ
ўзимиздан экан... – дермиди экан?.. –
дедию, юзидан кўпикни артди.

чинчи - таъвага тухумни ташлаб
оқсиллар яратган кунга маҳлиё,
индамай қувнарди: Олдимда ҳали
эй осмон сингари бепоён зиё!

1987

 

***

Онам билан эндиги муносабатларимизни тушунмоқчи экансиз
мана бир изоҳ.

Бева қолаверган отамнинг учинчи хотини билан сўзлашар экан, онам
бувимни Сочига олиб бормоқчи эканлигини айтди-да –
бу қишлоқи аёл: "Бизга апкемайсизми, ўзим уқалаб
қўяман-та, туппа-тузук бўп кетади!" – деганига:
"Ҳа майлига!" – деб кулиб қўйди-ю ўз иши билан аэропорт-
нинг бир хонасига кириб кетди. Мен ҳам кетларидан
елиб борар эканман: "Менга бу ҳақда айтмаган эдингиз-
ку... Ҳали айтиб берадиган анча нарсангиз бор-а..." – дея
эшик олдида қолдим.

Кутдим.

Онам ҳам бир топшириқ билан бу эшикдан чиқибдими,
мен томонга қаради-да, аста юриб автобус бекатига борди.
Шаффоф эди орамиздаги бор эшиклару, онамнинг у ерда олган дами,
шаффоф эди ўткинчи дақиқадек. Бу орада
автобус ҳам келди. Эсимда бўлса 282-нчимиди-ей,
ҳали темир йўлни кесиб югурсам, мен ҳам етардиму унга,
бироқ эринчоқ офтоб устига ташланган нимчадек
булутлар бир туриб, бир оқар эди бошқа бир томонга.

Айтмоқчи бўлганим, мен югурсам ҳам йўлни кесиб энига,
бўйига кетар эди автобус, йўналиш фарқи эса, билмадим, нечун
тўхтатди мени ҳолсизликда, ишончсизликда, заифликда алланега.
Онам шу-шу кетди бу ёлғон дунёдан, мен эса ҳали ҳам турибман чинма-чин.

1995

 

***

уйқу йўқ...
уғрашиб-уғрашиб эсимга у тушди
хонамга бошладим остона ҳатламай
бадандан чангларни ювайлик дедиму
иккимиз жомгоҳда сувсочқи остида
оҳиста танларни совунлай бошладик
қўлларим сийнага текканда сирпанди
сесканган тик учи бармоғим эсида
киндикнинг атрофин тарвуздек авайлаб
палагин кўрмакдек кафтимни сурдимми
ишқадим ишқадим икки сон ёқалаб
совунни суркадим дўнгликни уқалаб
паҳмоқда бирам-ей кўпирар бу совун
кўпикнинг остида тарвузми ё қовун
у – қизил бу – ширин бир тилим бир тилим
ўқталар пичоғу кесикдек лол тилим...
уйқу йўқ
у суркар совунни сувсочқи остида
лабимда бармоғи лаби – бел пастида
бош тортган пишқирган кишнаган бир отдек
кўпирар ёлғизкўз ушланган муроддек
мен дейман: икки дўст учрашдик холи қўй
соллансин жомҳовуз лиммо-лим сувдан қуй
уй-
қу
йўқ
бошқатдан бошлайман оёғин боғлайман
йўқ пайпоқ-иштонин қўлига чамбарчас
тугунлаб учини ётоққа тортаман
қарши жуфт бурчакка тўпиғин қотириб
қамишда пахтани сиркага ботириб
Исонинг оғзига теккизган ёвуздек
оқизиб ёзаман: бу тушни ҳам буздик!

уйқу йўқ

бўғизлаб сўймоқчи бўлган бир совлиқдек
тўрт бутин бир боғлаб ёнига ётқизсам
орадан пичоғни ниқташгами қасам
ичган ҳув Иброҳим-пайғамбар сингари
бу битмас-туганмас васваса кетида
не ётур: ёрми ё ўзимми ё уйқу? –
деб сўнгги қип-яланг саволга тақалсам...
тан бердим на қилай охири бир қайғу
кечилмас бир қайғу сен тунни кечганда
кўз ёрган бу кундек сесканса бу танда

24.08.95

Б Е К А Т

 

****

Бамберг бошига тушган оқшомда
ҳавони белаган бонглар кетидан
шу қадар сукунат титрарки, шунда
қисилган нафасни тарк этади дам.
Бу дегани ҳаво ерга қўлқопдек
кийилар, ер эса - шу қизил томлар,
шу қора ўрмонлар, шу шўр ва тотли
қўлимда совувчи дўнардек комлар.
Микаэл дўнгида, эҳром ўнгида
қотар велосипед икки кўз янглиғ
бир осмон бир ерга ўйинг сўнгида
балондек мос тушар, фақат бу - янглиш...

Вақт оқимидан

худди ўз бекатингдан икки бекат аввал
автобусда ногоҳ тушиб қолган йўловчидек

тушиб қолишлар бор.

Сариқ япроқ ҳам кузги дарё бўйлаб
оқиб борар экан
бир зумга қирғоқдан осилган шох-бутоқларга
илинади-да, ўзини яна барг билгандек бир сесканиб
оқимида давом этади.

Аммо на бу йўловчи, на бу баргнинг
қаердан келаётганию, қаерга кетаётгани билан
бу тушиб қолишнинг, бу ногоҳ тўхташнинг алоқаси йўқ

мен ҳам кетга боқиб: у ерда ярминг
қолди, – деб ўйласам-да, бир дарё алам
ёпишар ярмимга. У ҳам бир саёқ...

23/9/96

 

***

Барча сўзлар айтилиб бўлганда сўнгида нима қолади?
Ўйқусиз тунми ё етти минг чақирим бу тунда босган йўлингми,
тикилган нигоҳдек қадалган тинглашми, ё сўздек юлинмай,
аксинча, айни пайт ҳар томон тинимсиз оқувчи, ғалати
ҳолатми? Сен ҳаёт, сен тирик, сен ёлғиз, сен бесўз, сен биров
қаламин, қоғозин ишлатиб, факс чала чиқариб донг қотган варрақни
харита – ўз ўлканг чизгисими билан қиёслай бошлагач бир рахна
кўнглингда жўш урар. олгани – бир эваз, бир гаров...

23/9/95


***

умурсқа кўзларим оқшом аралаш палағда
осмонга қарагач, осмондек
улкан бир қутқу, бир қўрқинч кўзимга
осмондан қулаган бир улуғ қаҳқаҳа
каби
не қадар гўзал бу шаҳар-
нинг ҳусну-чиройи не учунки менга
насиб этган экан –
тор кўчалари,
мен унутиб бўлган қадим эҳромлар,
осори атиқа сақлаган дўконлар,
бу толим дарёлар, бу ўксук кўприклар,
йўлларни қоплаган бу тўртбурчак тош...
Буларнинг барига яна мен бардош
бериш учун икки йиллик йўқликдан
қайтдимми? Бу бироз овози толиққан
пашту қизнинг шашти аввалгидек ёш.
Мен билан бир даврда яшар экан у,
масофа, маконнинг ҳеч бир қиси йўқ
эмасми, муҳими – мана шу шаҳар,
мана шу шаҳарда яна ҳар саҳар
юракка урувчи қаҳқаҳамас, бонг, –
телефон китобда қумурсқа рақамлар
сукути оралаб куз отувчи тонг...

17/9/96

Боғ ичида бўш саҳна

Саҳна қимир этмайди.
Дарахт қимир этмайди.
Фақат кўзим жовдираб
манзилига етмайди.

Уч йил аввалги манзил
куз кунидек вазмин, зил,
ўша куни хотиним
қизимга қилиб ҳазил

роса рақсга тушарди.
Дарахт ҳазон тушарди.
Бу ҳазон ерга эмас
юрагимга тушарди.

Яна бир куз. Бўш саҳна.
Юрак совуқ. он яхна.
Ожиз ёлғизлигимга
йўқлик солгудек рахна.

Саҳна қимир этмайди.
Дарахт қимир этмайди.
Фақат эгасиз қайғу
манзилига етмайди.

21/9/96

***

айғудан нарига ўта олмадим.
айиғим урилди қуруқ соҳилга.
айғунинг нарёғи нимаю-нега –
билмадим, билмайин била олмадим.

Чиройга бўкдиму, қоним тинмади.
Чиройдек тавозеъ бўлмади бу қон.
Ҳаммадан айрилган бечора шайтон
жондан инса инди, қондан инмади.

Фаришта ўқитган маъсум Азозил –
мунча зилдек оғир бу юрагимиз?
Айт, сенга қонимми буюрар эмиш
ё қайғум ёрлиқаб бўларми нозил?

Йўқса нечун дарё оққада сокин,
барг тушса дарёга қон қайғуради? –
онимда бир кимса эшкак уради,
қайғуга етса-да, узрга локин...

21/9/96

***

Исминг эсимга тушдию, тушундим:
фақат сенга айтишим мумкин...

Ўзингдан қолар гап йўқ, – десам
бироз бачкана. Ўзинг ҳар қалай
барини биласан-ку, – дегач айтишнинг ҳожати йўқдек.
Майли, қани бир чекадан бошлай-
чи: жума кунлари ишдан кейин ер остида тек
бир ўзинг келажак поездни кутганингда, ё
бу поездда орқа ўтирғичга суқулиб, деразада
ичингдан кўра билмаган титилмиш ва саёқ
кишини кўрасан. Бу – ўзинг. Аламзада
шу онда сен гуноҳ деб билган немисми, португал,
вüетнамми бир қизнинг танида – ерда
топа олмаган маъвони, йўқ – топиш тугул,
қидиришнинг ўзи, биласанми қандай далда...

иймалаб кесилагн руҳлардек заифмиз,
сиртимизни кўрсак ич кўзларимиз шу заҳоти ожиз.
Ана – "Макдоналдснинг" боғчасида майизу-қимиз,
мана – "Шаурманинг" ўтида дўнар-кабоб жиз-биз.

Поезд кетяпти вақтдек, ҳаётдек, фикрдек.
Бу эски бир ўйдир, лекин оғриғи ҳар сафар янги.
Гуноҳларга кўмилиб кетдик ҳаммамиз бирдек:
сафоларнинг энг тозасию, фосиқларнинг энг энги.
Йўқ, баримиз гуноҳдами, дўзаҳда бирлашайлик деётганим йўқ,
ҳолбуки, дўзаҳни кутиш дўзаҳда яшашдан-да дўзаҳ, -
шунчаки, ўлимга маҳкумдек валжирайман: бу қамоқ
бошқа мумкин турмалар орасида мунча зах!..

Исминг эсимга тушдию – ичимга қамадим...

20/2/94

***

ушлар учар ҳар тарафга,
дарахт эса туради.

Бу сўзлардан не дарахтга?
Ё не қушга? Орада
яна ўзим бу сўзларга
ҳам бало, ҳам гирифтор:
жоним интилгач сизарга
таним ўз-ўзига тор.

Бу фаслга сиғмас ақлим,
бу шаҳардан қочар хуш.
Мунча наму зах бу иқлим,
мунча кун нангу хомуш?!

Мен бу ерда яшолмайман,
мен бу ерда унмайман,
ўша читтак, ўша майна
каби унга қўнмайман.

Майдонларда қиз кутаман,
кутган қизим – бегона.
Мен кетаман, мен кетаман,
бу ҳам бир нав баҳона.

ушлар учар ҳар тарафга,
дарахт эса туради.

Бу сўзларим на дарахтга
ва на қушга яради...

Тошкент, 97

***

Бир тутам шамолдан
энг тоза толани суғуриб

денгизда энг тоза оқимга
уни тут

ё гулхан ўтидан энг сара
энг тоза гулингни

олгину ўзингни энг аъло
мурдалар
тўпланган ерда кут...

1990

***

Бу ернинг сойлари музлади. Ўрмон
силжимас, қорларга тиззаси қадар
ботиб. Ана у улкан арчалар
шохларини енгил қор билан безаб,
билмадим ким учун мунча чиройли?
Уларнинг пойида илашиб юрган
ўз-ўзим, ўз фикрим билан овора,
наҳотки мен етсам ўрмоннинг жим-жит
қишки
ёлғиз
етим
сўзсиз қадрига?
Ҳа, майли, агар мен қишга ифода
топган тақдирда ҳам, дарахтлардан қурт
терган қушдек: сўзим – катак дафтарда,
қиш эса, сой эса, сукунат эса,
дўнгликдаги жим-жит арчаю, менинг
ҳар галгидек тасодифий, сабрсиз
қарашим, мен ўзим, ўйларим эса
қайси ўрмонларда қайси назарнинг
кўз ёшида музлаб, қайси чиройни
англай олмай гангиб қотар бир нафас?
Шундай экан, кўздан четда ҳалиги
қор устида ётган баргнинг кўрлиги
менинг кўрлигимдан ортиқча эмас...

1988, қиш

***

Ана у –

кўчанинг охиридаги оқ уй

кетингга қарасанг сен йўқ –
кетибсан
олдингга қарасанг сен йўқ
келмабсан –

фақат у –
жазирама жилваси каби
кўча бошидаги оқ уй

айт:
кўзларингга сув қуйиб
икки дунёдан тўйиб
нигоҳингни ўстиряпсанми?

1988

Ш А Ф Ф О Ф

***

Манзара, манзара, манзара

Тўртбурчак қоронғу ойна.
Тунги жомадаги акс. Осмонда эртага
тўладиган ноқис ой. Туман фанорлар
атрофида қуюқлашмоқда.
Бу ой нурида қоп-қора, қоп-қора
осилиб турган шохлару барглар.
айиннинг осилган шохию барги.
Узоқда чироқлар. оп-қоронғу тун....

2.

Ойна. Сўнг акс. Сўнг шоху-бутоқ.
имир этмас сўлғин қоп-қора барглар.
Кейин бирдан хонам -
эшикнинг аксида - ундан нари туманда
оёқсиз чироқ.
Уч стакан чироқ. -
Тўртинчиси яна шипда, хонамда
осилган чироқнинг аксию, тепароқ
қимир этмас қора майда баргларга
бурканган - тиш оғриқ каби қийшиқ ой...

3.

Туман қуюқлашиб чироқ чинқирар.
Лекин қимир этмас қоронғу барглар.
Тўртбурчак ойнадан қадим расмдек
ўз аксим ўзимга узоқ қарайди...


4
..............

буларда маънони излаш не ҳожат,
буларга маънони қўшиш керакми? -
куз жонимдек тинчми, ё жонсаракми,
бу акслар ортида ким кимга нажот? -
деб қора баргнингу сўқир чироқнинг
тинчлигин тинч қўймай, қонимга булаб,
ўз кузги аксимни уларга улаб
илинсам қармоққа ўша сўроқнинг...

25-26/9/96

Этюд

Ой йиқилди, кун қоқилди, ерга ёғдим қор бўлиб
ёрга ёлвордимки зора зор сўзидин зор бўлиб

кўнглимми йиртиб қоғоздек учди кўкда ғозлар
ёр кетар парлар босиб, бу ўлдиришми, нозлар

йўл бўғилди, ел тиқилди, ёр йўқолди кўздан
бу нечук жонки, талошар қийлу-қолу сўздан

куз куни олмон элинда ёр деган ким-ким эди
эй Навоий, эй ҳавоий, эй равоийнинг диди...

16/9/96

***

Бу чиройни баҳам кўрмайман.
Ишонмайман уи ҳеч кимга.
Кузги қуёш – дарахт оралаб
тегар-тегмас юрган мўйқалам –
япроқларни аста бўяркан,
кузги гуллар ҳали ҳам жасур –
ўз рангларин бермайди кузга.

Намиққан дарахтнинг қора пўстлоғин
қоп-қора олмахон тез-тез чайнайди.
Лекин бошқа нарса мени қийнайди –
буларнинг барини кимга айтяпман?
Кимга ишоняпман бу чиройни мен?

Ё Оллоҳ, нақадар чиройли қилиб
яратибсан бу дунёни Сен...

Валасапид шиғиллаб учар.
Сариғ барглар ғилдиракларга
ёпишар. Танлашнинг ҳеч ҳожати йўқ –
ғилдирак айланар, айланмайди ўқ, –
сўзлар ҳам, фикрлар шундай эмасми?
Шамолда айланган баргларнинг расми.
Лекин ҳеч силжимай тикилади кўз.
Расмкаш "шиқ" этмас, давом этар куз,
нам ерга босилган кетишнинг изи,
капалак қуёшу, туннинг қўнғизи,
гулхайри, гултожу бинафша жўри
тугамас, бу куннинг пешона шўри
токи шеър битмайди, шу чиройга мос.

Лекин бу қизиму ўғлимга мерос...

***

Осмонни силкитган шамолнинг бошига шовуллаб
тушган тош довчаю, қарсиллаб синувчи шол шохлар
остидан қочганда қув шамол, қозонда лим шовла
биқирлаб қайнашга тушдию, вишшилай бошлади ўчоқлар.

Ёмғирнинг чилчўпдек чангларни қорувчи қадами
кампирлар кўрпага пахтани саваган шолчада
бир зумга тиндию, чамалаб савади садани,
чангини барглардан бўғчалаб тугди чилон жийда.

Тарновнинг тагида занг босган пақирнинг оғзидан
бум-баклаб ноғора гупурди, оғилда маъради карнайлар...
Ҳўл пахса деворга бош қўйиб йиғловчи тул одам
шаклида қари тол келинчак бўла олмай найлар?

Супурги ҳидидан юзини ўгирди гултожи,
шалаббо ҳовлида, ариқнинг бўйида обдаста
бу лойқа сувларнинг, жаланинг базмига муҳтождек
чурқ этмай турарди ўзича сипоҳу ораста.

Шамолнинг кетидан қувлаган шопмўйлов булутлар
қайтмади. Уфққа ўчоқлар қаланди. Тўй кетди.
Кул сепик шолчада акс этди камалак шох-бутлар
ва ё бу тўсатдан уйғонган болакай туш этди...

11/2/90

***

Кечалари...Кечалари тунги оқимдан
кечиб ўтиб тошлоқ соҳилга қадам қўйган
мусофирдек ялангоёқ мармар ғишт бўйлаб
уч-тўрт қадам босгач чироқтугмага қўлинг
текканида: ёқсамми ё ёқмасамми деб
сув буроғин очасану шуввиллаб тушган
сувдан икки қатра икки бармоқ учида
кўзларингга суртасан-да тошойнага бир
назар ташлаб ўз ўрнингга – очилиб қолган
қизалоқни йўл-йўлакай ёпиб – қайтасан.
Уйқу ўчди. Ҳижрат қилган хожидек энди...
........................................

2
Нелар қилдинг бу дунёда? Бутун кечмишинг
бир хаёлга сиғса. У ҳам бўлса оқ-қора
сурат каби: ҳам бир қатлам, ҳам содда бичим:
бу, бу, бу, бу – бундан на кўп ва на юқори...
Не қиларсан бунда йўқса на тин, на юпанч?
Бу суратлар йиғиндиси саҳардек сарғиш.
Деворлардан тўкилдими оҳор каби ганч,
остонада нураларми тошдек қора ғишт?..
Боқ: бу – Карим, бу – Чашма-сой, бу – тоғ, бу – Сирож,
бу – елвизак, бу – сен бола, бу - бўртган курак...
Нелар қилдингки дунёда, бу тушни кўргач
вайронадек,
пишган тутдек
тўкилса юрак?...

1988

Б Ў Ш С А Ҳ Н А

***

Отлар депсаб ўтган лой-балчиқ чимда
эзилган ўт чизмиш из сочимида
қоронғу сўзларда сўқир ичимда
тасодифдан ортиқ бир нарса борки

модданинг номланмас ва тарқоқ жисми
дарахтнинг сояси соянинг расми
расмнинг аксию бу акснинг исми
ўт каби сув каби чақирар балки

еру-тошдан аввал туғилган ҳокни
тўзитиб парвона на нури покни
на зулмат донидек юлдуз тарёкни
топмасдан руҳларга қилгандек тақлид

юпанчсизлик сенга қидирамиз ном
бир ҳўплам сувмисан ё бир бурда нон
ё гирди дарвешга ўлимдек инъом
топилгач ноқису йўқолгач яхлит...

24/5/96

***

Нечун қизарди юзунг қип-қизил анор янғлиғ
Чўлпон

Анор гулим, ёнор гулим,
қалбимдаги нор гулим...

Саратон ярмида, куннинг ҳам энг иссиқ пайтида
эринчоқ арилар ҳавони ҳар томон торталар.
Бу таранг ҳавода ғайратли чумоли қайтага
бир чўпни орқалаб, сояни қувалаб ўрмалар.
Ялтироқ баргларнинг туркона кесилган кўзлари
кунга тик қарайлар, уларнинг буёғи ям-яшил.
Бу ёқда бояги зувиллай бошлаган бол ари
қабоққа чаққандек, кўзларим чечакдан қамашур

Анор гулим, ёнор гулим...

Бу қийшиқ шохларда, бу қуруқ боғларда гуллабсан,
бетларинг гоҳ қуёшдек қизил, гоҳ ойдек оқ, анор!
Бу шоҳи кўйлагинг гул билан, барг билан безабсан,
оҳ, анор!

Келмишинг офтобда қовжираб қуришин билдингми,
нечун сен оқардинг, нечун сен қизардинг, қиз гулим?
Ё ўшал келмишга кўксингни тиғ билан тилдингми,
юрагинг ўтини сочдингми, куйдими чўғ тилим?

албимдаги нор гулим...

Менинг ҳам юрагим қовжираб чўлларда сен янғлиғ,
менинг ҳам юрагим дардини яшириб тугади...
Бу чоғда, бу боғда пистоқи кўзингдан уялиб
қизорган тилимда энг юмшоқ ёзги сўз тугади.
Хоҳла ёр кўксимни, хоҳла ёз қалбимни, хоҳла – эз,
бу ёруғ пўчоғдан чиқмаса садафдек соф тери,
ол қоним, ол доним, ол жоним, – бари бир сўнгги кез
ҳар бири мум катак, тишласам барида бол... ари...

1988

***

Даҳшатимнинг киприклари қарғадек қанот
қоққанида, оппоқ қорлар тўзиб, изғирин
суякларим қувурида ғуввиллаган пайт
ой нурини сўриб сўнар тун қорачиғи...

Ана шунда уввиллайди очкўз қашқирлар,
бўш қалбимда тентирайди чия бўрилар...

Ёнган дилим кўпригида тойиб кетган от
томирларим оқимидан ҳуркиб, кўз қирин
бир ҳовуч қум – юлдузларнинг соҳилига қайд
қила туриб, ташлайдию, сўнади чўғи...

Ана шунда увиллайди очкўз қашқирлар,
ҳок-руҳимни титкилайди чия бўрилар...

Ана шунда пок руҳимнинг дарбадар исми
вақт қаърига қайта олмай қолган ажалдек,
сен тишлаган гул нафаснинг ёлғон исини
армонларим даштларига сочар азал деб...

Ана унда уввиллайди очкўз қашқирлар,
йўқ жонимни ғажилайди чия бўрилар...

1988-1989

***

Овунчоғинг овутмас сени,
қайдам, нечоғ совуди кўнглинг?
Булутларнинг титилган ини,
ҳар кўлмакда илон-из йўлинг.

Ўтмиш, ўтмиш, шубҳасиз ўтмиш...
Борса-келмас соат қўлингда.
Шовуллайди шамолми, қамиш,
энди сен ҳам камида инда
ё миқ этма кет-кет сўраса,
музла, тиз чўк, аразла, тон, бас –
бу ҳаётнинг сиру-сираси
жилла қурса шеър ёзиш эмас...

1991

***

Тайёргарлик кўрдингми, баҳор?
Яна бир бор кириб келсам-чи –
жилғаларинг оқарми, баҳор,
сиёҳимдек – қалам учидан?

Тайёргарлик кўрдингми, баҳор,
нафасларинг ўпкамга тегиб
дафтаримнинг барглари бирдан
тўзиб кетса ҳаприқмайсанми?

Тайёргарлик кўрдингми, баҳор,
сени навжувон деб тушимга
олиб қочсам, ёшман-ку дея
мендан аразламайсанми сен?

Орқамда қалашиб ётган ҳодисалар
биз эдик сени кутган баҳор десалар,
тақ-тақ қалбим қадами остида депсалар
ўкинчимнинг унда оти нимадир, баҳор?

***

Тошкентнинг баҳор ёмғири
сўз қидиришим керак уни тасвирлаш
учун у эса сўз қидирмайди
шитирлайди чанг ҳиди хотирамда
босилгану юрагимда қўзғолон
чанг ҳиди шумшайган чинорлар
йиғлаган қизчалардек гуллари
бўккан ўригу олчалар намиққан
деворлар - қалашади сўз
лекин у енгил у етиб бўлмас
нафасдек чанг ҳидидек
чанг ҳидидек кераксиз Тошкентнинг
баҳор ёмғири

Кун ботишда сарғайиб қўйган осмон
каби нега қариганим сари тутиб бўлмас
бу чанг ҳиди нафасимда
босилган чангнинг ҳиди...

11.2.95

 

***

не қадар осон келиб осон йўқолди кайфият
бу баҳор тонги билан шу шомародекми ҳаёт

билганим не бўлдию йўқотганим не бўлди-я
топганимни кеча деб билмаслигим ёрин дея

эрталаб чиққан уйимдин уйга қайтдим кечқурун
ўша-ўша сўнг-кейин аввал эса доим бурун

бир умр кечдими ёки бир сана ё сония...
Ҳаҳ болам, тушда кўриб мунча соғиндим сани-я!

***

Юрагим, урилган ит каби
намунча ғинғшийсан, намунча?
Ҳар зарба – айрилиқ лақаби,
ҳар таёқ – йиғлаган камонча.

Беҳуда, зое бу соатлар
ит каби қаровсиз ҳаётми,
ит эса ўткинчи бу отлар
ичида қадалган бир отми?

Мен кеча йўлиққан ҳад шуми,
бу қизнинг шум........
..........................
..........................

***

Аёл севиш осон бир севги.
Аёл ҳажри - ўткинчи фироқ.
ўпол қилиб айтганда – с...б
қутуласан саробдан. Бироқ

оққан дарё, сарғайган дарахт,
асрлардан кўкарган ғиштлар –
нима ҳақда экан бу карахт-
лигу, ўзни кимга бағишлар?

Найлай каллакланган бу тутни,
расмдан ҳам шамол уфурса?!
Бу далалар эслатмас к..ни,
эмчаклардан майинроқ майса...

Аёл севиш лаззатли азоб
эрурса-да – бедаво қийноқ
бу аёлсиз куз, бу бўш фазо,
бу шамолдан тўзиган қайноқ...

28/9/96

***

Тюилри боғининг йўлакларида
келгинди загилар тонгда жунжукиб
ясама қушларни учирар экан
мен эса эслардим сенинг исмингни

оҳак уқаланиб пойига тушган
тош аёл бир даста оқарган гулни
уч аср шамолдан асраб турган пайт
мен ҳамон эслардим сенинг исмингни

мен балки эслардим сенинг исмингни
о қора дарахту оқ шаффоф ҳаво
лекин бу етимлик қуш каби мени
чорлади тош каби қилди бедаво...

1988, куз

***

Эски Бамберг, эски Йорк, Эски Бинкат,
тўққиз аср нимаю, ўттиз беш йил нима?
Ҳаёт вақтга ем бўлса, вақт хотирамга овқат,
ҳаёту хотирам эса бир қошиқ қон кўнглима.

Айтмоқчи бўлганим – қайси бир ошхонада
орқамдан урувчи баҳор шамолидан беркинсам ожиз,
бутун йиққанларим парча-парча бўлиб шу онда
кўм-кўк майса ичида тош вайроналаргами эгиз?

Тошлар кўкариб, моғорлаб, туролмаса вақтга қарши,
хотирам бардош бера олармиди тўзитувчи бу елга?
Ўтмишим, бир қошиқ қонимдан кеч деб, бир қошиқ
бу зумнинг илиқ қултумини сочаман бу ерга...

22.2.95

***

аниқлик, тиниқлик, мусаффо
равшанлик тилагач, булғанган
фикрлар ичидан танланган
бирида тўхтайман
мосуво дунёдан ўтганда
аросат арзига етганда
тарозу тошига ётганда
савобу гуноҳлар килолаб

негадир тарозбон наздимда
бир пахта даланинг чекида
тракторнинг приöепи ёнида
тургандек этакни салмоқлаб

майли-да, болалик эмасми,
этагда тўрт кўсак, бир кесак –
чўрт этиб кесади нафасни –
Нўл! – дейди, қанчалик ялинсак

ҳай инсон, тургани пахта-ку!
Йўқ! – дейди, кўнмайди, ўқрайиб,
узоқда шафақнинг патаги –
аросат туради қорайиб...

***

айси сўздан бошлай? Бўм-бўш қозондек
осмонними дей, ё шаффоф кунни?
Бу таомга ўт ҳам қаланмас, ёғ ҳам
қуйилмас. Шаҳарда, сокин боғчада
эринчоқ каптарлар сайридан сапчиб
учаркан, кетидан биринчи ҳазон
ҳам қалққач, бемажол ерда қолади.
Арчилган пиёзнинг аччиқ анқиши
ўтларнинг остида, барглар устида...

Янги куз, янги куз, кўзни мендан уз,
тикилма бу қадар юрак қаъримга,
бу юрак ғам ея-ея қариган,
бу ғам эса – кўзга тушган чимдим туз.

Озгина шамолу, бироз мунгли куй,
сўнгра ёзнинг сўнган ўтларида куй...

1995, куз

наверх


SpyLOG

FerLibr

главная   |   на сайте   

© HZ/ DZ, 2000-2001